"Тарихида ҳали ёзиб тугатилмаган саҳифалари мавжуд бўлган халқ бахтлидир", деган эди шотландиялик тарихчи ва файласуф Томас Карлейл. Ана шу бахт­ли халқимиз бой ва фахрланса арзугулик тарихига эга. Инсоният тамаддун бешикларидан бири ҳисобланган ватанимиз ҳудудидаги қадимий шаҳарларимиз бунга яққол гувоҳлик беради.

Ўзбекистон диёрининг энг қадимги қадамжоларидан бири ҳисобланган, бугунги кунда ҳар бир тарихчи томонидан чуқур ўрганилаётган Ахсикент ҳақида қанча кўп маълумот билсак-да, янада қизиқишимиз ортиб, шунча ўргангимиз келаверади.

Қадимшунослар томонидан "Фарғона Афросиёби" дея тарифланган Ахсикент Наманган вилоятининг юксак тарихга эга бўлган ёдгорликларидан бири ҳисобланади. Манзилгоҳни қазиб ўрганган олимларнинг маълумот беришича, Ахсикент милоддан аввалги III асрга оид энг қадимий шаҳарлардандир.

Ахсикент ёзма манбаларнинг гувоҳлик беришича Фарғона водийсидаги энг кўҳна шаҳар ҳамдир. Хусусан, буюк бобомиз шоҳ ва шоир З.М.Бобурнинг "Бобурнома" асарида ҳам Ахсикент ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган. Шаҳар ўрта асрларда ҳам ўзбек давлатчилиги тарихида жуда кўплаб салтанатларнинг пойтахти бўлган. Ахсикент 1620 йилда рўй берган зилзилада бутунлай вайронага айланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ 2017 йилда Ахсикент тарихий ёдгорлигини асраб-авайлаш ва тадқиқ этиш, унинг ҳаққоний тарихини яратиш бўйича улкан ишлар бошланди. Шаҳар харобалари бугунги кунда қайта юз очиб, "очиқ осмон остидаги музей" сифатида фаолият юритиб, кўплаб сайёҳларга мезбонлик қилмоқда. Хусусан, бугунга кунгача Белгия, Покис­тон,   Австрия, Япония, Жанубий Корея, Россия, Ҳиндистон каби давлатлардан сайёҳлар ташриф буюрган.

Ахсикент - буюк тарихимиз кўзгуси. Боболаримиз яшаган, қаҳрамонликлар кўрсатган бу манзилда жуда кўплаб ўтмиш далиллари бор. Ҳозирда ҳар бир ёш авлод Ахсикент ва шу каби тарихий обидаларимизни яқиндан билмоғи, улар ҳақидаги тарихий маълумотларга эга бўлмоғи лозим деб ўйлайман. Зеро, тарихсиз келажак йўқ.

Садоқат РАҲИМОВА,

Тўрақўрғон туманидаги 24-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси.