- дейди суҳбатдошимиз Мингбулоқ туман тиббиёт бирлашмасининг маънавий-маърифий ишлари бўйича масъул ходими, "Энг фаол маънавият тарғиботчиси" Маъсудахон Маҳкамова
- Маъсудахон опа кўп йиллардан буён туман саломатлик посбонларининг маънавий- маърифий билимларини мустаҳкамлаш борасида фаолият юритиб келмоқдасиз. Тажрибага бой тарғиботчи сифатида бу йилги ишларингиз ҳақида суҳбатлашсак.
- Жорий йил бошида ишни туман тиббиёт бирлашмасининг Маънавият ва маърифат Кенгашини қайта тузишдан бошладик. Чунки, пандемия туфайли фаолиятимиз анча оқсаб қолган эди. Кенгаш аъзоларига вазифаларни тақсимладик. Шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2021 йилдаги дастурига асосан иш режаси ва "йўл харита"сини тузиб олдик.
Даставвал ишни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятини ўрганишдан бошладик. Кўп тармоқли марказий поликлиника, оилавий поликлиникалар ва оила шифокорлик пунктлари ходимларигача ўқиб танишишди.
Вилоятда анъанага айланган "Маънавият ва маърифат" ойлиги доирасида Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд кунларини тантанали нишонладик. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг юбилейига бағишланган адабий-бадиий кеча уюштирдик.
Мустақилликнинг 30 йиллиги олдидан "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" ғоясини мужассам этган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказишга алоҳида урғу бердик.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ ташкилланган ўзбек тили байрамига ёзувчи, шоир ва тилшунослар билан учрашувлар ташкилладик. Шунингдек, муҳим саналарга бағишланган ва бошқа маънавий-маърифий анжуманлар ҳам пандемия шароитида санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда бўлишини таъминлаб келяпмиз.
- "Маърифат соатлари"нинг таъсирчанлиги ва унинг тиббиёт ходимлари учун аҳамияти тўғрисида ҳам мулоҳазаларингизни билдирсангиз.
- "Маърифат соатлари" тиббиёт ходимининг тафаккурини бойитади. Сиёсий билимларини мустаҳкамлайди. Нега деганда врач ва ўрта тиббиёт ходимининг энг биринчи галдаги вазифаси инсон саломатлигини сақлаш ва муҳофаза қилишдир. Шундай экан, унинг ўй-фикрлари бемор билан боғлиқ. Беморни тезроқ дарддан халос этиш, тўғри ташхис қўйиш, оёққа турғазиш ва тўғри муолажа қилиш билан бандлигини яхши биламиз. Чунки соҳа ходимларининг вазифаси жуда нозик-да. Оқибатда улар мамлакатимиз ва хорижда бўлаётган воқеа-ҳодисалар билан ўз вақтида таниша олмаслиги мумкин. Шунинг учун "Маърифат соатлари" жамоалар учун жуда-жуда фойдалидир.
Маънавият бўйича масъуллар ва тарғиботчилар қабул қилинган қонунлар, Президент қарорлари ва фармонлари билан мунтазам таништириб борилади. Бундан ташқари коррупция, эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, оилавий қадриятлар ва ёшлар тарбиясига эътиборсизлик каби ҳолатларга барҳам беришга қаратилган суҳбатларни ҳам "Маърифат соатлари" орқали етказишга ҳаракат қиляпмиз. Ўрни келганда ҳамширалар билан одоб-аҳлоқ масалаларида гаплашамиз. Айниқса, ёшларда соғлом дунёқарашни шакллантириш, китобхонлик кўникмасини эгаллаш, ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланиш маданиятини ошириш каби хилма-хил мавзуларни ўз ичига олган "Маърифат соатлари" кўпсонли тиббиёт ходимларининг сиёсий онги ва тафаккурини ўстиряпти, десак асло муболаға эмас.
М. ЭРГАШЕВА суҳбатлашди.