(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда).
Шуни ҳам эслаб ўтиш жоизки, вилоятда тиббиётчи кадрлар ҳали ҳам аҳоли сонига нисбатан кам эди. 1980 йили 2600 нафар врач ҳамда 8200 нафар фельдшер ва ҳамшира халқ саломатлигини сақлаш ишлари билан шуғулланган. Ҳар 10.000 аҳолига 21 нафар врач тўғри келган. Республика бўйича бу кўрсаткич 27 нафар бўлиб, Наманган вилояти 6-ўринда турар эди.
Аҳоли сонининг муттасил ўсиб бориши нафақат хизмат кўрсатувчи кадрларни, айни пайтда касалхоналардаги ўринларни ҳам йилдан йилга кўпайтириб боришни тақозо этарди. 1981 - 1985 йилларда давогоҳлар тармоғи янада кенгайди. Вилоят бўйича 2000 дан ортиқ янги беморлар ўрнига эга касалхоналар қуриб битказилди. Мавжуд қишлоқ участка шифохоналари олий ўқув юртларини ўқиб тамомлаган ёш врачлар, замонавий тиббиёт жиҳозлари, "тез ёрдам" машиналари билан таъминланди.
80-йилларнинг биринчи беш йиллиги муваффақиятларга бой бўлди. Барча соҳалар қатори эл саломатлигини сақлаш тизимида ҳам кўзда тутилган режалар натижага айлантирилди. Яна фикримизга рақамлар шоҳидлик беради: 1985 йили вилоятда касалхоналар 108 тани ташкил қилди. Шунингдек, амбулаториялар 189 тага, фельдшерлик ва амбулатория ёрдами кўрсатадиган "медпункт" (ўша пайтда шундай аталарди)лар 442 тага етказилди. Шунга мувофиқ ҳолда ишловчилар сони ҳам ортди. Яъни тиббиёт муассасалардаги 3.489 нафар врач ҳамда 11.000 нафар ўрта махсус маълумотли фельдшер ва ҳамшира халқ хизматида бўлди. Ҳар 10.000 аҳолига ҳисобланганда врачлар 25 нафарданга, фельдшер-ҳамширалар 81,9 нафарданга тўғри келди. Ҳар 10.000 аҳолига ўринлар сонини 118 тага етказишга эришилди. Вилоятда жами 15.800 ўринли даволаш-профилактика муассасалари хизмат кўрсатди. Амбулатория-поликлиникаларда ҳар куни 12.000 киши қабул қилиниб, тиббий кўрикдан ўтказилди, уларга даволаниш тавсиялар берилди, кундузги муолажалар ўтказилди.
1986 - 1990 йиллардаги ўзгаришлар катта бўлмаса-да, лекин тиббиётни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилди. Республикамизда "Саломатлик" дастури қабул қилинди. Дастурга мувофиқ кенг кўламли вазифалар ижроси устидан назорат кучайтирилди. Қурилишлар авж олдирилди. Янги давогоҳлар, поликлиникалар, қишлоқ участка шифохоналари, тиббий-санитария қисмлар (ташкилот ва корхоналарга қарашли) барпо қилиш изчил давом эттирилди. Айниқса, марказлардаги маъмурий биноларни тиббиёт муассасаларига бўшатиб бериш сиёсати халқ саломатлигини сақлашдаги долзарб муоммоларга тезроқ ечим топишга имкон туғдирди. 1988 - 1990 йилларда вилоятда 24 та шифохона, 20 та поликлиника ва фельдшерлик-акушерлик пунклари учун 124 та маъмурий бинолар ажратиб берилди. Уларнинг аксарияти мослаштирилганига қарамай, эскирмаган ва қарови жойида бўлгани учун шароитлари яхши эди. Натижада тиббиётчилар ва беморлар учун барча қулайликларни яратиш енгил кечди. 1990 йилга келиб, яъни кейинги беш йиллик якунида тармоқда қуйидаги ҳолатга эришилди:
- Касалхонлар 120 та;
- Амбулатория муассасалари 211 та;
- Тиббиёт пунклари 470 та;
- Жами врачлар - 4289 нафар;
- Ўрта тиббиёт ходимлари - 14.800 нафар.
Демак, даволаш-профилактика муассасалари ҳам, унда хизмат кўрсатувчи мутахассислар ҳам кескин кўпайди. Ҳар 10.000 кишига нисбатан врачлар 28.4 нафарданни, фельдшер ва ҳамширалар 94,9 нафарданни, касалхонадаги ўринлар сони 122,5 таданни ташкил қилди. Поликлиника-амбулаториялар кунига 18 минг 800 беморни қабул қилди. Бошқача айтганда ҳар 10.000 аҳолидан 121 нафари кунига бу муассасалар хизматидан фойдаланар эди.
Ниҳоят 1991 йил 1 сентябрда Ўзбекистон мустақил бўлгач, мамлакатнинг барча соҳаларида долзарб ислоҳотлар даври бошланди. Аҳоли саломатлигини сақлаш масаласи биринчи даражали вазифалар қаторидан ўрин олди. Халқ соғлиғини мустаҳкамлаш, айниқса оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлатимиз раҳбарининг доимий диққат марказида бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов тиббиётчиларни муносиб рағбатлантириш чора-тадбирларини белгилади. Чунончи, 1993 йил 4 мартда "Соғлом авлод" ордени таъсис этиш тўғрисида", 1993 йил 23 апрелда "Соғлом авлод учун" халқаро ҳайрия жамғармасини ташкил этиш тўғрисида" Фармонлар эълон қилинди. Булар ҳаётда ўз самарасини бера бошлади.
Истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ Наманган тиббиётида ҳам юксалиш нишоналари яққол сезилди. Шифохоналар тармоғини кенгайтириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш,жаҳондаги илғор мамлакатларда фойдаланилаётган замонавий тиббий техникалару асбоб-ускуналарни олиб келиб ўрнатишга дадил киришилди. Уларни самарали ишлата оладиган, мутахассис кадрларга эга бўлиш ҳаракатига жиддий ёндашилди. 1992 - 1994 йилларда аввало вилоят марказида қувончли янгилик ва ўзгаришлар амалга оширилди. "Гўзал" массивида кўп тармоқли болалар шифохонаси қуриб битказилди ва жаҳон андозаларига мувофиқ жиҳозланди. Уйчи, Учқўрғон ва Чортоқ туманларида поликлиникалар, тиббиёт пунктлари, чернобилчилар учун санаторий, Наманган шаҳрида юрак хасталикларини даволовчи кардиология маркази, Семашко номидаги Тошкент физиотерапия илмий-текшириш институти филиаллари очилди. Энг муҳими, уларга янги, барча шарт-шароитлари тўкис бинолар қуриб берилган эди.
Айни вақтда "тез тиббий ёрдам" тармоғи ривожи учун астойдил қайғурилди. Вилоятда 16 станция, унинг 40 та бўлими ходимлари туну кун сергак туришиб, чақириқларга кечикмай етиб боришга ҳаракат қилишди.
Содиқ САЙҲУН.
(Давоми келгуси сонларда).