Давлатобод туманидаги 48-мактабда Наманган фарзанди, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби, матонатли шоир Ҳабиб Саъдулла таваллудининг 79 йиллиги муносабати билан адабий-бадиий тадбир ташкилланди.

Уни мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Марҳаматхон Раҳматова очди ва олиб борди.

Тадбирда гўзал ва мафтункор назмий мисралари билан китобхонлар қалбидан жой олган шоирнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти тўғрисида издош шогирди, Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Зиёвиддин Мансуров сўзга чиқди.

Ҳабиб Саъдулла вилоят ижодкорларини, айниқса ёш истеъдодли ёзувчи, шоир ва журналистларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг камол топишида беқиёс ҳисса қўшганлигини алоҳида мамнуният билан таъкидлади. Шоирнинг Наманган адабий муҳитини шакллантиришдаги юксак хизматларини эътироф этиб, "Баҳор билан суҳбат", "Эҳтиром", "Тазарру", "Кўчамдан жонон ўтганда" номли китобларига алоҳида тўхталди.

Айниқса, З. Мансуровнинг она юртини, туғилиб ўсган гўшаси Наманганни ҳамиша севиб ардоқлаган мўътабар инсон Ҳабиб Саъдулла ҳақидаги илиқ фикрлари ёш авлод қалбида ҳамюрт шоири ижодига янада юксак фахр ва эҳтиром уйғотди.

Манзура ЭРГАШЕВА.