Одатда кўпчилик бадиий асарларни мутолаа қилади. Аслида бу кўнгил эҳтиёжини қондириш иштиёқи туфайли юзага келади. Шоир ёки ёзувчилар ҳаётий ҳодисаларни, одамлар қалбидаги ҳис-туйғуларни қанчалик маҳорат билан акс эттирса, уни ўқиганлар ҳам шунчалик завқ-шавқ туядилар, гўё асар қаҳрамонлари дардига шерикдек қайғу ғам чекадилар. Ўзлари учун қандай яшаш сабоғини оладилар. Аммо, илмий ўқув қўлланма сифатида ёзилган китобларнинг қадру баҳоси ҳам ўзига хос. Кейинги пайтда ҳатто зўр қизиқиш ва мароқ билан ўқиладиганлари битилаётгани эътиборга молик. Наманган муҳандислик-қурилиш институти доценти Олимжон Эгамбердиевнинг "Математик олимлар ва математик атамаларнинг луғавий маънолари" рисоласини ана шундай ижодий яратиқлар қаторига бемалол киритишимиз мумкин.
Мазкур қўлланма илмий-оммабоп ёзилгани учун китобхон диққатини дарров мутолаага тортади. Энг муҳими, бугунги янги тўпламлар давр тақозосидан келиб чиқиб тайёрланаётганидир. Инчунин, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 9 июлдаги "Математика таълими ва фанларини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги математика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори изланувчан олимга рағбат бергани шубҳасиз.
Китобнинг дастлабки бўлимида математик атамаларнинг мухтасар луғати билан танишамиз. "Математика - грекча - Маtеmа сўзидан олинган бўлиб, илм, фан деган маъноларни билдиради". Худди шундай терминга айланган 100дан зиёд сўзларнинг аниқ ва лўнда изоҳиёқ, бу соҳадаги тасаввурларимизни теранлаштиради ва бойитади. Қимматли жиҳати, атамалар қуруқ, расмий баёндангина иборат эмас. Ўқувчи учун яна зарур маълумотлар қўшиб ифодалангани айни муддаодир: "Алгебра - лотинча сўз. Ал-Хоразмийнинг "Ал-жабр ва-л-муқобала ҳисоблари ҳақида қисқача китоб" номли асаридаги "Ал-жабр" атамасининг ёзилишидан олинган. Бу асар бизгача 1342 йилгача кўчирилган арабча нусхадан етиб келган. У Оксфорд (Англия) университети кутубхонасида сақланади. Лотин алифбосида араб ёзувидаги "жим" ҳарфи йўқлиги учун "Ал-жабр", "Ал-габр"га, "Ал-габр" эса "Алгебра"га айланган" ёки "Алгоритм" сўзи ал-Хоразмий исмининг лотинча бузиб айтилиши натижасида келиб чиққан...".
Муаллифнинг шарҳлари жуда-жуда ўринли. Буюк аждодимизнинг беқиёс билим закосидан воқиф этади. Математиканинг пойдеворини қўйган дунё донишмандлари қаторида Муҳаммад Мусо ал-Хоразмийнинг туриши Янги Ўзбекистон халқи учун янада фахрлидир. Бу математикага чанқоқ ёшларга ўзгача мотивация беради.
Тўпламни ўқиганлар Шарқу Ғарб, айнан математиклар отасининг юрти - ўзбек диёридан етишиб чиққан рақамшунослар, ҳисоб-китоб илмининг намояндалари билан танишадилар. Қадимги математик олимлар: Аристотель, Архимед, Диофант, Птолимей, Пифагор ва Фалесларнинг ҳаёти ва дунё илм-фанини тараққиётга етаклаган ноёб кашфиёт ҳамда яратган формулалари ҳақидаги тушунчаларга эга бўлишади. Сўнгра биринчи ва иккинчи Маъмун академиялари асосчилари ва уларнинг математик юксалишга дахлдор бебаҳо илмий асарлари хусусида фикр юритилган. Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Яҳё ибн Абу Мансур, Аҳмад ибн Абдулло Марвазий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Мунсур ибн Ироқ, Абу Саҳл Масиҳ сингари тенгсиз ақлу идрок эгалари асарларининг оламшумул аҳамиятига алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтилган.
Булар, албатта, биринчи шарқона уйғониш даври доирасидаги маълумотлар бўлса, китобнинг "Улуғбек академияси" бўлимида иккинчи уйғониш палласидаги фан фидоийлари тўғрисида ҳикоя қилинган. Темурийзода юлдузшунос ва унинг устози Қозизода Румий ҳомийлигида илмий-тадқиқотлар олиб борган сафдошу шогирдлари Али Қушчи, Ғиёсиддин Жамшид Кошийнинг фаолиятига доир қимматли маълумотлар жамланган.
Муаллиф европалик математик олимларга ўз китобидан алоҳида ўрин ажратибди. Уларнинг таржимаи ҳолидаги энг муҳим жиҳатларига эътибор қаратибди. Биз инглиз Исак Ньютон, француз Мари Лежандр, немис Иогани Кеплер, итальян Жироламо Кардано, поляк Николай Коперник, голланд Альберд Жирар, ирланд Гамильтон, норвег Генрик Абель каби 37 нафар алломанинг математика ривожига қандай ҳисса қўшганидан бохабар бўламиз. Дунёвий фаннинг дунёвий кашфиётлари соҳибларини янада яхшироқ билиб оламиз.
"Ўзбек математик олимлари" дея номланган сўнгги бўлими ҳажм ҳамда маъно-мазмунан анчагина кенг ва бой. Чунки, ўзбек математиклари улуғ бобосининг муносиб вориси, ҳақиқий издошлари эканини ХХ асрда ва айниқса мустақилликка эришгач, ўттиз йил давомида тўла исботлашга улгурдилар. Олимжон Эгамбердиев устозларнинг беқиёс ютуқларини замондошларига ибрат қилиб кўрсатишга деярли эришган десак сира муболаға эмас. Биринчи академик Тошмуҳаммад Қори-Ниёзийдан тортиб, эҳтимоллар назариясини ишлаб чиққан ва ривожлантирган оламга машҳур олимлар - Тошмуҳаммад Саримсоқов, Саъди Сирожиддинов, дифференциал ва интеграл тенгламалар бўйича катта илмий салоҳият эгаси академик Маҳмуд Салоҳиддиновларга бағишланган лавҳаларни ўқиш асносида Ўзбекистон илм - фанда ўз мактабини яратган машҳур математик олимлар мамлакати экан-да, деган фахриёна тасаввур туйишимиз табиий. Ахир тўпламда Тўхтамурод Жўраев, Шавкат Алимов, Шавкат Аюпов, Турсун Азларов, Жавод Ҳожиев, Шокир Фармонов, Азим Саъдуллаев, Абдулла Аъзамовга ўхшаган яна ўн чоғли математик академиклар фаолияти анча батафсил ёритилган.
Ҳозирда Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйишга киришилган Янги Ўзбекистонда илм-фан тараққиётига катта эътибор берилаётган экан, доцент Олимжон Эгамбердиевнинг мазкур китоби давр билан ҳамнафас қалам тебратаётган фан заҳматкашининг Ватан истиқлолининг ўттиз йиллик байрамига муносиб совғаси дейишга арзийди. Уни саҳифама-саҳифа қизиқиш билан ўқиб, ўзимизни математиканинг ҳайратли ва мароқли оламида кезгандек сезамиз.
Содиқ САЙҲУН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
"Турон" фанлар академияси академиги.