Қамбарали 1953 йили Янгиқўрғонда таваллуд топган. 22-мактабни тамомлагач, турли ишлаб чиқариш корхоналарида хизмат қилган. Сўнгра Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг филология факультетида сабоқ олиб, Тошкент шаҳридаги мактабларда ўқитувчилик қилган. Журналистика соҳасидаги фаолиятини 1990 йили "Меҳнат байроғи" (Ҳозирги "Янгиқўрғон ҳаёти") газетасида бўлим мудирлигидан бошлаган. Кейинчалик вилоят телерадиокомпаниясида давом эттирган. Сўнгра ўн йилга яқин "Янгиқўрғон ҳаёти" газетасига муҳаррирлик қилди. Туман ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этди.

Бадиий ижоди ҳийла кечроқ   сўнгги 20 йил мобайнида мухбирликнинг "қаттиқ" нонини татиб, кўзи пишгач, астагина пайдо бўлди.Унинг журналистика ва бадиий ижодда қалам тебратаётгани ҳар икки жабҳада ҳам тинимсиз изланаётганидан дарак беради. Илк ижод намуналари матбуот саҳафаларида ёритиб борилиши билан бирга биринчи - "Катта йўлга туташ сўқмоқлар" деб номланган ўзи ишлаётган жамоа аъзолари билан ҳаммуаллифликда чоп этилган тўпламга киритилди. Ушбу китобда ҳикоялар, қатралар ва очерклар жамланган бўлиб, муаллифлари янгиқўрғонлик ҳамкасб ижодкорлар Лобар Рустамова, Дилбар Асқарова, Шаҳзода Акбарова ва Қамбар Ҳайдарнинг ўзи эди. Ундан "Икки кўнгил", "Армонли дунё", "Кўрнамак" ҳикоялари ҳамда "Дарёдил одам", "Кўнгил даргоҳи" номли очерклари ўрин олган.

2004 йили "Барҳаёт сиймолар" номи билан чоп этилган марҳум тумандошлари ҳақидаги илк мустақил китоби кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. 2006 йилда нашр этилган шеърлар ва ҳикоялар тўплами "Сен баҳорим гулисан" эса муаллиф ижоди ва имкониятларини ёрқин очиб беради. Тўпламдаги ўнлаб шеърлари билан бир қаторда "Умидбахш тонг", "Бодомгул", "Надомат", "Ажр", "Ноила", "Нафрат", "Чироқ" сингари бир-биридан пухта, ўзи таниган, билган қишлоқдошлари тақдири, реал ҳаётий воқеалар асосига қурилган бадиий кашфиётлар билан танишишингиз мумкин.

Қамбар Ҳайдар ижодининг янги босқичи унинг 2019 йилда чоп этилган "Изҳор ёхуд кўнгил мавжлари" деб номланган эссе ва ҳикояларини қамраб олган китоби бўлди. Бу тўплам Тошкентдаги "Наврўз" наш­риёти томонидан минг нусхада босиб чиқарилди ва адабий жамоатчилик ҳамда кенг китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинди.

Жумладан, ушбу китобга сўз боши ёзган таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад шундай таъкидлайди: "Ҳаётнинг қизиқ ва ғалати жумбоқларидан бири - одам бевосита кўриб-эшитиб юрган воқеа-ҳодисаларга кўпда қизиқиш билдиравермайди. Орадан вақт ўтган сайин эса ортда қолган йиллар ўша "арзимас", "қизиқ бўлмаган" воқеа-ҳодисалар хотира қатларидан бош кўтариб чиқиб кела бошлайди. Ота-она, оға-ини, қариндош-уруғ, касбдошлар, ёр-дўстлар, ҳатто бир замонлар сизга ғайирлик қилган ғанимлар - ҳамма-ҳаммалари сизга ўзгача меҳр, ўзгача оқибат билан ёдга тушаверади. Эҳтиросларни уйғотади, ҳаяжонлар янгиланади. Қамбар Ҳайдарнинг ушбу мажмуаси айни шундай хотиралардан туғилган меҳр-оқибат, эҳтиросу ҳаяжонлар манзараларидек ўқилади. Публицистик мақолалар бўладими, бадиийлик даъвосидаги ҳикоялар бўладими, уларнинг барчаси замирида муаллифнинг: "Мен ҳаётда кўрган ушбу воқеа-ҳодисаларнинг бари ўқувчиларимга сабоқ бўлсайди" деган эзгу ният, эзгу орзу ўқувчини оҳанрабо мисоли ўзига тортиб, жалб этиб туради".

Қалам бирданига эмас, аста-аста чархланиб, ўткирлашиб боради. Дарҳақиқат, Қамбар Ҳайдарнинг юқорида таъкидлаб ўтган китоби нашрдан чиққанига бир йил ўтмаёқ, бултур - 2020 йилда китоб расталарида унинг навбатдаги "Мени кечир, қизим!" тўплами пайдо бўлди. Адибнинг янги қиссаси, сиёҳи қуримаган ҳикоялари ва хотиралари ҳамда "Турмуш чорраҳалари" рукнидаги бадиҳаларини қамараб олган бу китоб Намангандаги "Усмон Носир медиа" нашриёти томонидан "Заковат нашриёт уйи" босмахонасида 2000 нусхада чоп этилди.

Тўпламга киритилган "Санжарнинг қисмати" ҳикояси ҳамда ёзувчи одат қилган, кунлик кўрган-кечирган, хаёлдан ўтган фикрларни қоғозга тушириб борадиган "Кундалик" дафтарига қайд қилиб қўйганлари ҳам ўқувчини ўйлашга, фикр юритишга чорлайди.

2021 йил август ойи сўнггида "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги" эсдалик нишони билан тақдирланган дўстимизга янада юксак ижодий парвозлар тилаймиз.

Мусо АКМАЛИЙ,

Ўзбекистон ва Турон халқаро

ёзувчилар уюшмалари аъзоси,

Турон фанлар академияси академиги.