Халқимиз мамлакатимиз ҳаётидаги буюк тарихий санани байрам қилмоқда. Яъни Ватан ҳимоячилари кунини - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллигини нишонламоқда. Чунки, 1992 йил 14 январда юртимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфига ўтказилган эди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: "Бугунги кунда миллий армиямиз минг-минглаб ўғлонларимиз учун мардлик, фидоийлик, ҳақиқий ватанпарварлик мактабига айлангани ҳеч шубҳасиз шу йўлда эришган энг катта ютуғимиздир. Бу ҳақиқатни юртимиздаги барча ота-оналар, бутун халқимиз ғурур билан, миннатдорчилик билан эътироф этмоқда.
Ҳозирги кунда оналар ўз фарзандларини армияга кўзда ёш, юракда хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади, деб юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатмоқда".
Дарҳақиқат, истиқлол йилларида Қуролли Кучларимиз мукаммал даражада шаклланди. Унинг салоҳияти ўсди ва жанговар тайёргарлиги мустаҳкамланди. Эндиликда сон жиҳатдан ихчам, ҳаракатчан, замон талабларига тўла жавоб берадиган, пухта тайёргарликка эга бўлган армия сифатида ўзини намоён этмоқда.
Ҳозирда мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ёшларни чақирувга тайёрлаш тадбирлари тобора такомиллаштирилмоқда. Жумладан, бизнинг ижод мактабимизда таълим-тарбия олаётган 10, 11-синф ўғил-қизларга турли тилларни ўргатиш, иқтидорларини ўстириш билан бирга бошланғич ҳарбий таълим сабоғини бериш ҳам алоҳида эътиборда. Бу борада назарий билимларни ўргатишдан ташқари турли мусобақалар уюштириш изчил йўлга қўйилган.
Бизга ҳамкор ташкилотларнинг амалий кўмаклари катта бўлмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, фавқулодда вазиятлар вилоят бошқармалари, ҳарбий қисмлар жамоалари биргаликда от спорти, нишонга отиш мусобақалари уюштиришмоқда. Ҳарбий раҳбар ва ходимлар билан учрашувлар ташкилланмоқда.
Янги Ўзбекистон - чинакам ватанпарварлар юрти. Ахир ёш авлодни маънавий-аҳлоқий ва ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга, ҳар бир ўғил-қизда мамлакат суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилишга бурчдорлик туйғусини кучайтиришга ғоят муҳим масала сифатида қараб келинмоқда.
Фарзандлари соғлом юртнинг кучига-куч, қудратига-қудрат қўшилаверади. Шу боисдан ақлан соғлом, жисмонан бақувват, ҳар жиҳатдан чиниққан баркамол авлодни вояга етказиш масаласи доимо долзарб бўлиб қолаверади.
Ҳикматилла МАМАТОВ,
Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактабининг ҳарбий ватанпарварлик ва
чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик раҳбари.