(Давоми. Бошланиши ўтган сонда).

ХХ асрнинг 60-йиллари вилоят тиббиётида чинакамига ривожланиш сари дадил қадамлар ташлаш даврининг бошланиши десак айни ҳақиқатни ифодалаган бўламиз. Юқорида айтганимиздек, ҳам давлат томонидан, ҳам ўз иқтисодиётини ўзи юритувчи жамоа хўжаликлари (у пайтда тилдаги русча қисқартма атамаси - колхоз эди) томонидан эътиборга лойиқ янгиликларни рўёбга чиқариш ҳаракати авж олдирилди. Қуйидаги рақамлар фикримизни тўла тасдиқлайди: вилоятда 1960 йили касалхоналар сони 75 та эди. Беш йил давомида яна 20 та қўшилди, яъни 95 тага етказилди. Улардаги ўринлар ҳам шунга мувофиқ ортди. Аввалги 4 минг 300 тадан 5 минг 400 тага етди. Агар буни ҳар 10 минг кишига бўлиб кўрсак, 1960 йили 68,5 ўрин тўғри келгани ҳолда, 1965 йили 72,9 тага чиқарилди. Худди шу таққосни врачлар сонига ҳам қаратсак, 1960 йили врачлар 480 нафарни ташкил этган бўлса, 1965 йили 653 нафарга етди, яъни беш йилда 173 нафарга кўпайди. Ҳар 10 минг киши бошига ҳисобласак, 1960 йилда 7,6 врач, 1965 йилда 8,8 врач хизматидан фойдаланилди.

Бошқача айтганда, ўша йиллардан бошлаб ихтисослашган шифохоналар қурилишлари билан, қишлоқ участка касалхоналари ва фельдшерлик пунктларини кенгайтириш билан астойдил шуғулланилди. Масалан, 1962 йили вилоят юқумли касалликлар шифохонасига янги бино қуриб битказилди. Ўринлар сонини 100 тадан 200 тага кўпайтириш имконияти яратилди. 1963 йили Бешкапа қишлоғида болалар санаторийси фаолият бошлади. 1960 йили вилоятда "Гўдаклар уйи" очилди. Ҳар бир туманда битта ёки иккита иқтисоди бақувват колхозлар кичик-кичик шифохоналар, фельдшерлик пунктлари қуриб бериш ҳаракатига тушгани ҳам аҳолининг тиббий хизматга эҳтиёжини қондириш масаласини ижобий ҳал этишга зарур ҳисса бўлиб қўшилди.

60-йилларнинг иккинчи ярмида бошланган эзгу ишлар янада кенг қамров касб этди. Аниқроғи, Учқўрғонда 200 ўринли шифохона, Наманганда вилоят санитария-эпидемиология станцияси, Совет туманида (ҳозирги Давлатободда) поликлиника, Жомашўйда 75 ўринли силга қарши курашувчи диспансер, Поп туманида Парда Турсун номли сил диспансери ва санаторийси, Наманган шаҳрида марказий дорихона бинолари қурилиб, уларнинг эшиклари халққа очиб қўйилди.

Ниҳоят 1970 йили вилоятдаги касалхоналар 98 тага, ўринлар 7 минг 600 тага етказилди. Албатта, шифохоналар сони кейинги беш йилда атиги 3 тага кўпайган бўлса ҳам, уларни кенгайтириш ҳисобига беморлар учун ўринлар сони 2 минг 200 тага ортишига эришилди. Лекин булар ҳам талабга қараганда етарли эмас эди.

Тиббиёт муассасаларида 1074 нафар врач ташхислаш ва даволаш билан шуғулланди. Агар аҳоли сонига нисбатини олсак, ҳар 10 минг кишига 10 врач хизмат кўрсатгани ойдинлашади. Албатта, уларнинг ёнларида кўплаб ҳамшира ва фельдшерлар муолажалар олиб боришган. Агар 4 минг 300 нафар ўрта тиббиёт ходимлар ишлашганини инобатга олсак, уларнинг ҳар 10 минг аҳолига нисбати қарийб 50 тадан эканини англатади. Аҳоли жон бошига тиббий хизмат кўрсатиш учун сарфланган маблағ 1970 йилда ўша давр пулига 22 сўмданни ташкил қилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, 1970 йили вилоят аҳолиси сонига нисбатан даволаш муассасаларидаги ўринлар бутун Иттифоқдаги кўрсаткичлардан кам бўлганлигига архив ҳужжатлари шоҳидлик беради. Ўша маҳалда республикада ҳар 10 минг аҳолига 101 та ўрин тўғри келган ҳолда Наманган вилоятида 88,3 тага етган эканлигини билиб оламиз. Айрим туманларда бундан ҳам озлиги маълум. Чунончи, Уйчи туманида 64,3 тани, Чуст туманида 56 тани ташкил этган, холос. Кадрлар етишмовчилиги ҳам сезиларли даражада қолгани яна бир афсусланарли ҳолат бўлган. Вилоятда меъёрларга нисбатан 66 фоиз врачлар хизмат қилган. Баъзи туманларда бундан ҳам баттар ҳолатда иш юритилган. Масалан, Наманган, Янгиқўрғон ва Поп туманларидаги кўрсаткич 50-55 фоиз атрофида эди.

Вилоятда аҳоли сони тўхтовсиз кўпайиб, 1975 йили салкам 1 миллионга, янаям аниғи - 995 минг 600 нафарга борди. 14 ёшгача болалар жами аҳолининг 44 фоизини ташкил этгани улар саломатлигини сақлашга алоҳида эътибор қаратишни талаб қиларди. Аммо, бу борадаги тиббий хизмат қониқарли даражага кўтарилмаганини архивдаги рақамлар даллилаб турибди: ўша пайтда болаларни даволаш учун вилоятда жами 1582 ўрин мавжуд бўлган. 176 нафар врач-педиатр фаолият юритган. Ҳақиқий манзарани ифодаласак, айрим туманларда, масалан, Янгиқўрғонда ва ҳатто вилоят марказидаям махсус жиҳозланган болалар шифохонаси йўқ эди. Вилоят касалхоналарида болалар учун яна 600 та ўрин етишмасди. Оқибатда 30-35 фоиз бемор болаларни ота-оналари уйда даволатишга мажбур бўлишган. Бундай ҳолат болалар ўлими вилоятда 2-3 марта кўпайишига олиб бораверди. Биргина мисол: 1974 йилда жами 1688 нафар бола нобуд бўлган бўлса, 1975 йилнинг биринчи чорагидаёқ 967 нафар бола ўлими юз берган.

Албатта, 1970 йилдан 1980 йилгача бўлган икки беш йиллик даврда янги тиббиёт муассасалари қурилишига жиддий ёндошилганини инкор эта олмаймиз. Холис баҳоланадиган бўлса, бу борада тилга олса арзийдиган натижалар қўлга киритилди. Яна рақамларга назар ташлаймиз: 1971-1975 йилларда жами 1310 ўринли 12 та туман ва шаҳар шифохоналари бунёд қилинди. Чустда санитария-эпидемиология станцияси, Наманган шаҳрида 120 ўринли янги туғруқхона фойдаланишга топширилди.

1975 йили вилоятда касалхоналар сони кўпаймасада, улардаги ўринлар 9 минг 800 тага етиб борди. Ҳар 10 минг аҳолига ўринлар сони 96,8 тани ташкил этди. Даволаш-профилактика муассасаларида 1591 нафар (ҳар 10 минг аҳолига 15,6 тадан) врач, 6 минг 600 нафар (ҳар 10 минг аҳолига 66 тадан) ҳамшира ва фельдшер тўғри келди.

1976-1980 йилларда яна вилоятда жами 1575 ўринга эга тиббиёт масканлари қад рост­лади. Энг катта муассаса - вилоят кўп тармоқли "Гўзал" шифохонаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. 660 ўринли беморлар нажотгоҳида юқори билим ва малакали мутахассислар беморларни сифатли ва самарали даволашни фаол давом эттиришди. Ахир бу маскан энг замонавий тиббий аппаратлар, асбоб-ускуналар билан жиҳозлаб берилган эди-да.

1980 йилга келиб, вилоятимиз врачлари 26 хил йўналишда хизмат кўрсатишди. Энг муҳими, моҳир жарроҳлар, зукко терапевтлар, чечан травматологлар, болажон педиатрлар, жонкуяр акушер-гинекологлар, қунтли неврологлар, сабр-тоқатли фтизиатрлар, уддабурон урологлар етишиб чиқдилар. Ҳар бир дардмандни тўғри ташхислаш ва улар билан оқилона ҳамда натижадор муолажалар ўтказишнинг ҳадисини олган, ўз касбининг устасига айланган фидойи шифокорлар сафлари тобора кенгайди. 17 нафар тиббиёт фанлари номзоди, 45 нафар олий, 252 нафар биринчи тоифали врачлар халққа хизмат қилишди.

Шу ўринда ўзига хос мактаб яратган, атрофига шогирдлар тўплаб, улардан билим ва малакасини аямаган, минг-минглаб беморларнинг олқишларига сазоворланган машҳур дўхтирларнинг номларини тилга олиш жуда-жуда жоиз, деб ўйлаймиз. Г. С. Григорьянц, З. М. Муродов, Ҳ. А. Қориев, Е. Б. Матусевич, А. З. Ибрагимов, Б. С. Шокиров, Р. Н. Троицкая ва бошқа қатор-қатор тиббиётчиларни давлатимиз ҳам, халқимиз ҳам ҳеч қачон унутмайди.

Улуғ инсонларнинг ҳалол ва фаол хизматлари ўз даврида ҳам муносиб қадрланган ва тақдирланган. Поп туман касалхонасининг акушеркаси Хадича Аҳмедовага Меҳнат Қаҳрамони унвони берилган. Кўплаб илғорлар орден ва медаллар билан сийланган. Уйчи тумани шифохонаси офтальмологи, юзлаб кўзларга нур бағишлаган моҳир врач Назира Жуманова "Халқ врачи", ўнлаб тиббиёт ходимлари "Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган врач" деган фахрий унвонлар соҳиблари эдилар. Булар вилоятимиз шифокорларининг босиб ўтган шонли ва шарафли йўлидан ёрқин нишонадир.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми бор).