Янги йил келмоқда, янги йил қаранг,
Барчанинг дилига қувонч улашиб.
Кимдир қўшиқ куйлар, кимдир шеър айтар,
Яна кимдир ўйнар кўнглини хушлашиб.
Дилидан тилига кўчиб шодлиги
Кимдир қадаҳ сўзи айтар мастона.
Ҳазилкаш дўстларнинг ҳазил сўзидан
Гуриллаб кулгуга тўлади хона.
Янги йил келмоқда, янги йил қаранг,
Бағрида янги кун, янги бахтлар бор.
Ой ойдин орзулар ичра ҳамоҳанг
Эзгулик йўғрилган оппоқ қорлар бор.
Янги йил шундайин файзли тантана,
Меҳмонга келади Қорбобо, Қорқиз.
Минг шукур, кутишга мезбонмиз яна,
Тириклик завқидан яйрар дилимиз.
Одина УБАЕВА,
Учқўрғон тумани.