10 ДЕКАБРЬ - ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МАДҲИЯСИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН КУН
Ҳар кун тонгда Ўзбекистон Республикаси мадҳияси телевидение ва радиода янграйди. Уни тинглаб, беихтиёр кўнглимиз тўлқинланади, шу юрт фуқароси эканимиздан беҳад ғурурланамиз. Ахир мадҳиянинг ҳар бир сатри, ҳар бир сўзи беқиёс ватанпарварлик руҳи билан суғорилган:
Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!
Яшнагай то абад илму фан, ижод,
Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!
1992 йилнинг 10 декабрида "Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида" ги қонун қабул қилинган. Унинг мусиқасини Мутал Бурҳонов, сўзини Абдулла Ориповлар битишган. Ҳар икки ижодкор ўзбек халқининг юксак иқтидорли фарзандлари эдилар. Шу боис, ҳақли равишда айта оламизки, мадҳиямизнинг куйи ҳам, шеъри ҳам мукаммал ижод маҳсулидир.
Дарҳақиқат, мусиқаси янграй бошлагандаёқ қалбларимиз ҳаяжонга ва фахрга тўла боради. Сўнгра оҳангга мутаносиб равишда тантанавор қўшиқ наволанади. Адабиётшунос Султонмурод Олим таъкидлаганидек: "Мўъжазгина бу мадҳияда Абдулла Орипов ижодига хос энг муҳим жиҳатлар ўта ихчам тарзда ўз аксини топган, дейиш мумкин.
Биринчидан, шеърда ватанпарварлик руҳи ҳадди аълосига кўтарилган. Юрт мадҳи, аслан, Абдулла Орипов шеъриятининг бош мавзуси бўлиб келган.
Иккинчидан, матн ниҳоятда пухта-пишиқ - бир сўз кам ёки ортиқча эмас.
Учинчидан, ҳар бир калимага муайян ижтимоий вазифа юкланган.
Тўртинчидан, қўшиққа мўлжалланган матн бўлгани учун ҳам унда жаранг - баланд, қофиялар тўқ, ички оҳангдорлик ҳам жуда кучли".
Биз айниқса мадҳия нақорат бандини куйлаганимизда ўзимизни ғоят бахтиёр ва ғоят масрур сезамиз, албатта. Тўрт сатрда Ватанимиз ва халқимизнинг буюк тарихию, порлоқ бугуни жуда ёрқин мужассамланган:
Олтин бу водийлар - жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон
Оламни маҳлиё айлаган диёр!
Зеро, бугунги Янги Ўзбекистонимиз камолида мадҳиясидаги сўзлар қайта-қайта ўз тасдиғини топиб турибди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида эртанги тараққиётни таъминловчи ислоҳотларнинг изчил ижроси учун каттадан-кичик фидойиларча меҳнат қилмоқда. Халқнинг битмас-туганмас куч-қудрати нималарга қодирлиги кўз ўнгимизда доимо намоён бўлмоқда. Қайси соҳада ишламайлик, буюк ўзгаришларга, чинакам янгиланишларга ўз ҳиссамизни қўшишга интиляпмиз. Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйиш ҳаракатининг олдинги сафларида бўлиш иштиёқи эса, мадҳиямизни куйлаганимизда, тинглаганимизда янада кучайиб бораётгани ҳаётий ҳақиқатдир.
Биргина: "Яшнагай то абад илму фан, ижод", деган сатрнинг сеҳриёқ барчамизни эртанги кунга бўлган орзу-умидларимизни янада мустаҳкамлайверади.
Бизнинг Тўрақўрғон туманидаги 24-мактабимиз педагоглари ва ўқувчилари Давлат мадҳиясининг ўттиз йиллиги тантанасига бу гал ўзига хос равишда тайёргарлик кўришмоқда. 10 декабрда эрталабки сафланишда уни биргаликда тик туриб, оммавий тарзда жўр бўлиб айтамиз. Қўшиқнинг мазмун-моҳиятини ифодаловчи чиқишлар ҳам ғоят мароқли ўтади.
Ўзбекистонимизнинг бош қўшиғи - мадҳиямиз абадул-абад янграйверсин, дунёни маҳлиё этаётган халқимизнинг кўтаринки руҳига, баланд кайфиятига асло кўз тегмасин!
Машҳура ҚОДИРОВА,
1-тоифали она тили ва
адабиёт фани ўқитувчиси.