Анъанавий турмуш тарзи ва табиат ҳодисаларига замонавий қарашларнинг шаклланиши узоқ, айни пайтда, мунтазам давом этадиган мураккаб жараёндир. Бунда касб-кори, ижтимоий мавқеидан қатьи назар аҳолининг барча қатламларида экологик маданиятни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Ёш авлодда экологик маданият тушунчасини шакллантириш мақсадида ёшларга табиат, ер, ерости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, табиий ресурслар, жонли табиатнинг генофонди бойлигини сақлаб қолиш, кишиларнинг яшаш муҳитини, табиатдан оқилона фойдаланиш, уни асраш билан боғлиқ миллий қадриятлар, анъаналар, удумлар, шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш борасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида маълумотлар берилади. Бундан ташқари, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда экология тизимлари, ланд­шафтлари ва ноёб табиат объектлари хилма-хиллигини сақлаб қолишга, Халқаро "Қизил китоб", Ўзбекистон "Қизил китоб"и хусусида маълумотлар беришга йўналтирилган амалий тадбирлар фуқаролар онгида атроф-муҳитга нисбатан оқилона муносабат шаклланишига хизмат қилмоқда.

Мустақиллик йилларида экологик муаммоларни бартараф этиш ва уларнинг салбий оқибатлари олдини олиш борасида муайян тажриба тўпланди. Бироқ, соҳадаги вазифаларнинг миқёси ва кўлами мамлакатимиз ва минтақамизда экологик муҳитни соғ­ломлаштириш муаммосини комплекс ҳал этишда давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни талаб этади.

Айни пайтда, жамоатчилик эътиборини атроф муҳитни асраш ва уни ҳимоя қилиш масалаларига қаратиш ғоят долзарб муаммолардан биридир. Шунга кўра, кишиларда атроф-муҳитни асраш маданиятини юксалтириш давлат бошқаруви ва маънавий-маърифий муассасалар фаолияти диққат-эътиборида бўлмоғи лозим.

Ўзбекистонда таълимнинг барча босқичларида экология фани ўқитилмоқда. Бу фан тирик организмлар яшаш шароити ва уларнинг ўзи яшаб турган муҳит билан ўзаро мураккаб муносабати ҳамда шу асосда вужудга келадиган қонуниятларни ўрганади. Ҳозирги даврда технологик тараққиётнинг атроф муҳитга таъсири натижасида экологик маданият тушунчаси тобора кенгайиб бормоқда. Биз "экология"ни асраш ва "табиатни муҳофаза қилиш" ибораларини кўп қўллаймиз. Хўш, бу тушунчалар ўртасида қандай умумий жиҳат ёки фарқлар мавжуд?

"Табиатни муҳофаза қилиш", деганда биз табиатни яхлит ҳолатда ёки унинг ер, ҳаво, ўсимликлар дунёси, ҳайвонот дунёси каби айрим компонентларини муҳофаза этишни тушунамиз. "Экология" ҳам бу функцияларни ўз зиммасига олади. Бироқ, у барча тирик жонзотларнинг яшаш муҳити, уларнинг ўзаро муносабатларини ўрганувчи табиий фанлар қаторига киради. Демак, "экология" ҳам табиат, ҳам инсониятни барқарор хавфсизлигига қаратилган таълимотдир.

Халқ экологик онгини ривожлантиришда табиатнинг бир бутунлиги, барча ҳодиса ва жараёнларнинг ўзаро боғлиқлиги, атроф-муҳитга муносабатни ўзгариши биосфера ҳақидаги таълимот органик олам эволюцияси, табиатдаги барча жараёнлар асосини кимёвий, биологик ва физик жараёнлар бирлиги ташкил этишини тушунтириш муҳим.

Умумий дунёқарашнинг таркибий қисми бўлган экологик маданият кенг ва тор маъноларда тушунилади. Кенг маънода экологик маданият инсониятнинг ижтимоий-тарихий амалиёти жараёнида атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган моддий ва маънавий қадриятлар мажмуасидир. Тор маънода эса кишиларнинг амалий ва назарий фаолияти, табиатни муҳофаза қилиш борасидаги маданияти деб қараш мумкин.

Экологик маданият мураккаб ва серқирра ҳодиса сифатида ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларига дахлдор. Ўз навбатида жамият ҳаётининг ҳар қандай соҳасини ҳам экологик маданиятнинг ривожисиз юксалтириш мушкул. Бундай ҳолат экологик маданиятнинг ижтимоий хусусиятини, унинг ривожланишининг ижтимоий белгиланганлигини кўрсатади. Шундай экан, экологик маданиятга аниқ-тарихий ёндашувгина унинг моҳиятини тўғри тушуниш имконини беради.

Шу маънода экологик маданият муҳим ўрин тутади. Замонавий экологик маданият тарихини илмий таҳлил этишнинг янги назарий-услубий асосларини, аниқ амалий воситаларини ишлаб чиқиш муҳим вазифа сифатида қуйидагилар эътироф этилиши зарур:

- экологик маданият шаклланишининг бос­қичларини ўрганиб, уни ривожлантиришга доир назарий, амалий ва методологик тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат;

- экологик маданий мерос ривожида ворислик муносабатлари ва уни ривожлантиришнинг усул ҳамда воситаларини кўрсатиш.

Аждодларимиз қадимдан табиат унсурлари ҳисобланган ер, сув, ҳаво, оловни эъзозлаганлар. Афсуски, технологик тараққиёт оқибатида, айрим анъаналар унутилмоқда. Шу сабабли ўзбекларнинг экологик маданиятига оид, атроф-муҳитдан оқилона фойдаланиши билан боғлиқ маросимларни янада чуқурроқ ўрганиш, моҳиятини англаш бугуннинг долзарб вазифаларидан биридир.

Хулоса қилиб айтганда, замонавий экологик маданиятни юксалтириш мақсадида илмий иш олиб бораётган эколог, географ, этнолог, социолог ва ҳуқуқшунос мутахассислар фаолиятида тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш, халқнинг экологик онгини янги босқичга кўтариш зарурати туғилди. Шу боисдан, мазкур муаммоларнинг республика ижтимоий ҳаёти учун аҳамиятли эканлигини назарда тутиб, унинг амалий жиҳатига ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим.

Беҳзод ИСҲАҚОВ,

Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг "Ижтимоий фанлар"

кафедраси катта ўқитувчиси.