Исҳоқхон 1279 ҳижрий (1862 мелодий) йилнинг 21 мартида - айни Наврўз айёмида Тўрақўрғон қишлоғида туғилди. Унинг отаси Жунайдуллахўжа Суннатуллахўжа ўғли билимли, соҳибкор боғбон бўлган. Онаси Ҳурибиби даврининг ўқимишли, оқила аёлларидан эди.
Исҳоқхонни дастлаб ҳижо усулига асосланган қишлоқ мактабига ўқишга берадилар. Бу мактабда 5 йил мобайнида ҳатто саводини ҳам чиқара олмагач, ўз уйида, онасининг қўлида ўқийди. Мукаммал саводга эга бўлгач, ўқишни давом эттириш учун уни Қўқонга юборадилар. У ХIХ аср бошларида барпо этилган Муҳаммад Сиддиқ Тунқатор мадрасасига 1878 йилда ўқишга киради. Мадрасада араб ва форс тилларини, шу билан бирга рус тилини мустақил ўрганади.
Маърифатпарвар шоир, илғор маорифчи Исҳоқхон Ибрат олти тилдаги: арабча, форсча, хиндча, туркча, ўзбекча ва русча сўзларни ўз ичига олган "Луғати ситта ал-сина" ("Олти тилли луғат")ни яратар экан, биринчи галда рус тилига қизиқувчиларни кўзда тутган. Муаллиф русча ёзув системасини билмайдиганларга ҳам қулай бўлиши учун рус сўзларини ҳам араб ёзуви билан беради. Мазкур луғат мингдан ортиқ сўзни ўз ичига олиб, 53 бетдан иборат эди.
Ибрат маданиятимиз тараққиёти тарихида ҳуснихатни мукаммал эгаллаган ҳаттот сифатида ҳам катта шуҳрат қозонган. Унинг замондоши Иброҳим Давроннинг тасдиқлашича: "Исҳоқхон зўр ҳаттот, ҳуснихатни мукаммал эгаллаган каллиграфдир, у бу соҳада яратган асари учун 1907 йилда катта мукофотга сазовор бўлган".
Исҳоқхон Ибрат чин қалбидан ўз халқининг илмли, маърифатли бўлишини истади ва бу истагини амалга оширишда бор билиму куч-ғайратини аямади. У ўзининг 1916 йилда яратган "Тарихи маданият" асарида хабар беришича, кейинги 20 йил ичида 14 та илмий-тарихий, лингвистик асарлар ва 30 йиллик поэтик ижодининг мажмуаси бўлмиш "Девони Ибрат" шеърлар тўпламини яратди. Унинг тилшуносликка доир асарларидан ташқари тарихшуносликка оид "Тарихи Фарғона", "Тарихи маданият" ва "Меъзон ул-замон" каби илмий асарлари бизгача етиб келган.
Маърифатпарвар инсон жамиятнинг равнақини, истиқболини белгиловчи касб сифатида муаллимлар фаолиятига, мактаблар фаолиятига бутун маънавий ҳаётини, умрини бағишлади. 1886 йилдаёқ эски мактабларга нисбатан бирмунча илғор бўлган мактаб очди. Иккинчи марта 1907 йилда эски мактаблардан бутунлай фарқ қилган, қишлоқ камбағал болалари учун бепул янги - усули савтия мактабига асос солди. Бу мактабда ўз фарзандлари Ваққосхон, Аббосхон, Паёзхонларни ҳамда 25 нафар қишлоқ болаларини ўқитди. Мактаб ўз уйида жойлашган бўлиб, янгича ўқув қуроллари, парта, стол-стул, янги китоблар, дарсликлар, дафтар, доска кабилар билан жиҳозланган. Ўқиш-ўқитишни ўзи тузган дастур асосида олиб борган. Илғор мактабдорлардан бири сифатида ўз мактабига ҳафталик дарс жадвалини жорий қилган. У ҳақда мазкур мактабнинг собиқ ўқувчиси Мирзавой Ғиёсов шундай дейди: "Биз мактабга олдиндан тузиб қўйилган ҳафталик дарс жадвали бўйича дарсларга тайёрланиб келар эдик".
Ибрат халқ илм-маърифатдан баҳраманд бўлиши учун ўз уйида анчагина бой кутубхона ташкил қилади ва уни "Кутубхонаи Исҳоқия" деб атайди.
У жаҳон илми ва маданияти томонидан яратилган ҳар қандай илғор янгиликни бажонидил қабул қилган ва ўз халқига намойиш этишга интилган. Отасидан қолган 3 таноб ерни халқ учун «Гулбоғ» қилади ва боққа фаввора қурдиради, 150 туп арча ҳамда Европадаги манзарали дарахтлардан ўтқазади. Европа типидаги иморат қурдириб, аркига "Хуш келибсиз, Исҳоқия боғига!" деб ёзиб қўяди.
Ибратнинг сўнгги йиллардаги ҳаёти анча таҳликали ўтди. Биринчидан, қарилик, иккинчидан, 1935 йилдан эътиборан ҳамма лавозимлардан озод қилиниб, нафақа ҳам тайинланмаган эди. Бунинг устига маҳаллий ҳукумат маъмурияти унга ишончсизлик билан қарарди. Ибрат тепасида ҳам даҳшатли қатағон булутлари қуюқлашиб бормоқда эди. 1937 йил қатағони Ватанимизнинг фозил кишилари қаторида Ибратни ҳам аждаҳодай ўз комига тортди. 75 ёшни қоралаган кекса шоир Андижон турмасига олиб кетилди, унинг суди ҳам бўлмади. Сталин турмасида икки ой ётиб, ҳаёт билан видолашди.
Хулоса қилиб айтганда, Исҳоқхон тўра Ибратнинг иш фаолиятини, илмий ва адабий меъросини ўрганиш биз ёшлар учун ғоят муҳим аҳамият касб этаверади.
Машҳура ҚОДИРОВА,
Тўрақўрғон туманидаги 24-мактабнинг
она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.