ёхуд бўлар бола бошидан аён

Биз болаликдан мўъжизалар бағрида, ҳайратлар оламида яшамоқчи бўлсак, аввало, китобларни дўст тутишимиз шарт. Ахир уларнинг қатма-қат саҳифаларига онгу шууримизни бойи­тувчи, қалбимизни эзгу ҳиссиётларга тўлдирувчи фикрлар, тасвирлар муҳрланган бўлади. Агар ўқибгина қолмай, уқиб ҳам олишга ўргансак борми, камолот чўққиларига етишимиз осон кечади. Президентимизнинг каттаю-кичикни китобхонликка даъват этишлари ҳам бежиз эмас.

Бундай ўйлаб қарасак, китобхонлик бобида ҳам Алишер Навоий бобомиз бизлар учун чинакамига ўрнак бўла оладилар. Ул зотда даҳоликнинг уйғониши жуда эрта - уч-тўрт ёшда бошланганини яхши биламиз. 1444 йили биринчи марта ўша даврнинг машҳур аллома шоири Қосим Анворнинг ғазалини ёд олган, яъни қайта-қайта ўқиб, мурғак хотирасига муҳрлаган, сўнг давраларда айтиб бериб, катта ёшдаги тингловчиларнинг ҳайратига ҳамда олқишига сазоворланган.

Кўп ўтмай, машҳур авлиё Фаридиддин Атторнинг "Мантиқ ут-тайр" номли фалсафий достонини мутолаа қилишга муккасидан кетган. Бир неча минг байтлик китобни қўлидан қўймай ўқиган. Ундан ғоят таъсирланган, ҳатто ҳамма нарсани унутиб, тенг­қурларидан ўзини тортиб, ёлғизликни ёқтирадиган бўлиб қолади. Ана энди Алишернинг бу ҳолати ота-онасини беҳад ташвишлантиради. Боланинг қўлидан китобни тортиб олишгача боришади. Аммо, бу Алишерга малол келмайди. Сабаби, у достонни бошдан-оёқ тўла ёдлаб олган, тез-тез такрорлаб юришга одатланган эди.

Мана шунинг ўзиёқ Навоий бобомиз буюк китобхонлик ортидан буюк сўз санъаткори, буюк инсон мақомига, буюк авлиё мартабасига эришганликларининг чинакам ибратли мисолидир.

Сиз билан биз ҳам, фарзандларимиз ҳам Навоий издошларига айланмоғимиз учун китобларга қаттиқ меҳр боғлашимиз керак. Энг эътиборлиси, бугунги авлод учун зарур китобларнинг барчаси муҳайё. Электрон китоблар ҳам, босма китоблар ҳам кўпайгандан кўпайяпти. Фақат ва фақат уларни танлаб, саралаб, энг фойдалиларини ўқишга ўрганишимиз лозим.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев уқтирганларидек: "Ҳозирги пайтда ҳаммамизнинг олдимизда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган масала, яъни китобхонликни кенг ёйиш ва ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини, уларнинг маънавий иммунитетини янада оширишга қаратилган ишларимизни янги бос­қичга олиб чиқиш вазифаси турибди".

Китоб ўқинг! У сизга баланд руҳ, ширин завқ-шавқ, кўтаринки кайфият бағишлайди. Ҳаётга теран кўз билан боқасиз, ҳар бир яхши амаллардан ўзингиз учун керакли мотивация топасиз. Китоб эртанги кун ўзининг бебаҳо мевасини беришини, албатта, чуқур англаб етасиз.

Машҳура ҚОДИРОВА,

муаллима.