«Boburnoma»ning olmoncha tarjimalari

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи бутун оламга маълуму машҳур. Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганидай: "Бу буюк зот ўн икки ёшидан бошлаб темурийлар давлатини сақлаб қолиш учун ўзини ўтга ҳам, чўққа ҳам урди, ҳеч қандай душмандан ҳам, синовдан ҳам қўрқмади. Қирқ олти йиллик умри давомида бир зум ҳам ҳаловат билмасдан ўтди. Ўз авлодларига Ватанга бўлган буюк муҳаббатини, эзгу фазилатларини мерос қилиб қолдирди". Биз ана шу эзгу фазилатларини фарзандларимиздаям шакллантиришимиз учун китоблари мутолаасига катта эътибор қаратишимиз керак.

Ахси - бугун Наманган вилоятининг гуллаб-яшнаётган қишлоқлари қаторида туради. Сирдарёнинг ўнг соҳилидаги баланд тепаликда жойлашган. Одамлари меҳнаткаш, миришкор ва тадбиркор. Энг фахрли томони шу ерда Бобурнинг оиласи яшаган, отаси қадимги Фарғона вилоятини бошқарган. Бунга "Бобурнома" шоҳидлик беради: "Сайҳун сувининг шимолий тарафидаги шаҳарлардан бири Ахсидир... Фарғонада Андижондан кейин бундан йирикроқ шаҳар йўқ". Демак, қишлоғимиз ўрнида катта шаҳар бўлган экан.

"Умаршайх Мирзо буни пойтахт қилган эди". Нима учун айнан Ахси бошкент сифатида танланган? - деган савол беихтиёр кўнглимиздан кечади. Яна китоб мутолаасига ўтамиз: "Сайҳун дарёси қўрғоннинг пастидан оқади. Хандақ ўрнида чуқур жарлар бор. Буни пойтахт қилган Умаршайх Мирзо бир-икки маротаба ташқарироқдан жарлар қаздирди. Фарғонада бундайин мустаҳкам қўрғон йўқ". Энди бу тушунарли, яъни шаҳар баланд тепаликда, унинг уч томони дарё - сувлик бўлган. Бир томони - шимолидан эса, ҳукмдорнинг ўзи хандақ қаздириб, сувга тўлдиртирган. Чор атрофи ҳимояли. Фақат хандақ устидан кўприк орқали шаҳарга кириш мумкин эди, холос. Шу боис, қўр­ғон мус­таҳкам, ишончли. У даврда тахт талашиш урушлари тез-тез содир этиб турилгани туфайли бу жой ниҳоятда пойтахт учун мос кўринган.

Асарни ўқишда давом қилсак, яна муҳим маълумотни учратамиз: "Маҳаллалари қўрғондан бир шаръий (2,5 километр) йироқда жойлашган. "Қишлоқ қаерда-ю, дарахтлар қаерда?" мақолини афтидан Ахси учун айт­ганлар". Бобур битикларига биноан тасаввур этсак, шаҳар маҳаллаларга туташиб кетган эмас экан. Аксинча, Ахсидан туриб қаралса, дарахтлару маҳаллалар кўринмасакан. Орасида яйдоқ ва очиқлик майдон бўлган, янаям аниғи: "Сайҳун дарёсининг Ахси тарафи даштдан иборат. Оқ кийиги кўп бўлади", деб ёзади Бобур. Ойдинлашадики, ҳозирги Яккатом, Файзиобод ва Соҳилобод маҳаллалари кейинги асрларда вужудга келган.

Ахси шаҳар аталишига қарамай, деҳқончилик ва боғдорчилик ўша чоғдаёқ ривожланганидан далолат берувчи сатрлар "Бобурнома"га муҳрланган: "Қовуни яхши бўлади. Бир нав қовунни "Мир темурий" дейдилар, бундай қовуннинг бошқа жойда ҳам борлиги маълум эмас. Бухоро қовуни машҳурдир. Самарқандни олган пайтимда Ахсидан, Бухородан қовун келтириб, бир ўтиришда кестирдим. Ахси қовунининг ҳеч нисбати йўқ эди". Ота-боболаримиз дарё ёқасида яшаганликлари, яна юқоридан - Косон сойидан сув оқиб келгани учун полизчиликда ғоят тажрибакор бўлишгани, ҳатто Ахси Амир Темурга дахлдор қовун навининг ватани сифатида донг таратгани бизларни бениҳоя фахрлантириб юборади.

Ахси ва Бобур масаласида жиддий мунозаралар ниҳояланмаганига қарамай, биз учун ул зотнинг қадри ўзгача. Ахир Умаршайх Мирзо 1455 йилда Самарқандда туғилган эса-да, ўспирин ёшлигидан Фарғона вилояти тасарруфи унга топширилгани-ю, ўз давлатига Ахсини пойтахт қилгани, алал оқибат фалокатдан сўнг 39 ёшида шу ерга дафн этилгани тарихий ҳақиқат. Қишлоғимизнинг ғарбида ҳам ҳозиргача Каптархона деган жарликлар дарёга мунгли боқиб турибди.

Ҳамюртимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллиги айёмида унинг мана шу насрий ва қомусий асарини бир-бир варақласак, таассурот ва тасаввурларимизни бойитувчи юқоридагидек қимматли маълумотларни яна кўпдан-кўп ўринларда учратаверамиз. Ахсининг ўтмиши ва бугунини қиёслаб, ҳам буюк аждодларимиздек, ҳам бугунги бунёдкор замондошларимиздай она юртнинг порлоқ истиқболи учун доимо фидойилик кўрсатиш муқаддас бурчимиз бўлмоғи зарурлигини чуқур англаб етаверамиз.

Гулсора РАЙИМБЕРДИЕВА,

Тўрақўрғон туманидаги

22-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.