Бугунги мактаб ўқувчилари янги Ренессанс пойдевори бунёдкорларига айланишларини энди барчамиз яхши биламиз. Уларга боқиб, эркин ва фаровон яшайдиган, билимдон ва зукко янги Ўзбекистон фуқароларини тасаввур этмоқдамиз. Ташаббускор Юртбошимиз атрофларига жипслашиб, оламшумул ислоҳотларнинг фаол ижрочиси бўлиш иштиёқи қалбларимизни бирор лаҳза тарк этмаслиги шартлигини ҳар биримиз чуқур англаб етмоқдамиз. Шунданми, оз вақт ичида кўп иш қилишга улгуриб боряпмиз.
Бизнинг хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатимиз янги Ўзбекистоннинг янги билим ўчоғи ҳисобланади. Инчунин, Ватан тараққиёти йўлида фидокорона ҳаёти ва бебаҳо асарлари юксак инсонийлик ҳамда миллий уйғониш намунаси сифатида хизмат қилаётган маърифатпарвар олим, шарқ ва ғарб тилларининг билимдони бўлган ғоят зукко зот - Исҳоқхон Ибратнинг табаррук номини абадийлаштириш, унинг издошларини кашф этиш учун шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йили очилган эди. 120 ўринли муассасамиз педагогик жамоаси ўтган уч ўқув йили мобайнида тилга олса арзигулик натижаларга эришмоқда. Ўқитувчи ва ўқувчиларимизнинг айниқса тилшунослик бобидаги ҳаракатлари қувончли самаралар бермоқда.
Ибратга издошлик мақомига муносиблик касб этаётган ўғил қизларимизнинг аксарияти худди Исхоқхон тўра каби беш-олти тилда гапиришни, ўқиш-ёзишни ўз олдиларига қатъий мақсад қилиб қўйишган. Уларнинг эзгу ниятлари ушалиши учун барча зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар муҳайё. Компьютерлардан тортиб овоз ёзиш ва эшитиш тизимларигача жиҳозлаб қўйилган. Юқори малакали мураббийлар шу ернинг ўзидаги "Тил ўрганиш маркази"да ёшларга керагича ёрдам ва рағбатлариниям аяшмайди. Дарсдаги машғулотларда олишган билимлари тобора бойитилади, мукаммалаштирилади. Республика Халқ таълими вазирлиги уюштираётган фан олимпиадаларида ўқувчиларимиз она тили ва адабиёт фанидан қанчалик юқори кўрсаткичларни қўлга киритишаётган бўлса, инглиз, немис, француз ва рус тилларини ўзлаштиришдаям фахрли биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаб келишяпти. Ҳатто ҳали мактаб-интернатимизни битирмай туриб онлайн усулида имтиҳонлар топширишиб, кўрик-танловларда қатнашиб, бир йўла хориждаги бир неча университет ва институтларнинг талабалари қаторига қабул қилинишяпти.
Билим масканимиз гарчи хорижий тилларни ўргатишга ихтисослаштирилган бўлса-да, республикадаги тўнғич ижод мактаби мақомида ҳам барқарор фаолият юритмоқда. Бунинг ўзиёқ зиммамиздаги масъулиятни икки карра оширади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимлари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатганмиз. Таваллудларининг 80 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халк шоири Абдулла Орипов ҳамда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов асарлари билимдонлари кўрик-танловининг республика босқичида ўқувчиларимиз - Гулёра Тўйчиева ва Дилобар Маҳмудовалар муваффақиятли қатнашдилар.
Мактаб-интернатимизда китобхонлик кенг қулоч ёйган. Аксарият ўқувчиларимизда "Китобхон-2021" танловида иштирок этиш иштиёқи кучли эди. Улар тавсия этилган 100 китоб мутолаасида баъзан муаммоларга дуч келишарди. Чунончи, мумтоз адабиёт намуналарини ўқиш чоғида эски - арабий, форсий ва туркий сўзларнинг асл ва маъжозий маъносини тушунишда қийналишарди. Уларнинг кўнглида "Қани эди мумтоз сўзларнинг қисқача луғати бўлса" деган орзу-истак яшарди. Небахтки худди шу эҳтиёжни қондирувчи амалий жараён бизнинг мактабимизда бошланиб, ёзги таътил пайтида муваффақиятли ниҳоясига етказилди. Юртбошимизнинг алоҳида этиборларига сазоварлик наманганлик ижодкор ёшларга насиб этди.
Маълумки, 30 июнь - Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон ёшлари ва талабаларининг форумида Президентимиз Шавкат Мирзиёев: "Мен ҳар гал сизлар билан учрашганимда "Илмни қадрланг, илмга интилинг!" деган сўзларни такрорлашдан асло чарчамайман" дея бежиз таъкидламади. Навқирон авлод даврасига кириб, уларнинг ўқиш ва изланишлари билан қизиқди. Наманганликларни, хусусан, бизнинг ижод мактабимиз 9-синф ўқувчиси Дилобар Маҳмудовани суҳбатга тортди. Унинг "Ўзбек мумтоз адабиёти сўзлари луғати"ни яратишга жазм қилганини эшитиб, ўша лаҳзадаёқ ёш тилшуноснинг қимматли ташаббусини қўллаб-қувватлади. Ҳатто Наманган вилоят ҳокими бу эзгу иш рўёби учун махсус грант ажратиши мақсадга мувофиқ эканини айтди.
Ўқувчимиз форумдан қайтган куниёқ билим даргоҳимизга вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ташриф буюрди. Дилобар Маҳмудовага луғатшунослик фаолияти учун асқотадиган ноутбук ҳам совға қилди. Айни маҳалда назарий-амалий ёрдам берадиган ишчи ҳамда ижодий гуруҳ шакллантирилди. Эътибору рағбатдан руҳланган ҳолда қарийб икки ой давомида "Мумтоз сўзларнинг беш тилли қисқача луғати" тайёрланди.
Луғатдан ўрин олган салкам икки ярим минг сўз бешта устун остида берилган, яъни: ўзбек, инглиз, немис, француз ва рус тилларидаги лексик ифодаси жамулжам. Қимматли жиҳати энг фаол мумтоз сўзлар сараланиб, лотин алифбоси бўйича тартибланган. Нега кўп тилли мухтасар луғат яратилди? Фақат китобхонлик учунгина эмаслиги ўз-ўзидан аён. Хорижий тилларни ўргатишга ихтисослаштирилган таълим муассасамиз ўқитувчи ва ўқувчилари ўзбек адабиётининг энг сара асарларини чет тилларига ўгириш, жаҳонга тарғиб қилиш билан ҳам шуғулланишни жуда-жуда хоҳлашади. Янги луғат уларнинг ва юртимиздаги барча ёш таржимонларнинг фаолиятини анча осонлаштиришга хизмат қилади, албатта.
Бундан 120 йил муқаддам Исҳоқхон тўра Ибрат "Луғати ситтати алсина" - "Олти тилли луғат" яратиб, ўзбекча сўзларнинг қаршисида арабча, форсча, туркча, ҳиндча ва русча таржималарини берган эди. Истиқлол шарофати туфайли буюк жадид бобомизнинг издошлари унга муносиб шогирдлик мақомига даъвогар сифатида астойдил изланишаётгани кўнгилларимизда беҳад фахру ғурур уйғотади. Аълочи ва ташаббускор ўқувчимиз тайёрлаган беш тилли луғат Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик айёмига қутлуғ ижодий туҳфа экани билан янада қадрли ва аҳамиятли. Вилоят ҳокимлиги ажратган грант маблағ ҳисобига чоп этиш учун нашриётга топширилган кўп тилли мухтасар луғат ҳадемай адабиёт ва тил ихлосмандлари қўлига етиб боради.
Юртимиз истиқлолининг ўттиз йиллик тўйига тўёна билан келган зиё масканлари педагогик жамоалари 2021-2022 ўқув йилини ҳар қачонгидан кўра баланд руҳ, аъло кайфият билан бошлаб юборган пайтда яна бир ўзгача мотивацияга мушарраф бўлиб турибмиз. Шу йилнинг 10 сентябридаги видеоселектор йиғилишини Президент Шавкат Мирзиёев ахборот технологиялари соҳасида мамлакат учун ҳар жиҳатдан мукаммал салоҳиятли кадрлар тайёрлаш ва иқтидорли йигит - қизлар билан тизимли ишлаш масаласига бағишлади. Биз Наманганда кузатиб ўтириб, давлатимиз раҳбарининг ёшлар камолотига беҳад кучли эътибор қаратаётганликларидан ғоят қувондик ва зиммамизга юкланаётган вазифалар нақадар залворли эканини теран ҳис қилдик. Йиғилиш жараёнида Президент ва ижод мактаблари ҳамда ихтисослаштирилган мактабларда таълим-тарбия сифатини жаҳон андозаси даражасига кўтариш масаласи муҳокамасига алоҳида тўхтаб ўтилди. Буни қарангки, шу ҳақда гап кетганида Шавкат Миромонович наманганликлар вакиласи, яъни мендан мактабимизда олиб борилаётган ишларимиз ҳақида сўраб қолдилар, айниқса, чет тилларни қандай ўқитаётганимиз билан қизиқдилар.
Эришилаётган натижаларни тилга оларканман, юзларида мамнуният ифодалари жилваланганлигини кўриб, ўзимни дадил тутганча мухтасар ҳисоб бердим. Яъни хорижий давлатлар билан ҳамкорлигимиз самараларини тилга олдим. Ахир Германияни Гёте институти энг яқин ҳамкоримиздир. Мактабимиз ўқувчиларига немис тилини билиш даражаси бўйича бепул халқаро сертификат берилмоқда. Жорий йилнинг ўзидаёқ 2 нафар ўқувчимизга шундай муваффақият насиб этди. Яна Япония элчихонаси билан ҳам мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз. Уларнинг таълимни ривожлантиришга йўналтирилган кичик миқёсли беғараз ёрдам лойиҳаси иштирокчисимиз. 46 минг 300 долларлик грант маблағини қўлга киритганмиз. Чет тили хоналаримизга хорижий тилларни ўқитишнинг энг замонавий жиҳозлари келтириб, ўрнатилди. КОЙКА корейс маданияти маркази билан ҳамкорлигимиз шарофати туфайли болаларга корейс тилини ўргатишга ҳам киришдик. Ҳозирда мактабимиздаги 139 нафар бола инглиз, немис, француз, рус ва корейс каби тиллардан сабоқ олмоқда. Бошқача айтганда, улар худди Исҳоқжон тўра Ибратдек олти тилда сўзлашиш, мулоқот қилиш ва ёзиш малакасини эгаллаб боришмоқда.
Президентимиз Ибрат издошлари ишларидан аввалдан ҳам таниш эдилар, селектор йиғилиши чоғида ҳеч ким кутмаган яна бир ташаббуслари билан ҳаммамизни лол қолдирдилар. Чет тилларини ўргатишдаги Тўрақўрғон тажрибасини оммалаштиришни мақсадга мувофиқ деб топдилар. Ҳатто мактабимиз қошида хорижий тиллар институти очиш топшириғини бердилар. Жойларда эса, мактабимиз филиалларини ҳам ташкиллашимиз кераклигини алоҳида уқтирдилар.
Энди олдимиздаги вазифалар кўлами янада кенг, янада масъулиятли. Мақсадимиз фақат таржимонлар тайёрлашгина эмас, айни вақтда дастурчи, менежмент, иқтисодчи, веб - дизайнер каби касбларга ҳам болаларни йўналтиришимиз даврнинг долзарб талаби ҳисобланади. Бу борада мактаб маслаҳатчиси фаолиятининг йўлга қўйилиши жуда қўл келади. Болаларимиз Юртбошимиз истаганларидек, "Бир миллион дастурчи" лойиҳасининг фаол қатнашчилари сафига қўшилишади. Янги Ўзбекистонда бошланган янги Ренессанс пойдеворини қўйишга қодир ёшларни вояга етказиш биз устозларнинг муқаддас бурчимиздир.