ШОИР УСМОН НОСИР ТАВАЛЛУДИНИНГ 110 ЙИЛЛИГИ ОЛДИДАН

Халқимизнинг суюкли ва ардоқли фарзандига айланган Усмон Носир қисқа яшади, аммо баланд пардаларда қалб туйғуларини куйлади. Унинг ҳеч бир шеърини шунчаки ўқиш мумкин эмас. Шоир кўнглидаги ҳарорат сатрларига кўчган. Жўшқин ва жозибали шеърият соҳибига айланишга улгурган. Ўзбекларнинг таниқли назмгўйи 20-аср адабиётида ўчмас из қолдирган.

У 1912 йилнинг 13 ноябрида Наманган шаҳрининг Чуқур кўча даҳасида косиб оиласида таваллуд топган. Тўрт ёшлигидаёқ отадан етим қолган Усмон онаси Холамбиби билан жуда эрта яшаш машаққатини чекади. Кейинроқ ўз аҳволини "Кечмиш кунларим" шеърида ҳаққоний ифолалашга эришган:

Овқатсиз очликдан

Отам оғриди,

... Кўп ётолмади

Ўлди...

Йиғладик бизлар

Қайғули фарёд-ла,

Бойларда эди

Дутор ва ялла...

Кўмишга чорасиз

Ҳовлини сотдик...

 

Чорасизлик наинки болани, онани ҳам истамаган қисматга дучор қилади. Яъни 1921 йили Холамбиби ўзи хизмат қилиб юрган савдогар бойлардан бири Носир Ҳожининг зўри билан унга турмушга чиқади. Сўнг Қўқонга кўчиб кетишади. Демак, Усмон ўз отаси Маматхўжанинг эмас, ўгай отаси Носир Ҳожининг "ўғли"га айлантирилади. Афсуски, у инсон кутилган меҳрни бермайди. Аксинча, болани хўрлайди. Бу алоҳида мавзу, биз учун муҳими ўзбекнинг машҳурлик мартабасига эришган шоири ижоди қизиқарли.

Олтинчи синфдан шеър машқини бошлаган ўспирин Қўқонда Мухтор Муҳаммадий ва Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий билан учрашди ва танишди. Ўн олти ёшида Россияга бориб, ўша ерда завод ишчиларига шеър ўқиб, олқишларга кўмилгани ҳақидаги маълумотларга эгамиз. Ахир у Ленинградга экскурсияга юборилган эди-да.

Усмон Носир, асосан, 1927 йилларда адабиёт майдонида бўй кўрсата бошлаган. Лирик шеърлари билан кўпроқ мухлислар меҳрини қозонган. Чунки ёшлик ва муҳаббат ҳақида ҳамиша дилтортар асарлар ёзишни афзал биларди шоир. Унинг "Юрак" ва"Меҳрим" тўпламлари айниқса ёшларни ҳаяжонга солди, неча-неча кўнгилларни тўл­қинлантирди. Ахир шоир шеър фидо­йиси, муҳаббат муҳиби сифатида қалам тебратди:

Сен юрагимнинг чашма сувисан,

Сен кўзларимнинг гавҳар нурлари.

Сени баҳоингни ким сўраса, де:

"Баҳом умримнинг баҳосига тенг",

деб баралла таъкидлайди шеърларига мурожаат қилиб.

Ўзбек адабиёти осмонида чақнаган - юлдуз ижодкорга ҳар қанча эҳтиром муносиб. Усмон Носир ижодини тадқиқ этган олим Абубакир Ражабий ёзганидек: "Ўз халқи, ватани ва порлоқ истиқбол учун хизмат қилган, чинакам халқ фарзанди бўлган оташин шоирнинг ҳаёти ва ижодини она юрти, севган хал­қи ҳамиша қадрлайди, унинг ёрқин хотирасини доимо эслайди".

Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг 10 февралида "Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида" қарор қабул қилди. Бу билан давлатимиз раҳбари ўзбек шеъриятининг байроқдор шоири ижодини ўрганиш, талқин этиш ва номини абадийлаштириш борасида янги давр очиб берди. Биз эса қутлуғ санани муносиб кутиб олиш учун Усмон Носир ижоди таҳлили ва тар­ғиботини изчил олиб боришимиз зарурдир.

Шуҳратжон ЭГАМБЕРДИЕВ,

Тўрақўрғон туманидаги 24-умумтаълим мактабининг

она тили в адабиёт фани ўқитувчиси