Поп туманидаги 11-ДИМИда шижоатли, ғайратли, ташаббускор ўқитувчилар талайгина. Бугун мен улардан бири, олий тоифали она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Юлдуз Раҳмонова ҳақида сўз юритмоқчиман.
2011 йили Наманган давлат университетининг она тили ва адабиёти факултетини аъло баҳоларга тамомлаб келган ёшгина қизни ҳеч иккиланмай тумандаги 11-сонли Давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернат директори Музофотхон Аҳмедова ўз жамоасига ишга олишга қарор қилди. Боиси, кўзлари кулиб, юзу кўзидан билим нури ёғилиб турган қиз суҳбат чоғининг ўзидаёқ келажак режалари, таълим тизимига қўшиши мумкин бўлган янгиликлари ҳақида жўшиб гапирарди.
Орадан йиллар ўтди. Юлдуз мактабда ўқувчиларга бор меҳри билан дарс ўтар, дарсдан ташқари ҳам улар билан қўшимча машғулотлар олиб борарди. Тез орада ёш ўқитувчи ўзининг меҳнаткашлиги билан жамоа ва ўқувчилар қалбидан ўрин эгаллади. Ўз устида ишлашни яхши йўлга қўйган ўқитувчининг ютуқлари йил сайин кўпайиб борди.
2015 йилда у "Адолат" социал-демократик партиясининг "Оқила аёл" кўрик-танловининг туман босқичида фахрли биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Унинг сидқидилдан билим бериб, тайёрлаб келаётган ўқувчиси Асила Ҳайдаралиева мана бир неча йилларки, она тили ва адабиёт фанидан олимпиадада қатнашиб, фахрли ўринлар билан туман шаънини ҳимоя қилмоқда. Бундан ташқари, унинг ўқувчилари Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ўтказиб келинаётган "Она тили-миллат руҳи" танловида иштирок этиб, устозлари юзини ёруғ қилдилар.
"Энг яхши дарс ишланма" кўрик-танловида ҳам иқтидорли ўқитувчининг янги усулларни ўз ичига олган дарс ишланмаси фахрли 1-ўринга лойиқ деб топилди.Унинг Абайнинг "Насиҳатлар"асари мавзусида 6-синфларда ўтган дарси барчага манзур бўлиб, туман ва вилоят миқёсида оммалаштирилди.
Ўз касбинини севган инсон ҳар қандай шароитдан қатъий назар изланишдан, янгиликка интилишдан қолмайди. Юлдузга ҳам пандемия даври ўз устида ишлаб, янги-янги ютуқларга эришиш учун бир имконият бўлди, десам хато эмас. Шу даврда у республика миқёсида ўтказилган "Ўзбекистон илмий-амалий тадқиқотлари", "Умумтаълим фанлари ўқитишда инновацион методикалар", "Янги Ўзбекистонни қуриш ва ривожлантиришда ёшлар фаоллиги" мавзусидаги конференцияларда фаол иштирок этиб, Халқ таълими вазирлиги сертификатларига эга бўлди.
Шижоатли муаллима бу ўқув йилида ҳам талайгина ютуқларни қўлга киритишга муваффақ бўлди. Жумладан, илк маротаба ўтказилган "Устоз-2020" миллий танловида ҳам у биринчи босқичдан саралаб олинган 150 нафар иштирокчилар рўйхатидан жой олди ва вилоят Халқ таълими бошқармасининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғаларига муносиб кўрилди.
Январ ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги "Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар"тўғрисидаги ПҚ-4884-сон қарорининг 29-бандида кўрсатилган "Умумтаълим фанлари бўйича сертификатлаштириш ва билим даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини босқичма-босқич жорий этиш" тизими бўйича Республика таълим маркази томонидан ташкил этилган Тош ДЎТАУ ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази мутахассисларининг она тили ва адабиёт фанлари учун (зоом платформасида) 36 соатлик ўқув курсини тамомлаб, ҳозирда шу кўникмалари асосида ўқувчиларга тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириб келмоқда.
- Юлдуз ёш бўлишига қарамай, жуда ғайратли ва янгиликларга интилувчан ўқитувчи. Унинг ҳар бир дарсини "очиқ дарс" деб қабул қилиш мумкин. Ўзига ва ўқувчиларига талабчан, дарсларни замонавий технологиялар асосида қизиқарли ўтади. Унинг дарсларидан кўп усулларни ва янгиликларни ўрганиш мумкин,-дейди тарих ўқитувчиси Латофат Тоштемирова.
Юлдуз Раҳмонованинг бу ўқув йили кўп қирралари очилди, десам муболаға бўлмайди. Жамоада ўз тиришқоқлиги билан барчага ўрнак бўлаётган, ўқувчилар қалбидан чуқур ўрин эгаллаб улгурган ёш ўқитувчи яна бир ҳайрли ишни амалга оширди. Мактаб-интернат қошида "Саҳна музей" ташкил этиб, шу муносабат билан "Саҳна маданияти-эл маънавияти" тадбирини кўтаринки руҳда ўтказиб берди. Унинг ташкил этган музейида мактаб ўқувчиларига тадбирларда кийиш учун кўплаб миллий кийимлар, кўргазма воситалари ўрин эгаллади. Саҳна безаклари ва кийимларини йиғиш ва тиктиришда мактаб ўқитувчи ва тарбиячилари ҳам ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Эндиликда мактабда қандай тадбир ўтказилмасин, саҳна кийимларини излаб овора бўлишларига хожат қолмади. Бундан барча ўқитувчи ва ўқувчиларнинг боши кўкка етди. Мактаб директори Музофотхон Аҳмедова ҳам бу ёш шижоатли ўқитувчига катта ишонч билдириб, Президентимиз таъбирига кўра "Биз келажакни айнан ана шундай шижоатли, билимли ва зукко ёшлар билан қурамиз. Мактабимизда ана шундай ўқитувчилар бор экан, янги-янги ғоялар, янги-янги ютуқлар кўпаяверади ва мактаб-интернатимизнинг нуфузи кўтарилаверади", - дея таъкидлади.
Дарҳақиқат, илм масканларимизда Юлдуз Раҳмоновадек билимли, фидоий устозлар бор экан, фарзандларимиз ҳар томонлама етук ва баркамол бўлиб вояга етишларига шубҳа йўқ.
Юлдуз АЛИМОВА.