Амир Темур Ўрта Осиёни мўғуллар исканжасидан озод этишда барча юртпарвар кучларни уюштириб, уларни мустақиллик учун курашга йўналтира олган етакчи раҳбардир. У улкан ва қудратли давлат қуриб, жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган. Бундан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг Амир Темур шахсига алоҳида эътибор қаратилди. 1996 йил - "Амир Темур" йили деб эълон қилинди ва "Амир Темур" ордени таъсис этилди. Шу боис ҳам ЮНЕСКО ташкилоти қарори билан 1996 йилда Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, 2016 йилда эса 680 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди.

Дунё халқлари тақдирида, унинг цивилизацияси жараёнида бу бунёд­кор зотнинг ўрни беқиёсдир. Чунки мўғулларнинг 150 йиллик ҳукм­ронлигига барҳам бериб, Мовароуннаҳрда қудратли марказлашган давлат барпо этди. Мамлакати Хитой чегараларидан бошланиб, Шарқий Рим ва Миср ерларигача бўлган ҳудудларни эгаллаган. Давлат бошқарув тартиби, ҳарбий санъатга доир фаолияти ҳозирги давримиз учун ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Шунингдек, Соҳибқирон қолдирган бой маънавий ва маданий мерос асрлар оша халқимизга йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилмоқда. У миллатимиз рамзи, миллий ғуруримиздир. Ўта муҳим ислоҳотлар Амир Темур давлатининг олий органи - қурултой орқали мувофиқлаштирилгани янада аҳамиятлидир.

Амир Темур инсонларга, халққа бўлган муносабатини ўз "Тузуклари"да авлодларга ибротомуз руҳда баён этган ва давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир, машварат, қолган бир улушини эса қилич билан бажо келтирганини тузукларда алоҳида айтиб ўтган.

Эл-юрт тақдири, раиятнинг туриш-турмуши кўп жиҳатдан марказий давлат аппарати қандай бўлиши, унинг шаҳар, вилоят, туман, катта-кичик қишлоқларда идораларнинг иш юритишига боғлиқ, албатта. Ўша муассаса идораларида хизмат қилиб турган мансабдорларнинг насл-насабли, имон-инсофли, ишбилармон бўлиши ҳам ғоят муҳим. Амир Темур давлат тизимини шакллантиришда шуларга алоҳида эътибор берган. Масалан, ҳукуматнинг ижроия муассасалари (девонлари)ни бошқариб турувчи вазирлар Амир Темурнинг фикрича, тўрт сифатга эга бўлишлари талаб қилинган.

1. Асллик ва тоза насл­лик. 2. Ақл-фаросатлилик. 3. Сипоҳу     раият аҳволидан хабардорлик, уларга нисбатан яхши муомалада бўлишлик. 4. Сабр-чидамлилик ва тинчликсеварлик.

Амир Темурнинг "Темур тузуклари" асарини 1967 йилда Тош­кент­да эски форсийдан ўзбек тилига биринчи бор тўлиқ таржима қилган инсон Алихонтўра Соғунийдир. Академик Иброҳим Мўминов коммунистик мафкура ҳукмронлиги даврида Амир Темур шахсини тўғри ёритган ягона зукко олим эди. У "Амир Темур шахсига ҳаққоний баҳо беришга ҳаракат қилган.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Соҳиб­қирон Амир Темур мамлакатни бошқаришда ўзига хос мактаб яратган. Унинг бу борадаги сиёсати ҳозирги кунда ҳам кўп жиҳатдан ибратлидир. Биз ана шундай буюк аждодларнинг авлодларимиз.

Мўхтабар ЖАЛОЛОВА,

Тўрақўрғон тумани 24-умумий таълим мактабининг тарих

фани ўқитувчиси.