"Алла" ўзбек оналарининг азалий ва абадий суюмли қўшиқ-ҳиргойиси ҳисобланади. Бағрига чақалоқ босган ёки боласини бешикка белаган аёл борки, ҳаммага хос бу қўшиқни ўзига мос ҳолда айтгиси келади. Фарзанди бошида унинг бугуни ва эртаси дардида кўнглидан кечган эзгу тилакларини жо айлаганча ҳиргойига берилади.

"Алла"нинг қўшиқлар ичида дурдоналиги шундаки, унинг ижрочиси ҳам, тингловчиси ҳам ягоналигида. Ахир ижрочиси она, тингловчиси бола-да! Аммо она шундай ибтидодан оила қўшиғи бўлган аллани, ўзбек аёлларининг оммавий айтимига айлантирган, ёхуд оналарнинг болаларга меҳри муҳаббати, орзу-умиди ифодасини ёқимли оҳангларда бутун Ўзбекистонга тараннум этиб, барча-барчага манзурлай олган инсоннинг ўзиям санъатда ягона ва бетакрор эди.

Хонандани билганлар шак-шубҳасиз тез-тез соғинишади, қўшиқларини қайта-қайта тинглашади, кўнгиллари ҳоврини босишади, таскин туйғуси туюшади. У аллома "алла"чи Ўзбекистон халқ артисти Ҳабиба Охунова (1943-1994) эди. Бундай туғма истеъдод соҳиблари ҳаётга ҳадеб келаверишмаслигини англаб, орамиздан жуда эрта атиги 51 ёшида кетганлигидан қандай ўкинмаслигимиз мумкин.

Яхшиямки инсонга хотирадек ноёб неъмат ато этилган. Йўқотганларимизни хаёлан қидирамиз, излаймиз, топамиз. Гарчи улар тилга киришмаса-да, бизлар гапирамиз, эсга оламиз, гўё ўтмиш ва келажакни кўз ўнгимизда қайта жонлантирамиз. Педагог-санъатшунослар Равшан Абдураҳмонов ва Олимжон Абдураҳмоновлар Ҳабиба Охуновага бағишланган янги китобларига Наманган давлат университети муаллими Муҳаммадали Мирабдуллаев ҳамкорлигида тартиб беришган.

Тўғри, бундан бир неча йил муқаддам таниқли шоир ва ёзувчи Лутфулло Маҳмуднинг "Гулмидинг, булбулмидинг, сен Ҳабиба", суҳандон Ҳалима Юсупованинг "Йўлларингнинг ҳилоли бўлай" рисолалари битилгани, санъатсеварлар томонидан мамнун кутиб олиниб, мароқ билан ўқилгани маълум. Янгисини ҳар иккисидан ўзгача йўсиндалиги учун янада мукаммалроқ тайёрланган дейишимизга асос етарли.. Чунки, услубий қўлланма тарзда яратилган. Лекин оммабопликдан ҳам йироқ эмас.

Ҳабиба Охунова асли Андижон фарзанди. Шу ерда улғайди, шу ерда театр остонасини ҳатлади, шу ерда улуғ устозлар баридан тутди. Бироқ йигирма ёшидан кейин камолот чўққисига, машҳурлик мартабасига Наманган театрида эришди. Ўзбекистоннинг санъат гулшани булбуллари сафидан мустаҳкам ўрин эгалади. Ўзига хос, ўзига мос овоз ва ижро бобида чинакамига мактаб ярата олди. Китобда "Қутлуғ даргоҳ", "Илк қадамлар, ютуқлар", "Юксалиш йўлларида", "Сеҳрли овоз соҳиби" сарлавҳалари остида бу ҳақда бой маълумот келтирилган. Муаллифлар соҳадош бўлишгани учун санъаткор сифатларини белгиловчи қимматли қайдларни, муваффақиятларини тасдиқловчи унутилмас лаҳзаларни мухтасар баён қилишган. "Ҳабиба бу даргоҳда ўзбек театр санъатининг олтин хазинасидан жой олган Лайли, Нурхон, Кумуш, Барчиной каби ўнлаб образларни яратибгина қолмай,жаҳон адабиётининг дурдона асарлари, жумладан, "Отелло" ва "Гамлет" трагедияларидаги Дездимона, Офелия сиймоларини ҳам зўр маҳорат билан саҳнада жонлантириб, минг-минглаб мухлисларнинг олқишига сазовор бўлди". Мана шунданоқ режиссёрлар томонидан Ҳабиба Охунованинг юксак иқтидори тан олинганини биламиз. Ҳамиша бош ролларга муносиб кўрилганидан воқифланамиз. Бу саҳнада ишқий жуфт­ликларнинг маъшуқлари сиймосини гавдалантиришнинг чинакам устаси даражасига етганидан далолат эмасми. Китобга жамланган устоз санъаткорларнинг, театр арбобларининг эътирофлари фикримизни яққол тасдиқлайди.

Тур­ғун Азизов: "Биз Ҳабиба Охунова билан бир вақтда Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлганмиз. Ўшанда 32 ёшда эди. "Ҳабибахон бир чарақлаб, кўзларни, қалбларни яшнатиб, яйратиб кетган энг гўзал юлдузга ўхшайди".

Карим Йўлдошев - режиссёр, Ўзбекистон санъат арбоби: "Биз бу актриса билан деярли 30 йил атрофида бирга ижодий ҳамкорлик қилдик... Наманган мусиқали театрининг энг ишонган, олди актрисаси бўлган. У доимо асосий қаҳрамонларнинг образларини ўзгача жозиба билан ижро этардики, қойил қолмасдан иложимиз йўқ эди".

Аслида Ҳабиба Охунованинг актрисалик мақоми қўшиқчиликдаги мақомидан, қўшиқчилик фаолияти актрисачиликдаги фаолиятидан асло-асло кам эмасди. Бирдай баланд, бирдай ёқимли, бирдай ибратли бўлган. Биргина "Алла" сининг ўзиёқ уни барҳаёт навони барҳаёт сиймо сифатида миллион-миллион мухлислар қалбига муҳрлаб кетди. Китобдан Ўзбекистон халқ артисти, Фарғона давлат университети профессор Султонали Манноповнинг ёдномаси бежиз ўрин эгалламаган": Ҳабиба Охунованинг "Алла" қўшиғи ўзбек миллатининг оромбахш мусиқий-маънавий бойлигидир.

"Алла"ни эшитиб биз улғайдик, қиз фарзандларимиз оналик бахтига муяссар бўлди, улар эса набираларимизга айнан ўша "Алла" ни куйламоқдалар".

Агар таъбир жоиз бўлса, бемалол айтишимиз мумкинки, ўзбек қўшиқчилиги тарихида Ҳабиба Охунованинг "Алла"сидек хит даражасига етган, оммалашиб халқона алёрларнинг энг сарасига айлангани ҳали ҳануз топилмаса керак. Зеро, ҳар бир ўзбекнинг хонадонида янграган , янграяпти, яна янграйверади.

Янги тўпламнинг қийматини оширадиган жиҳати ундан шоира Саида Зуннунова ёзган умрибоқий "Алла"нинг тўлиқ матнига ўрин ажратилган. Шунингдек, Ҳабиба Охунова ижросидаги "Жудо" (Машраб), "Сизнинг айвон" (Комил Яшин), "Найнинг навоси" (Салоҳ Қориев), "Наманган" (Акмал Пўлат),"Кўнгил" (Ҳайитбой Азимий), "Она юртим" (Максим Каримов) каби ўндан зиёд қўшиқ-шеърлар киритилган.

Муаллифларнинг эътиборга лойиқ жиҳатларидан яна бири мусиқа йўналишидаги барча ўқитувчи ва талабалар фойдаланишлари учун Комил Яшин ва Тўхтасин Жалилов, Г.Собировларнинг "Нурхон" мусиқали драмасидаги Нурхон, Хуршид ва, Р. Глиэр Толибжон Содиқовларнинг "Лайли ва Мажнун" операсидаги Лайли ариясининг матнию, мусиқий нотасигача берилганидир.

Шунингдек, Ҳабиба Охунованинг мусиқали драмаларда куйлаган арияларининг, хит қўшиқларининг рўйхати алоҳида-алоҳида келтирилган.

Суюкли санъаткоримизнинг бетакрор талантли, ижрочилик маҳорати кўплаб шоирларга илҳом бағишлагани, вафоти қалбларга сўнгсиз ўкинчу армон солганини тасдиқловчи шеърларнинг энг саралари тўпламнинг, таъсирчанлигини таъминланган. Улар Ҳабиб Саъдулла, Тўра Мирзо, Сайдулло Йўлдош, Рафторий, Андижонийларнинг қаламларига мансубдир.

Улуғларнинг улуғлиги - уларни улуғлашимизда. Инсонларнинг абадийлиги-хотираларимиз жонланишида. Шундай экан, мазкур тўплам муаллиф- тузувчиларнинг санъатсевар китобхонларга навбатдаги бебаҳо туҳфалари бўлди, дейишга ҳар жиҳатдан хақлимиз.

Содиқ САЙҲУН.