Дунёга довруғ таратаётган Ўзбекистонимизда байрамга байрамлар уланавериши кўнгилларимизни мунаввар айлабгина қолмай, қаерда ва қайси соҳада ишламайлик элу юрт тараққиётига муносиб улушимиз қўшилаётганидан фахрланиш ҳиссига ҳам тўлдираверади.

Айниқса, давлатимиз рамзлари қабул қилинган кунларнинг қадр-қиммати-ю, файзу шукуҳи ўзгача эканини ҳар йили кайта-қайта эътироф этмай бўладими. Келгуси ҳафта ана шундай ватанимиз тимсолларидан - байроғимиз қабул қилинганининг 30 йиллигини нишонлаймиз.

Давлатимиз рамзлари ҳаётимизда муҳим ўрин тутади. Уларга боқиб ёки уларда ифодаланаётган маъно-моҳиятни уқиб, ўзимиз учун, юртимиз учун, келажак авлод учун долзарб аҳамиятли туйғуларни туя­миз. Рамзлар бизларга ким эканлигимизнию, ким бўлмоқчи эканлигимизни англатиб туриши билан янада қадрли. Чунончи, гербимиз тасвирида Ўзбекистон яққол мужассам. Мадҳиямизни Ватанимизнинг сўздаги тўлақонли чизгиси, деб аташга ҳақлимиз. Байроғимизнинг туси, ранго-ранглиги, унга туширилган ярим ойю юлдузлар - қалб туйғуларимизни жўш урдирадиган, теранлаштирадиган тимсол ифодалардир.

Яна алоҳида жиҳатлари гербимиз кўз ўнгимизда жонланса, дилимизга жо мадҳиямиз тилимизда янграса, байроғимиз юксакларда ва қўлларимизда ҳилпирайди. Чунки, у оддий мато эмас, энг қимматли, энг муқаддас тимсол сифатида бизларнинг руҳимизга руҳ қўшади. Уни авайлаш - Ватанни асрашга тенг, уни ардоқлаш - Ватанни эъзозлаш билан баробар. Буни ҳар вақт эсда тутмоғимиз шарт.

Байроқ - ўзи нима?- деган саволга "Ўзбек тилининг изоҳли луғати"да қуйидаги шарҳ битилган: "Ёғоч ёки метал дастага, сим ёки чилвирга бир неча рангли, давлат, ташкилот, уюшма, ҳарбий қисм ва шу кабиларга қарашлиликни ифодаловчи герб, эмблема ва бошқа рамзий белгилар, безаклар тасвири туширилган муайян ўлчамдаги мато; алам, ялов туғ".

Мустақил юрт борки, албатта, ўз байроғига эга. Герби, мадҳияси сингари у ҳам муҳим рамзи ҳисобланади. Асли азалдан танланган, жорий қилинган ҳар бир байроқнинг ўзига хос тарихи бўлади. Ўзбекистон Республикаси байроғининг янгиланиш жараёни истиқлол арафасида бошланган эди. Бу эзгу ҳаракат 1991 йилнинг 18 ноябрида мустақил Ўзбекистон байроғини тасдиқлаш билан якун топди. Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар ичида биринчилардан бўлиб бизнинг миллий байроғимиз қабул қилинган. Айнан ўша куни Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг схематик ва рангли тасвири "Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида"ги қонунида аниқ ва лўнда белгилаб қўйилган.

Барчамизга маълумки, мустақил мамлакатимиз байроғи бутун узунлиги бўйлаб тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан ташкил топган тўғри тўрт бурчак шаклидаги матодир. Агар юқори қисмига назар ташласак, ярим ой ва 12 юлдуз тасвири туширилганини кўрамиз. Узунлиги 250 сантиметр, кенглиги 125 сантиметр.

Қачон ва қаерда кўтарилади? Бунга ҳам қонунда ойдинлик киритиб қўйилган. Байроғимиз Ўзбекис­тон Республикаси делегациялари хорижий мамлакатларга сафарларга борганида, халқаро ташкилотларда, анжуманларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида она - Ватанимиз тимсолига айланади. Шу боис, ғолиб спортчиларимиз шарафланганида байроғимиз юксакларга кўтарилади. Спортчиларимиз эса, уни мағрур ушлаб ёки ўпиб, Ўзбекистонимизга содиқлигини яна бир карра ифодалайдилар. Демак, байроғимиз Ватанимиз рамзи сифатида ҳар бир фуқаро учун муқаддас ҳисобланади. Унга нисбатан ҳурматсизлик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Давлат байроғимизни кўтариш билан боғлиқ яна бир қатор тартиб-қоидалар юқоридаги қонунда ўзининг аниқ ва равшан ифодасини топган. Доимий суратда, жумладан, мамлакат Президенти, Олий Мажлис, Ўзбекистон ҳукумати, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари, ҳокимликлар иш олиб бораётган биноларда кўтарилади. Ўзбекистон расмий делегациялари қатнашаётган халқаро тадбирларда, байрам кунлари эса вазирликлар, давлат қўмиталари ва муассасалари, корхона ва ташкилотлар бинолари, шунингдек, уй-жой бинолари тепаси ва пештоқларида ҳилпираб туриши қонунга мувофиқ саналади.

Байроғимиз - фахримиз. Ватанимиз тимсоли, давлатимиз рамзи сифатида уни доимо юқори тутишга бурчлимиз. Инчунин, уни қабул қилинган кунни қутлуғ айём билиб, ўзига хос байрамона кайфиятда нишонлашга одатланганимиз шундандир. Кўнглимиздаги меҳр-муҳаббат туйғуларимизни айтиб, Янги Ўзбекистон равнақи йўлида, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш иштиёқида тобора фаол ишлашга ва ўқишга янада қатъий аҳдланамиз. Ахир давлатимиз рамзларидан бири бўлганлиги туфайли муқаддас байроғимиз миллий ғуруримизни ҳамиша юксалтиришга хизмат қилади. Унинг борлиги ва барқарорлиги халқимиз учун беқиёс ватанпарварлик дарсини берувчи кучли тарбия воситаси бўлиб қолаверади.

Қўлда байроғимиз - ҳилпирар мағрур,

Унинг ранг-рўйида Ватан тимсоли.

Истиқлол - халқ учун осмоний ғурур,

Гуркираб яшнатар қуёш мисоли.

2021 йил 6 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг янги биносида Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиши маросимида давлатимиз рамзларига беҳад баланд эҳтиром кўрсатганликлари ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. "Жонажон Ватанимиз тимсоли ва мустақиллигимизнинг рамзи бўлган давлат байроғимиз, мадҳиямиз ва гербимизга, менга топширилган Президентлик Олий нишони ва байроғига юксак ҳурмат бажо келтираман", дедилар муҳтарам Юрт­бошимиз. Бу сўзлар қалб­ларимизни ниҳоятда тўлқинлантириб, ғурурлантириб юборди, албатта. Шу боис ҳар биримиз учун чексиз намуна ва ўзига хос сабоқлигини ҳам асло унутмаслигимиз керак.

Гулираъно МАҲКАМОВА.

Тўрақўрғон туманидаги

24-мактабнинг олий тоифали она тили ва адабиёт фани

муаллимаси.