Олам гўзал, ҳар ён дилрабо,
Қушлар сайраб айлашар наво,
Бодом гулин эркалар сабо,
Сайр этайлик айни муддао,
Наманганнинг боғида Наврўз,
Дала, адир, тоғида Наврўз.
Кўкда парвоз қилар турналар,
Дил яйрабон, қалблар нурланар,
Минг бир рангда замин турланар,
Келинчакдек мисли ҳурланар,
Наманганнинг боғида Наврўз,
Дала, адир, тоғида Наврўз.
Карнай-сурнай янграр субҳтонгда,
Наврўз - Янги Ўзбекистонда,
Сумалаклар қайнар қозонда,
Яйраб-яшна бахтли замонда,
Наманганнинг боғида Наврўз,
Дала, адир, тоғида Наврўз.
Равшан Мирзо қалам, созни ол,
Наврўз мадҳин қўшиқларга сол,
Булбулларни эта олгин лол,
Гул диёрда гулчи бўлиб қол,
Наманганнинг боғида Наврўз,
Дала, адир, тоғида Наврўз.
Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ.