Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувида ушбу серзаҳмат касб соҳиблари ҳақида фильмлар яратиш ва уларни халқимизга намойиш этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган эди. Юртимиз таниқли киноижодкорларининг "Кинокарвон" акцияси доирасида вилоятимизга ташрифлари асносида Кинематография агентлиги буюртмасига асосан суратга олинган "Аёл қалби" фильмининг тақдимоти ўтказилди.

Акция иштирокчилари дастлаб Уйчи туманида тантанали кутиб олинди. Ижодий учрашув Маданият ва санъат ходимлари куни шодиёнаси билан уйғунлашиб кетди. Туман маданият маркази соғлиқни сақлаш ходимлари билан тўлди. Уйчи тумани ҳокимининг ўринбосари Аброр Собиров меҳмонларни касб байрамлари билан қутлади. Киношунос Барно Ўнгбоева кўрсатилган эҳтиром учун миннатдорчилик изҳор қилар экан, республикамиз киноижодкорлари томонидан янги фильм­лар яратилаётгани, айниқса уларда фидойи ва матонатли шифокорлар образини талқин қилиш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

Ижодий учрашув ғоят мароқли кечиб, шифокору ҳамширалар, кичик тиббиёт ходимлари қатор телесериалларда эсда қоларли ролларни ижро этган истеъдодли санъаткорларнинг чиқишларини олқишлар билан қаршилашди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосият Ҳусанова, актёрлар Вазира Юнусова, Умиджон Искандаров, Беҳзод Тожиев, Расулхон Қодирхоновлар мухлисларни санъатнинг сеҳрли оламига етакладилар. Тиббиётчиларнинг кўплаб саволларига киноактёрлардан батафсил жавоб олинди.

- Бугун тиббиёт муассасалари вакиллари учун жуда ҳам унутилмас кун бўлди. Чунки, бундай маданий тадбирлар орзиқиб кутилади. Эл суйган санъаткорларнинг туманимизга келишлари, жуда ҳам эсда қоларли, ҳаёжонли ўтган учрашув тиббиёт ходимлари маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этди, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Зулфия Мамаджонова.

"Кинокарвон"нинг навбатдаги манзили Косонсой тумани бўлди. Садриддин Айний номли кинотеатрда ижодий учрашув ташкилланди. Маданият даргоҳини тўлдирган туман тиббиёт бирлашмаси тизимидаги шифохоналар, оилавий поликлиникалар, оилавий шифокорлик пунктлари вакиллари Ўзбе­кис­тонда хизмат кўрсатган артист Ҳосият Ҳусанова, актёрлар Вазира Юнусова, Умиджон Искандаров, Беҳзод Тожиев, Расулхон Қодирхоновларнинг таъсирчан чиқишларидан бағоят завқ­­ланиб, уларга ижодий муваффақиятлар тиладилар.

Тадбир ниҳоясида шифокорлар ҳаёти ва фаолиятини акс эттирган "Аёл қалби" фильмининг тақдимоти ўтказилди. Қайд этиш жоизки, кейинги йилларда Кинематография агентлиги буюртмаси билан шифокорлар ҳаёти ва фаолияти акс этган 10 дан ортиқ бадиий ва ҳужжатли фильм яратилди. "Аёл қалби" ҳам ушбу соҳа вакилларига бағишланган бўлиб, унда касбига содиқ шифокор аёл тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. Фильм режиссёр Жамилахон Пўлатова томонидан суратга олинган. Сценарий муаллифлари Жамилахон Пўлатова ва Зулфия Йўлдошева, операторлар Дилмурод Турдибоев, Диёр Исматов, постановкачи рассом Эркин Хушматов, композиторлар Шуҳрат Зокиров, Сардор Эргашев, картина директори Музаффар Саъдуллаев.

Бош қаҳрамонни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева гавдалантирган. Шунингдек, фильмда Гулчеҳра Жамилова, Зуҳра Ашурова, Раъно Ярашева, Дилдора Умарова, Улуғбек Юнусов, Улуғбек Рустамов каби маҳоратли актёрлар роль ижро этишган.

- Бизни санъат шайдолари жуда ҳам илиқ қарши олдилар. Мухлислар билан мулоқотларимиз ғоят қизиқарли ўтиб, томошабинларнинг таклиф ва мулоҳозаларини эшитдик. Улар билан учрашувларимиз келгуси фаолиятимиз учун мотивация бўлади, - дейди актёр Расулхон Қодирхонов.

Киноижодкорларнинг икки кунлик ташрифи жуда ҳам самарали кечди. Саломатлик посбонлари санъат намоёндалари билан дилдан суҳбат қурдилар. Кино санъатининг ажиб жозибасидан баҳраманд бўлиб, маданий ҳордиқ чиқардилар. Таассуротларга бой мулоқотлар чоғида билдирилган ишонч, эъзозу эътирофлар боис шифокору ҳамшираларнинг масъулияти, касбга садоқати янада ортди, десак муболаға эмас.

Абдулла ҒОЗИЕВ.