Асли кўклам келганини қир-адирда бойчечакни бош кўтариб чиққанидан, чучмомалар ер бағрини ёриб, аста бўй чўзганидан билиш мумкин. Ана шундай яшариш, янгиланиш бугун баланд адирлардан шаҳарларга байрамона руҳда кўчгандек гўё.

Азим шаҳар Наманганда ҳам Наврўзи олам катта халқ сайилларига айланди. Вилоятимизнинг барча гўшаларида, маҳалла гузарларида, шаҳар ва туман марказларида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан тантаналар, са­йиллар бўлиб ўтди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғидан бошланган сайил томошалари бутун шаҳримиз узра ёйилди. Корхона, ташкилот ва ўқув муассасалари томонидан баҳорий байрам завқини улашувчи ажойиб тусда безалган истироҳат боғи чин маънода халқ сайилининг асосий марказига айлана олди.

Давлатобод туманидаги "Афсоналар водийси" тематик парки ҳам одатдагидан-да ўзгача қиёфага кирган. Бугунги байрам тадбирлари доирасида фольк­лор гуруҳлари, ба­диий ҳаваскорлик жамоалари, дорбозлар, цирк артистлари, оилавий ансамбллар, бахшилар, шоирлар, шунингдек, профессионал ижрочилар ва истеъдодли эстрада хонандалари са­йил иштирокчиларига байрамона баҳорий кайфият улашдилар. Мана шундай диққатга сазовор сайил марказларида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов сектор раҳбарлари билан бўлиб, бутун юртдошларимизни байрам билан қутладилар.

Шаҳримиз маҳаллалари фаолларининг ташаббуслари билан дошқозонларда пиширилган сумалак ва палов каби миллий таомларимиз, кўклам пишириқлари байрам меҳмонларига тортиқ этилди. Шунинг­дек, ташриф буюрувчи меҳмонлар, шодиёна қатнашчилари учун маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган миллий маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкилланди.

Вилоят марказидан то туманларнинг чекка ҳудудларигача Наврўзнинг навоси таралди. Щар бир кишининг қалби баҳорий байрам билан ёшарди. Шу маънода, Учқўрғондаги Нав­рўз сайили саховат тадбирларига уланди. Миллий анъаналар руҳидаги миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, тенг ҳуқуқлилик акс эттирилган сайилда ёшу қари янги йил, янги кунга тинчлик ва омонликда етиб келганини шукроналик ҳисси билан тантана қилди.

Кексалари эъзозланган юрт - Попда байрам йўқловлари уюштирилди. Унда туман ҳокими бошчилигидаги бир гуруҳ фаоллар чоркесарлик 100 ёшни қаршилаган Абдураҳмонов Мирзараҳмон отанинг ҳолидан хабар олишди. У истиқомат қилаётган маҳалла аҳлини байрам билан қутлаб, хурсандчиликларига шерик бўлишди.

Тўрақўрғоннинг маркази Наврўз қувончларига тўлди. Байрамона кайфият, тинчлик-хотиржамлик, тўқчилик, фаровонлик шукронаси билан тўрақўрғонликлар бу айёмни нишонлаш учун ҳозир бўлдилар. Баҳор ҳаётга муҳаббатни ва яшашга бўлган иштиёқни оширади, келажакка ишончни мустаҳкамлайди. Шундай рамзий кайфият акс этган чиқишлар, байрамона кўринишга кирган атроф инсонларнинг қалбларига унутилмас онларни олиб кирди.

Уйчида Наврўз байрамона тусга кирган Беруний кўчасидан бошланди. Туманда Наврўз сайили барча шаҳар ва туманлар қатори катта тантана, карнай-сурнайлар билан авжланди. Барча маҳаллаларда сайиллар бўлиб ўтди. Дош­қозонда сумалаклар тайёрланди. Баҳорнинг тансиқ таомлари дастурхонларга тортилди. Меҳмонлар, болажонлар, ёш қизлар баҳорий байрамни беҳад кўтаринки руҳ билан нишонладилар.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ.