Умр - бебаҳо неъмат. Унинг ҳар бир лаҳзаси қадрли. Ҳаётлик пайтида элига сидқидилдан хизмат қилган, эзгу амаллари билан яхши ном қолдирган инсонлар хотираси асло унутилмайди. Убайдулло Абдуллажонович Ҳоджиматов ҳам ана шундайлардан бири эди.

У 1952 йил 25 март куни Наманган шаҳрида ишчи оиласида туғилган. 1975 йилда Андижон давлат тиббиёт институтини муваффақиятли тамомлагач, Наманган шаҳридаги тез тиббий ёрдам бўлимида жарроҳ-врач бўлиб иш бошлади. Сўнг вилоят кўп тармоқли шифохонаси 2-жарроҳлик бўлимида врач-ординатор, кейинчалик бўлим мудири сифатида фаолиятини давом эттирган. Йигирма йил мобайнида, яъни 1979 йилдан 1999 йилгача вилоят кўп тармоқли шифохонаси хирургия бўлимида шифокор ва бош шифокор лавозимларида ишлаган эди.

2000 йилда вилоят кўп тармоқли шифохонаси Президент Фармонига кўра Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалига айлантирилди. У Ҳоджиматовга янги ташкил этилаётган филиалда қурилиш таъмирлаш ишлар боришини назорат қилиш вазифаси юкланди. Ташаббускор ва фидойи раҳбар янги тиббиёт муассасаси бинолари замон талаблари даражасида реконструкция қилиниши ва энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳозлар билан таъминланишига эришишда жонбозлик қилган эди, ўшанда.

Аҳолига тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишга ихтисослашган РШТЁИМ филиали фойдаланишга топширилгач, Убайдулло Абдуллажонович муассаса бош шифокори лавозимига лойиқ кўрилди. Соҳа жонкуяри узоқ йиллар ичида, то умрининг охирига қадар зиммасидаги шарафли вазифани сидқидилдан адо этди. Даволаш ишларини юқори даражага кўтаришга баҳоли қудрат ҳиссасини қўшди. Шифокор сифатида юзлаб беморларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Тажрибали жарроҳ ўнлаб ёш мутахассисларга устозлик қилди. Уларнинг камолотга етишлари учун қимматли маслаҳатларини асло аямаган эди.

Убайдулло Ҳоджиматовнинг тиббиёт соҳаси ривожидаги кўп йиллик самарали хизматлари муносиб баҳоланган. 2002 йилда II даражали "Чегара қўшинлари аълочиси" ва 2007 йилда "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

- Биз Убайдулло акадан жуда кўп нарсани ўрганганмиз. Тартиб-интизомни ҳамиша жойига қўярдилар. Бирор бир топшириқ бажарилмасдан қолмасди. Соҳага оид ҳужжатларни беками кўст юритганлар. Нимани сўрасак, дарҳол топиб берардилар. Даволаш ишларини тизимли ташкиллаш устаси бўлганлар. Дори-дармон заҳираси-ю, нарх-навосигача ёддан билганлар. Хотиралари ўта кучлилигидан кўп минг кишилик филиал ходимларининг барчаси исми шарифини эслаб қолардилар. Юксак одамийлик фазилатлари билан жамоага намуна эдилар. Тўйми, совуқ мараками ҳаммасида иштирок этишга вақт топганлар, - дейди РШТЁИМ Наманган филиали директори Аброржон Алижонов.

Таниқли шифокор турмуш ўртоғи Моҳирахон опа билан беш нафар фарзандни вояга етказган. Улар оталари каби юрт равнақи йўлида астойдил хизмат қилишмоқда. Катта ўғил Мухторжон Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати. Мақсуджон эса вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси бошлиғи ўринбосаридир.

Юрт ҳурматини қозонган, касбига садоқатини амалда намоён этган, бой тажрибаси ва юксак инсоний фазилатлари билан жамоанинг устунларидан бирига айланган Убайдулло Абдуллажонович ҳаёт бўлганида бугун таббарук етмиш ёшини нишонлар эди. Афсуски, бешафқат ўлим икки йил аввал орамиздан олиб кетган.

Яхшилар ёди асло унутилмайди. Унинг хайрли ишларини шогирдлари астойдил давом эттиришмоқда. Тажрибали шифокор яратган жарроҳлик мактаби янги авлод вакиллари учун тобланиш сабоғини бермоқда. Ҳамкасблари устоз изидан бориб, халқимизга сифатли ва малакали хизмат кўрсатиш учун тинмай изланмоқдалар.

Абдулла ҒОЗИЕВ.