Улуғ айём - Ўзбек тили байрами куни Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт муассасаларида ҳам кенг нишонланди.
Жумладан, вилоят пульмонология ва фтизиатрия марказида шу муносабат билан маънавий-маърифий тадбир ташкилланди. Унда сўзга чиққан марказ бош врачининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Муяссар Бойматова "Қадринг баланд бўлсин, она тилим!" мавзуида маъруза қилди.
Ўзбек тили байрами Чортоқдаги болалар сиҳатгоҳида, вилоят қон қуйиш марказида, Косонсой ва Уйчи туманлари тиббиёт бирлашмаларида, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида, вилоят суд-тиббий экспертиза бюросида ҳам кўтаринки руҳда нишонланди. Тадбирларга тилшунос олимлар, шоир ва ёзувчиларнинг таклиф этилганлиги байрам тантанаворлигини таъминлади. Нотиқлар тилимизга давлат мақоми берилганлигининг ўттиз икки йиллиги ҳақида батафсил гапириб беришди. Адабий чиқишларда ва янграган қўшиқларда она тилимизнинг бор жозибаси намоён бўлди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.