Ёхуд Ибратнаво жарангги
Олам ичра ўзи ҳам бир оламга айлана олган одамгина улуғлик кўшкига муносиб. Унинг ўзи ягона-ю, ягоналикдан бегона, миллионларга ҳамхона. Зоти шарифларга ато этилган миллатдошлик ва паноҳдошлик, ризқдошлик ва тақдирдошлик туйғуси яшаш қайғусига эврилган. Бу қайғу сону саноқсиз томирларида бетиним оқиб турувчи бутун вужудига жонбахш қонидек кўнглида туғён ураверади, худди Исҳоқхон тўра Ибратникидек. Инчунин, элу юрт дарду қайғусини чеккан инсонлар наинки борлигида, орамиздан кетганидаям авлодлар ёддида гўёки ёнларида юргандек умрбоқий сиймолар сифатида эъзозу ардоқдан бебаҳра қолишмайди. Қачонки, ҳурриятли замон бўлса, Ватан омон бўлса, раҳнамоси халқ томон бўлса, айнан истиқлолли ва истиқболли Ўзбекистонимиздек!
Ижод аҳли беҳад илҳомланади буни кўриб, беҳад завқланади қалам суриб, беҳад фахрланади замондошлари сафида туриб, бизнинг шоирамиз Дилбар Ҳайдаровага ўхшаб. У "Ибрат фарёди" достонини яратди излана-излана. Чароғбон инсон руҳи билан ғойибона гурунг қурди. Ўзидан ўрганди, ўзидек ўртанди ўқиб уққанларидан. Шарофатли зурриёднинг таваллуди ибтидосидан умри интиҳосига қадар кечмишларидан ҳикояловчи саф-саф сатрларда Исҳоқ боланинг ва Ибрат бобонинг сурату сийратини сиймолантирган.
Шоира наздида: "Бола йиғисидан уйғонди олам, Қўшиқдай таралди бу сас, бу овоз". Жуда жоиз бошланма, жуда монанд ўхшатма. Дунёни мудроқликдан фориғлашга чоғланган тимсолидаги гўдак таърифи яна давомли:
Уйни ёриштирар боланинг нури,
Ё Оллоҳ, ўргилай, бу не каромат?
Зулматни ёргувчи чақалоқ нури,
Ё Оллоҳ, туғилган бола аломат?!
Достонни мутолаа қилар эканмиз, ХIХ асрнинг иккинчи ярмидаги маънавий ҳаёт кўз ўнгимизда намоёнланади. Ўзбекона уй мактаби, уларда ўғил болаларга мулла домлалар, қизларга эса отинойилар сабоқ бериши миллатимизнинг илмсеварлиги Исҳоқхоннинг оиласи тимсолида таърифланади. Ахир у Яссавий авлодлари зурриёди эди. Китобга барвақт ошноланмаслиги мумкин эмасди:
Шундай, инсон тортар бир кун зотига,
Ўз измига солиб олади ҳаёт.
Исҳоқхон шўнғиди илм тотига,
Шоир Афсус бобо ҳали барҳаёт.
Ўша давр Қўқон, наинки хонлик пойтахти, балки илму маърифат ва адабиётнинг қайноқ ўчоғи бўлгани учун замоннинг иқтидорли ўғлонлари шу Тошкент мадрасаларига талпиниши табиий ҳол эди. Исҳоқхон ҳам онгу шуурини шу даврда бойитади.
Тошкентдан келади шоир Ҳусрави,
Зукколар шаҳрига, назм шаҳрига.
Нодим сўзи гўзал, ширин ғазали,
Исҳоқхон чўкади назм наҳрига.
Аммо ўлканинг нотинчлиги қўлига қаламдан кўра кўнглига алам қўндирди. Хон тахтини бой берди, мусулмон юрти русга тобеланди. Илму маърифат оламига ҳам путур етди. Навқирон йигитнинг изтироби кўкка ўрлади. Начора, замон зўрники бўлгандан кейин. Отаси ҳаж сафарига отланди, уни ҳам ўзига ҳамроҳ айлади. Билмасдики, падари бузруквори ўғлини талотўплардан йироқлатишниям, асрашниям пинҳона ният қилган эди.Асардаги шу лавҳаларни ҳаяжонсиз ўқий олмайсиз. Чунки, шаҳру қишлоқ, чўлу биёбонлар орқали Маккаи мукаррамага етиб бориш мушкулоти турар эди олдинда.
Бунча қийин, узоқ, олис бу сафар,
Яна оғриб қолар Жунайдуллохон.
Исҳоқхон кўзида ўйнайди хатар,
Отамни асра, дер, асра художон!..
Айни шайтонга тош отиш чоғида
Отаси қулади, дарддан қулади,
Чинори йиқилди умр боғидан,
Аҳволига бу кун душман кулади.
Онаси Ҳурбибидан Жидда шаҳрида айрилганидан бохабар эдик.Достонда эса бундай кўргилик унинг ёш бошига икки бор тушганини билиб оламиз. Муаллиф ўзига автобиографик асар ёзишни мақсад қилгани боис улуғ бобомизнинг таржимаи ҳолини синчиклаб ўрганганини тасдиқлайди бу ҳаётий ва ҳаққоний маълумот.
Аро йўлда қолди у. Ҳожилар жойида отасидан айрилди, жудолик жабрини якка-ёлғиз тортди. Барча яқинлари таваллуд тупроғида соғиниб кутишмоқда. Қолса ҳам, кетса ҳам қисмат, айрилиқ бошидан аримасди. Кўнглидаги орзу-умидлари тўразоданинг қаддини яна тик тутишга ундади.
Достон воқеаларининг бундан буёғида шоира баёнчилик услуби билангина кифояланиб қолмайди. Асар бош қаҳрамонининг ички дунёсини, ташқи оламдаги одамларга, ҳодисаларга муносабатини тўлароқ ва таъсирчан тарзда очиш учун унинг ўзини моҳирона тилга киритади. Энди биз ёш Исҳоқхон билан юзлашибгина қолмай, унинг сўзларини тинглаймиз. Онасига илтижоларига шоҳидланамиз. Муаллиф ҳар бир монологни моҳирона битган. Бадиий ифодалардан усталик билан фойдаланган ҳолда маърифат ва жаҳолатни бир-бирига терс қўйиб, мадраса кўрган Исҳоқхоннинг эзгу мақсад сари қўйган қутлуғ қадамлари ҳеч енгил ва равон кўчмаганини уйғунлаш билан ўқувчи тасаввурини янада тиниқлаштиришга интилган. Айниқса, у қишлоқ болаларига янги усулдаги мактаб очганида жаҳолатпараст кимсалар томонидан тазйиқ етмаганидай ҳуфёна ўт қалангани чоғ чеккан фарёдини ўқиб, кўнглимизни кучли ўкинч қамрайди.
Адолат изладим, замон изладим,
Дуч келдим ҳар замон бир ёсуманга.
Оғзим тўла илм, касни сизладим,
Кўксимда адолат олди аланга.
Ҳамма қарши бўлди нурга, зиёга,
Миллатни парчалар ёвлар босқини.
Қарши туриб бўлмас разил риёга,
Миллат қурбон берди, ўчди ёлқини.
Исҳоқхон маъносини чақиш ўрнига қуруқ қироатга зўр берувчи эскича ҳижо сабоқдан фарқли - тўқ мағизли илмни ўзлаштиришга имкон яратувчи янги товуш усулини қўллашни жуда-жуда истаганди. Бунга қадимчилар моънелик қилдилар. Ўз юртида ўзиникилар тушунмагани унга тошдек оғир ботди. Савобмандликка ташна ўғилнинг энди бирдан-бир умиди мушфиқ волидасининг қалб тубидаги армонини ушалтириш бўлади.
Онамга қарайман, мардона онам,
Жойнамоздан бошқа жойни кўрмаган.
Отамнинг кўйида сарсонам онам,
Алам, дарди отам, ойни кўрмаган.
Сочларига оқ қўнган Ҳурбибини ҳажга етаклаган фарзанди комилнинг кўнгли ғаш. Ёнидаги онасини эсон-омон Каъбатуллоҳга етказиш ташвиши. Кўзлари йўлда, хаёллари волидасида:
Дунёда бу каби оғриқ азоб йўқ,
Онамни асрагин, художон худо.
Отам изин топай, тақдир қилма дўқ,
Онам титраб борар, фидоман фидо.
Исҳоқхоннинг Муздалифадаги бўзлаганлари достонда маҳзун қўшиқдек кўнгилни ўртагандан ўртайди. Суянган тоғи ҳажрида эзилган етим фарзанднинг дил ноласини ўқиб, гўё унга ҳамдардлик ҳисларини туямиз. Биргалашиб илтижоларига ижобат тилаётгандек сезамиз ўзимизни:
Муздалифа дол дедим,
Менга бергин отамни.
Етимликни ол дедим,
Раво кўрма мотамни.
Онам хаста тамоман,
Кўзларини очолмас.
Сенга сувдай томяпман,
Ота, дейин бир нафас.
Ҳурбиби ўз даврининг мактабдор аёли эмасми, сўзи ҳам, ўзи ҳам эзгуликка эш эди. Фариштасиймо онанинг тўразодасига боқиб айтган қалб нидосида буюк меҳр, буюк мамнуният, буюк ризолик мужассамланганки, бунга лойиқ ўғил гарчи кулфат устига кулфат кўрган бўлса-да, беихтиёр унга хавасимизни уйғотиб юбориши ҳайротомуз. Сатрлар шодасига гўёки сеҳр индирган Дилбар Ҳайдарованинг ўзи ҳам аёл, она бўлгани боис ҳаётий ҳисларнинг ҳаққоний аёнлашга тўлақонли эриша олган. Бундан ўзгача иқрор, бундан бўлакча эътироф, бундан фарқли таъкид топиш ножоиз деб ўйлаймиз. Сўнгги нафасида Ҳурбиби асраб келган либосларини боласига мерос сифатида қолдирар экан, мусофирликда муҳтожликдан асрашига инонарди:
Ҳар бир кўйлакларим дунёда ноёб,
Ҳар миллат аёли жон деб кияди.
Ўғлим, дунёларни кўринг зиёлаб,
Кўрмасангиз менинг жоним куяди.
Кўзимнинг нурисиз, олим, нодирим,
Минг марта розиман хизматингиздан.
Ўғил деган сўздан буюк шоирим
Бахтга тўлиб кетдим иззатингиздан.
Зеро, онанинг Аллоҳга шукронаси тилидан тушмасди. Муқаддас маконга келишини буюрди, қолишини ҳам. Кўз очиб кўргани, жуфти ҳалолига қўшни бўлиб, мангу уйқуга кетиш имконини ҳам. Барчасига Тўразодаси сабабчи, барчаси берган тарбияси қайтими, барчаси ёруғ оламда эзгу амаллар соҳибаси бўлгани ажри эди, албатта.
Ана энди муаллиф достон қаҳрамонининг жаҳонгашталик жиҳатини ҳикоялашга ўтади:
Бўзчининг мокиси бўлди Исҳоқхон,
Каъба ва Жидданинг йўллари аро.
Каъбада ота деб, Жиддада она,
Яшади тўққиз ой бир бахтиқаро.
У таваллуд юртига қайтишга шошилмади. Онаси истаганидай дунёларни кўришга мойилланди. Ёв босган Ватанига нажот бағишловчи кучга тўлиб бориш хоҳишида нафас олади ўзга миллатлар маконида. У тиллашишини билган, эллашишни уддалашини яхши англаб қолганди икки бор мамлакатма-мамлакат кеза-кеза қибла сари йўл солганида. Ризқланиш учун ҳам, дўстлашиш учун ҳам, аввало, атрофдагиларнинг сўзларини ўрганиш ҳаётий заруратлигини унутмаган Исҳоқхоннинг тилшунослик турмуш тарзига айланди. Наинки гаплашишни, ёзишни ҳам ўзлаштиришни ҳеч канда қилмади. Осиё ва Оврўпада умргузаронлик чоғлари яшаш заҳматиниям теппа-тенг тортди. Уни аждодлари руҳи қувватлантирди, умидлантирди. Достондаги Исҳоқхоннинг саёҳатнома сатрларидан шуни уқамиз:
Қалбимда ҳидоят, тилим бўлган лол,
Ўргандим Румию, Финикияни.
Ёзувларни ёздим бунда бемалол,
Кўчасидан ўтдим ал-Сурияни
Мени мафтун қилди шарқнинг зиёси,
Юртма-юрт кезаман тилин ўрганиб.
"Ҳинд сори юзланган" Бобур қиёсим,
Бомбейга юз босдим ишқида ёниб.
Дунёда тил билиш энг зўри экан,
Уларни лол этдим ўзин тилида.
Тил билган одамнинг жойи тўр экан,
Ҳар ерда кутишар жону дилидан...
Ҳамманинг яйрар бешиги - Ватан, қайтар эшиги - Ватан, айтар қўшиғи - Ватан. Исҳоқхоннинг тўққиз йиллик мусофирлигига 1896 йили нуқта қўйганига шу Ватан соғинчи сабаб. У ўзича йироқ кетмаганди таваллудгоҳидан:
Менинг сайёҳлигим ёғий дастидан,
Бўлди бас керакман ота юрт учун.
Менинг ғариблигим давр қасдидан,
Ватан кечиргайсан, соғинганим чин!
Достонда қайтиш онларидаги дил тўла ҳаяжонлари-ю, туйғулари туғёни жуда тантанавор тараннум этилган. Ақл-заковатда юксак, одамлар билан мулоқоту муносабатга киришишнинг ҳадисини олган, шариат қоидаларини пухта билган, янгилигу ўзгаришларга ҳайриҳоҳ Исҳоқхон тўра баланд мартабага муносиб кўрилади. Қозиликка сайланади. Бу ҳолат достонда мухтасару мукаммал ифодасини топган. Йигирма тўрт сатрли монологнинг тўрт сатриёқ фикримизни тасдиқласа, ажаб эмас:
Ислом қонунлари сўзма-сўз ёдда,
Ватаним, дардингга бўлдимми дармон?
Эй ўзидек лафзи ҳалол ва содда
Халқим, орзуларинг эмасдир армон!
Ижодкор Дилбар Ҳайдарова Ибратга айланган серқирра салоҳият соҳибининг сўздаги сиймосини яққолу ёрқин гавдалантиргани учун яна ўзи таърифу таснифга ўтади. Наинки, одамларнинг, ҳатто қушларнинг тилида наво қилиб, "гаплашадиган" ноёб хислатигача назардан қолдирмаган:
Ибрат турар кафтларида дон,
Лабларида қушлар садоси.
Қўниб қўлга чуғурлар шодон,
Ҳайратларнинг келар нидоси.
Қуш тилида сайрайди Ибрат,
Осмонидан тушади қушлар.
Қушга аён кимда пок ният,
Посбонининг кўнглини ҳушлар.
Достондаги қувноқлик, тағин маҳзун оҳангларга алмашади. Жамиятдаги ноҳақлик, ҳақни ёқловчиларни маҳв этиш услубидан фойдаланган риёкор тузумнинг жирканч башараси қатағон қирғини асносида очиб ташланади. Миллий уйғониш яловбардорлари қаторида ҳалол ва фаол яшаган табаррук зотга умрининг кексалик айёмини тинчу осуда ўтказишга имкон берилмагани ғоят аянчли. Асли халқининг дарддош дўстини "душман"га йўйиб, бадномлаган, ҳам жисмоний, ҳам руҳий эзиб, ҳалокатга дучлантирган ХХ асрнинг 37-йилидаги қатағон кулфати Ибратнинг фарёдини чўққига чиқаради. Аммо уни қатл этмоқчи бўлган каслар барибир ёвуз ниятига етолмади. Исҳоқхон тўра ҳибсхонада омонатини яратганга осонгина топширишга улгурган эди:
Жаллодлар отмади, нурга айланди,
Ва нурни кўтарди ҳокими барҳақ.
Чақмоқ чақинидай дурга айланди,
Ўқ тегмас, сув ўтмас эди аналҳақ.
Нур бўлиб келганди, нур бўлиб кетди,
Бу фозил инсоннинг тақдири эди...
Ота-она тараф шер бўлиб кетди,
Улуғларнинг гўё нақ пири эди.
Шоира Дилбар Ҳайдарованинг мазкур достони юқори қалб ҳарорати билан битилган. Сатрдан-сатрга, банддан-бандга, бўлимдан-бўлимга ўтилгани сайин қўшиқ янглиғ авжига авж қўшилаверади. Етмиш беш йиллик умрнинг энг ҳаяжонли, энг қувончли, энг қайғули дамлари ҳақидаги ҳикоялар қалқаланади. Муаллиф асарга жўшқинлик, таъсирчанлик бағишлаш учун Исҳоқхон тўранинг тирик сиймосини кўз ўнгимизда жонлантиради. Сўзлатади, башорат қилдиради. Ҳатто достон сўнггида бобомиз шодланган руҳини ҳис эттиради. Зотан, янги Ўзбекистонда янгича дунёқараш шаклланаётган экан, Ибратдек ибратдан ибрат олиб яшаш, издошлик қилиш миллатимизни миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари элтади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев уқтирганидай: "Ватанимиз озодлиги ва халқимиз бахт-саодати йўлида жонини фидо қилган жадидларнинг илмий-маърифий, адабий-бадиий мероси биз учун бугун ҳам беқиёс аҳамиятга эга". Янги Ўзбекистоннинг Дилбар Ҳайдарова қаламига мансуб "Ибрат фарёди" достони жадид боболаримизнинг пешқадами ҳақидаги тасаввуримизни янада теранлаштиради. Уларнинг орзу-армонларини ушалтириш бугунги авлод зиммасида турганлигидан бонг уради. Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйишда ибратнаво жарангги ёшлар қалбига курашчанлик, изланувчанлик, ижодкорлик, ғайрат-шижоат, матонат ва жасорат кўрсатиш иштиёқини кучайтиради.
Достон мутолаасини ниҳоялар эканмиз Исҳоқхон тўра Ибрат бобомизни янада яхшироқ таниб олганимизни ҳис қиламиз. Шундай донишманд, маърифатчи, тилшунос, ҳуқуқшунос, тарихчи, матбаачи, журналист ва шоирга юртдошлигимиздан фахриёрлик туямиз. Ўз-ўзидан достондаги хотима сатрлар қулоғимиз остида яна бир бор баралла жаранг беради. Бобомизнинг қанотланган руҳларидан руҳимиз барқарор ва бардавом қувватланса не ажаб!
Тингланг, Ибрат бобомиз тирик, қўллари дуога очиқ, тилларидан эзгу тилаклар аримайди:
Мени эсладилар саксон йил ўтиб,
Яна зиёландим саксон йил кейин.
Ҳеч бўйин эгмадим - юрагим ютиб,
Ўн еттинчи йилда қайтганим тайин.
Дунё тургунича ҳур замон бўлсин,
Мамлакат яшнасин, халқ юзи кулсин.
Раҳбаримиз Шавкат Миромон бўлсин,
Узоқ умр кўрсин, элу юрт суйсин!
Овмин, дейман, тикка ўқийман дуо,
Халқим билан бирга эркин ҳур бўлиб.
Туну кун ёшларни чорлайман гўё
Янги Ўзбекистон ичра нур бўлиб!
Донишмандлардан бири таъкидлаганидай: улуғ инсонлар тириклик чоғида ўз ҳайкалларига ўзлари пойдевор қўйишади, ҳайкалини эса келажак авлод тиклайди. Агар Исҳоқхон тўра Ибратнинг ҳайкали Тўрақўрғонда Юртбошимиз ташаббуслари билан қад ростлаб турган бўлса, шоира Дилбар Ҳайдарованинг мазкур достонини ҳақли равишда бобомизга ўзбек адабиётида қўйилган илк назмий ҳайкалдир дея баралла айта оламиз.
Содиқ САЙҲУН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
"Турон" фанлар академияси академиги.