Вафодор хотинга мард эркак жуфт бўлса, ўзини дунёда бахтли ҳисоблайди. Бироқ баъзи эрлар борки, ана шундай бахтни сезмайди, шу бахтни авайлаб-асраш ўрнига оёқ остига топтайди, ўз бахтини ҳам, хотин бахтини ҳам қаро қилади. "Яхши хотин-соф олтин" деган ҳикмат бор. Ақл-идроклилар меҳр-муҳаббатни қадрлашади, уни пок сақлашади, авайлашади.
Бекордан-бекорга рашк қилиш умрни қияди, оилани бузади. Дили пок одам ҳар қандай шароитда ҳам ўзини тияди. Аёл кишида чеҳра гўзал ёки хунук бўлишидан қатъий назар, биринчи навбатда унинг қалби гўзал, фикри тиниқ, нияти эзгу бўлиши лозим. Оилавий бахтни сақлаб қолиш учун тирноқ остидан кир қидирманг, шубҳа қилманг. Мана шунда оиладаги ўзаро ишонч сақланиб қолади. Оилада эр ва хотиннинг бир-бирига озгина бўлса ҳам эътиборли бўлиши оила бахтини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга. Хотиннинг эр ҳурматини жойига қўйиши, уни қадрлаши, унинг бор-йўғига, руҳиятига қараши шарт. Эр-хотин муносабатларда ўзаро ҳурмат ва ишончни ардоқланса, бир-бирини тушуниш ва кўнглига йўл топиш учун интилишса, севимли киши учун ён беришдан орланмаса, ўрталаридаги меҳр-оқибат узоқ муддатга етади.
Мулойимлик оилада энг муҳим фазилат. Яхши сўз жонга озиқ, дилга қувват беради. Оилада эр ҳам, хотин ҳам ширин сўз, хушмуомала бўлишса, умрларига-умр қўшилади. Катта куч билан эришмаган нарсага мулойимлик билан эришиш мумкин.
Вақт бу инсон умрининг бойлиги. Одамларнинг юксалиши вақт туйғусини эгаллагандан кейингина бошланади, у ўз вақтида самаралироқ фойдаланишга интилади. Инсон вақтни ҳис этишга киришгандан сўнг, энг тузатиб бўлмайдиган хасталик - қотиб қолишликни енгади. У ўзида чинакам инсонни яратади. Аксарият ёшлар ўз келажагига нисбатан алданади, қариялар ўз ўтмишига нисбатан алданади. Ёшлар орзулар билан яшайди, кексалар хотиралар билан. Орзу ҳам, хотира ҳам меъёрида бўлгани маъқул, меъёридан ошиб кетса зиён келтиради.
Оилавий муносабатларда инсоннинг кайфияти ҳам муҳим роль ўйнайди. Кайфиятни мўътадил тутиш - оила тинчлигининг гаровидир.
Мавлуда АНОРҚУЛОВА,
Наманган туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиниканинг
олий тоифали врач-терапевти.