Маълумки, юртимиз тарихида ўчмас из қолдирган шахслар талайгина. Булар жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ривожланишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган инсонлар ҳисобланишади. Давлат архивида шундай юртдошларимиз номларини абадийлаштириш, халқ учун қилган хизматларини келажак авлодга асосли тарзда етказиш, аждодларимиз ҳаёт йўлларини ўрнак сифатида кўрсатиш мақсадида уларнинг шахсий фондлари мавжуд. Бу фондга уларнинг умр йўллари, меҳнат фаолиятлари, эришган ютуқлари тўғрисидаги маълумот ва фотосуратлари киритилган.
Бугун вилоятимизнинг илк шифокор аёлларидан бири Мукаррам Аҳмадбоева ҳақида ҳикоя қиламиз. Вилоятнинг биринчи олий маълумотли шифокор аёли Мукаррам Ғуломовна 1924 йилнинг 17 июлида Наманган шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. У 21-мактабда 7-синфни тамомлаб, "Медрабфак" деб номланган тиббиёт ишчилар билим юртида таҳсил олади. Сўнгра 1940 - 1945 йилларда Тошкент тиббиёт институтида ўқийди.
Даволовчи врач дипломи билан Наманганга юборилади. 21 ёшли врач қиз ўз фаолиятини Косонсой тумани касалхонасида бош врачликдан бошлайди. Ўша пайтда мутахассислар саноқли эди. Транспорт йўқ. Қишлоқ ва маҳаллаларга отда ва отаравада бориб беморларга хизмат кўрсатиларди. 1947 йилдан уни вилоят санитария-эпидемиология станциясига бош врач этиб тайинлашади. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир шароитда юқумли кассалликлар авж олаётган паллада аҳоли тиббий маданиятини оширишга устувор аҳамият берилган. Касалликларнинг олдини олиш ва санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш мавзусида тарғибот тадбирлари муваффақиятли йўлга қўйилишида унинг ташкилотчилик салоҳияти катта аҳамият касб этган.
М. Аҳмадбоеванинг таржимаи ҳоли билан танишар эканмиз, уруш асоратларини тугатиш жараёнлари ғоят қийинчиликлар билан кечаётган бир пайтда унинг даволаш ишлари билан бир вақтда ҳаммомлар қуриш, аҳолининг шахсий гигиенасини таъминлашга эришиш учун хўжалик ишларига ҳам жалб этилганини англаймиз. У Наманган шаҳар ва вилоят соғлиқни сақлаш бўлимларида масъул лавозимларга тайинланганида ҳам фидокорлик намунасини кўрсатган.
Фаол аёл турмушга чиқиб, фарзандли бўлганида ҳам ўзини тиббий хизматнинг қайноқ жараёнларидан узолмади. 27 ёшида Соғлиқни сақлаш вазирининг оналар ва болаларни муҳофаза этиш соҳаси бўйича ўринбосари лавозимига тайинланади. Урушдан кейинги даврда туғилиш сонининг ўсгани ҳисобига болалар саломатлигини асраш муаммолари ҳам ортиб кетганди. У мавжуд масалаларга ечим излаш учун астойдил изланди ва интилди.
Кейинчалик М.Аҳмадбоева Тошкент врачлар малакасини ошириш институтига ишга ўтказилади. Ниҳоят Наманган шаҳар болалар касалхонасига раҳбар этиб юборилади.
1959 йилда М.Аҳмадбоева Наманган тиббиёт билим юрти директорлигига тайинланган. 20 йил мобайнида таълим муассасасининг моддий-техника базаси мустаҳкамланади. Унинг бевосита раҳбарлигида 2 та ўқув биноси, 2 та ётоқхона, ошхона, спорт зали қурилди. 10 мингдан зиёд ўрта махсус маълумотли тиббиёт ходимлари тайёрланди.
Кўп йиллик самарали хизматлари учун М.Аҳмадбоевага 1980 йилда "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган врач" фахрий унвони берилган. 3 қиз ва 1 ўғилнинг онаси , кўпсонли невара ва эвараларининг ардоғида яшаган шифокор аёл кўксини "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони ва қатор медаллар ҳам безаган.
Турмуш ўртоғи Жалол Жамолов ички касалликлар бўйича врач эди. Фарзандларидан - ўғли Эркин Жалолов фармецевт, келини Зоҳида Йўлдошева ҳамшира бўлиб элга хизмат қилишмоқда. Қизлари уй бекаси, ували-жували.
М. ТУРҒУНОВА,
вилоят давлат архиви
етакчи архивчиси.