МАНГУ БАРҲАЁТ
Навоий бобомиз достонларида
Меҳр-оқибатнинг илдизин кўрдим.
Ўқидим "Хамса"ни такрор ва такрор,
Мажнундек йиғладим, Лайлидек куйдим.
"Ҳайрат ул-аброр"и тўла ҳикматга,
Яхшиларнинг гўё ноёб низоми.
Ҳаётнинг ҳар они эга қимматга,
Қадрла келмасдан умрнинг шоми.
У давлат арбоби, миллат ғурури,
Улуғлик кўшкида беназир бир зот.
Ҳақиқат, адолат кўнглин сурури,
Ҳазрат Навоиймиз мангу барҳаёт.
Нигора ТУРСУНБОЕВА.
БУЮК АРМОНИМ
БОБУРГА
Юлдузли тунларинг бўлди зим - зиё,
Дўстим деб юрганинг боқмади қиё,
Давлатинг емирди хиёнат, риё,
Ҳиндда қолган менинг буюк армоним,
Ахси, Деҳли, Агра кезган сарсоним.
Фахринисо эди шавкатинг рамзи,
Ютди уни ажал - бешафқат нафси
Ҳам вафо қилмади Андижон, Ахси,
Ҳиндда қолган менинг буюк армоним,
Самарқанд, Панипат кезган сарсоним.
Сенга етса эди қанийди оҳим,
Дердим бахт бергандир улуғ Аллоҳим,
Мушкулим айларди осон ҳур Моҳим,
Олисларда қолган менинг армоним,
Бадаҳшон-у Кобул кезган сарсоним.
Кўп нарса керакмас менга аслида,
Шукурки, ўрним бор Темур наслида,
Баҳоримсан, Бобур, кўнглим фаслида,
Олисларда қолган буюк армоним,
Қалбимни забт этган соҳир хоқоним.
Одина МАВЛОНБОЕВА.
ДЎСТИНГ БЎЛСА...
Дўстинг бўлса, хўп яхши,
Кунинг шодликка тўлар.
Дўстлик умрнинг нақши,
Омадинг, бахтинг кулар.
Чин дўст бўлса етаклар
Яхши йўлга доимо.
Бил, сохта дўст эртаклар
Айтиб алдайди аммо.
Дўстни сақлар ширин сўз,
Ҳамдардлигу ҳамкорлик.
Ажрашсанг баҳоринг куз,
Дунё қилади торлик.
Дўстларинг бўлсин омон.
Бағринг оч уларга кенг.
Дўстлар билан ўтган он
Гўёки байрамга тенг.
Шодиёна МИНАВВАРОВА.
ФАХР
Дарахт гуркирайди, гуллайди оппоқ,
Қачонки илдизи бақувват бўлса.
Бизларнинг танлаган йўлимиз порлоқ
Кўнгиллар мунаввар - умидлар тўлса.
Миллат юксалади, қадр топади
Эзгу ният билан олға интилса
Халқимнинг омади тинмай чопади,
Аждодлар кечмишин сабоқ деб билса.
Ватаним тарихин эсга олсак гар,
Кўзимиз олдига Навоий келар.
Ахси осмонида учган кабутар
Умаршайх, Бобурни қидириб елар.
Ватаним, муқаддас ардоқли ўлкам -
Янги Ўзбекистон бунёдкоримиз.
Илмнинг машъали ҳар дилда ҳар дам
Ренессанс даврин ижодкоримиз.
Ифора ОЛИМЖОНОВА.