Тиббиёт - кишилар соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлаш, умрни узайтириш, касалликларнинг олдини олиш, даволаш ҳақидаги билимлар ва шу соҳадаги амалий тадбирлар мажмуидир. Табобат энг қадимги фанлардан ҳисобланади. Инсон яшар экан, у албатта, таш­қи муҳит, ёки бошқа салбий таъсирлар туфайли касалланади. Даволанишга эҳтиёж сезади. Худди мана шундай чоғда тиббиёт ёрдамга келади.

Агар биз тиб илми тарихига назар ташласак, бу борада аждодларимиз бутун дунё халқи саломатлигини сақлашга асқотадиган асарлар ёзиб қолдиришганини кўрамиз. Табобат Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатларида жадал тараққий қилган. Чунончи, IX - X асрларда буюк табиблар бой ва бебаҳо рисолалар, жилд-жилд китоблар ёзиб қолдирдилар. Райлик Абу Бакр Розий (868-925) ва бухоролик Абу Али ибн Сино (980 - 1037) шундай улуғ тиббиётчи олимларимиз саналишади.

Археологик қазишлар, мозийшуносларнинг ўрганишларидан маълумки, Наманган вилояти ҳудудида беморларни даволаш ишлари ўрта асрлардаёқ ривожланиш бос­қичига чиққан. Айниқса, жарроҳлик тармоғига эътибор ҳаёт тақозоси туфайли тобора кучайтирилган. Тож-тахт учун урушлар кўплаб кишиларнинг қўшинлар таркибида жанг­га кирганида тез-тез шикастланишига сабаб бўларди. Жароҳат олганларнинг аҳволини фақат малҳам-дорилар билан енгиллаштириш, соғайтириш мумкин эмасди. Зарур чоғларда хирургик опе­рация­лар билангина яраланганларни ногиронликдан, ҳатто ўлимдан сақлаб қолиш имконияти бўлар эди. Фикримизнинг далил сифатида икки мисолни келтириб ўтамиз. Биринчиси, ўтган асрнинг 60-йилларида 2500 йиллик тарихга эга бўлган қадимий Ахсикент харобаларини кавлаб, археологик изланишлар олиб борилганда XIII аср бошларида мўғуллар томонидан вайронага айлантирилган шаҳар - тупроқтепа остидан чиққан одамнинг бош чаноғи кўпчиликни ҳайратга солди. Ахир қилич зарби асорати ҳамда табибларнинг амалиёти излари яққол сезилиб турарди. Яъни бош суягининг синган икки бўлагини бирлаштирган ҳаким-ҳозирги атама билан айтганда, нейрохирург бир-бирига маҳкамлаш, чандиб қўйиш учун нафис тилла симдан ип ўрнида фойдаланган экан. Иккинчиси, Чортоқ туманидаги Гулдиров қишлоғида топилган. Тракторчи Тўхтаназар Турдиқулов адир ерни суриб-текислаётганида одамнинг бош суяги чиқиб қолган. Уни айлантириб кўраётган пайтида офтоб нури тушиб, бир нарса ялтиллаб кўринган. Бу тилла сим илгак экан. Ҳамқишлоқлар Тўхтаназар буванинг тиш шифокори бўлган ўғлига айтган қуйидаги ҳазил аралаш сўзларини ҳамиша эслаб юришади: "Сизлар ҳам юрибсизлар-да, ўғлим, тиши йўқларга илгак қилиб қўйдим деб мақтаниб. Гулдировда тилла илгак тиш тугул мия суягига ҳам қў­йилган" Ана, қадимги ота-боболаримизнинг тиббиёт тараққиётидаги ҳавас қилса, ибрат олса, арзигудай ютуқлари.


Ахсидан ноёб кўза топилди. Археологлар томонида ёши 1100 - 1200 йил дея айтилаётган бу митти идишда (суратда ўнгдан биринчи) дори сақланган.

Табиблар ўз маҳсулотларини шунда сақлаб, мижозга берилгани айтилмоқда.

Ахси кулолчилик мактабининг ноёб намунаси бўлмиш бу ашёнинг Абу Али ибн Сино яшаган даврда ишлаб чиқарилгани сўзимизни янада мустаҳкамлайди.

               У айни пайтда Тўрақўрғон туманидаги Ахси саййидлари илмий-маърифий мажмуаси таркибидаги Ахси осори-атиқалар музейида сақланмоқда.


Албатта, инсон соғлиги ҳамма даврларда ҳам муҳим ҳисобланган. Бироқ ундан барча бирдай фойдаланиш имкониятини яратиш XX асрнинг биринчи чорагидан бошлангани тарихий ҳақиқат. 1917 йилгача ёки ўша вақт атамасига кўра, инқилобга қадар Наманган уездида соғлиқни сақлаш ишларига сарф­ланган харажат жон бошига йилига 2,5 тийинни ташкил қиларди, холос. Демак, аҳоли соғлиғига эътибор жуда-жуда паст даража бўлган. Наманган шаҳрида атиги битта касалхона очилган, ундаги ўринлар 15 тадан ошмаган. Шаҳарликлар сонига таққосласак, 1 ўринга 2330 нафар одам навбат кутарди. Жамоаси 7 кишидан иборат бўлиб, 2 врач, 4 фельдшер ва 1 фармацевт ишларди. Вилоят қишлоқларидаги аҳоли эса врачлар хизматидан бебаҳра кун кечирган. Саломатликлари умуман муҳофазага олинмаган.

Оқибатда вилоятимизда яшовчиларнинг аксарияти ёш умрини турли касалликлар хазон қиларди. Ўқимишли ва малакали шифокорлар бармоқ билан санарли даражада камлиги вазиятни ўта мушкуллаштирарди. Бенажот халқ вабо, безгак, чечак ва бош­қа балою офат ёпирилганида танг ҳолатга тушарди. Бундан ғараз ниятли кимсалар фойдаланиб қоларди. Яъни озорли шароитда аҳолининг жоҳил муллаларга, азаимхонларга, сохта табибларга, дуохонларга боришдан ўзга чораси қолмасди. Одамлар сил ва тифдан ҳалок бўлар, шиллиқ (трахома) туфайли кўзлари ожизланарди. Болалар ўлимидан қанчадан-қанча оилалар жудолик жабрини тортарди. Мана, биргина аянчли далил: 1913 йилдаги статистик маълумотга кўра туғилган ҳар 1000 боладан 400 таси бир ёшга етмай ёруғ оламдан кўз юмган.

Ўтган асрнинг 20-йиллари Наманган уездида ҳам халқ саломатлик учун қайғурила бошланди. Россиядан мутахассислар Ўзбекистонга сафар этилиши туфайли шаҳар ва қишлоқларда давлат томонидан илк тиббий муассасалар очишга режали равишда киришилгани тўғрисида маълумотлар мавжуд. Катта иқтисодий қийинчилик ва машаққатларни аста-секин енгиб, ижобий ўзгаришлар ясалганини далилловчи рақамлар келтирамиз: Наманган уезди ҳудудида 1924 йилда 6 та ётиб даволанадиган кичик-кичик касалхона, яна 2 та аёллар учун, 3 та болалар учун даволаниш бўлимлари, қатнаб муолажа олинадиган 9 та амбулатория, 12 та фельдшерлик пункти, шунингдек, одамлар соғлиғига катта хавф туғдираётган безгакка қарши курашувчи 4 та станция фаолияти йўлга қўйилган.

Ўз-ўзидан "Янги очилган давогоҳларда кимлар ишлагану, уларнинг тиббий билим даражаси қандай эди?" деган савол хаёлдан ўтади. Россиядан етарли билим ва малакага эга    мутахассислар Ўзбекистонга ҳам сафарбар этилгани учун  Наманганда И.Н.Мельников, М.П.Слас­­­тенов, А.М.Ишханян, Н.В.Патронова, А.И.Юдин ва ўзбеклардан А.Бобожонов фаолият бошлашди. Ҳар бирлари ўз мутахассисликлари йўналишида ташкилотчилик қилишди. Вилоят тиббиётини оёққа турғазиш, йилдан-йилга тармоқларини, шохобчаларини кўпайтириш билан астойдил шуғулланишди.

30-йилларда Наманганда шаҳар шифохонаси ва дастлабки туғруқхоналар очилди. Фақат 1940 йилга келибгина вилоят аҳолисига тизимли равишда тиббий хизмат кўрсатиш учун қулайроқ шароит ва ҳаракат қилиш имкониятини яратишга ўтилди. Ўша йилги ҳолатни ифодаловчи рақамларни келтирамиз: Шифохоналар 25 тага, аёллар маслаҳатхонаси, болалар поликлиникаси ва амбулаторлар 18 тага етказилди. Шифохоналардаги ўринлар сони 800 тани, врачлар 18 нафарни ташкил этди. Вилоят шифохонасининг очилиши айни муддао бўлди. Бироқ 1941 йил 21 июнда бошланган Иккинчи жаҳон уруши ҳаётнинг барча жабҳалари қаторида тиббий хизматни ҳам издан чиқаришга сабабчи бўлди. 1945 йил 9 майдаги ғалабадан кейингина кўп ижобий ишлар тикланди ва ривожлантирилди.

Ниҳоят 1950 йилга келиб, халқ соғлиғини сақлаш борасида бир мунча яхши натижаларга эришилди, десак хато қилмаймиз. Чунки, 1940 йилга нисбатан 1950 йилда давогоҳлардаги ўринлар 2 бараварга ортди. Яъни 1600 тага етказилди. Айниқса, врачлар сони кескин кўпайтирилди. Ўн йил аввалги ҳолатга таққосласак, қарийб 12 бараварга оширилиб, 213 нафар врач эл саломатлигини сақлаш, касалликларнинг олдини олиш билан машғул бўлишига эришилди. Муассасаларнинг моддий-техникаси анча бойитилди. Даволаш ишлари сифатига эътибор кучайтирилди. Кейинги беш йил тиббиёт соҳаси тараққиёти учун яна бир босқич бўлди. Касалхоналар кенгайтирилди, янги 600 та ўрин қўшилди. Врачлар сони 23 нафар олийгоҳларни битириган ёш ўзбек мутахассислари билан тўлдирилди.

60-йилларда тиббиёт тараққиётида яна дадил қадамлар ташланди. Эътиборли жиҳати шундаки, шаҳарда ихтисослаштирилган шифохоналар очиш учун қишлоқларда участка касалхоналари ва фельдшерлик пунктларини кўпайтириш учун қурилиш ишлари ҳам давлат томонидан, ҳам жамоа ҳўжаликлари ҳисобидан амалга оширилди.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми бор.)