ЁХУД ШАҲЗОДА БОБУРНИНГ УЧ КЕНТ АРО САРГАРДОНЛИК СИТАМЛАРИ
(Давоми. Аввали ўтган сонларда).
Эсан Давлат бегимни иккинчи қизи Қутлуғнигор Хонимнинг ўғли Заҳириддин Муҳаммадга ҳамма набираларидан кўра ҳам эътиборли аёл сифатида биламиз. Бобурнинг ўзи эътирофлаганидай "Хотунлар орасида раъй ва тадбирда, менинг улуғ онам Эсан Давлат Бегимча кам бўлғай эди, бисёр оқила ва мудаббира (тадбиркор) эди. Кўпроқ иш - куч аларнинг машварати билан бўлур эди".
Энди Самарқанд ҳақида фикр юритиш фурсати етти. Инчунин, Бобур на Андижонда, на Ахсида, на бошқа вилоятда муҳим қўним тополмаётганидан бир мунча воқифландик. Ёш шаҳзоданинг хаёлини гоҳ-гоҳ Самарқанд чулғаб туриши табиий ҳол эди. Нима учун? Деган саволга жавоб аниқ ва тайин. Биринчидан, бу кўҳна кент Заҳириддин Муҳаммадга бобо юрт, бобо юрт бўлгандаям боболарининг энг улуғи, энг қудратлиси Амир Темурнинг пойтахт гўшаси. У беш яшарлигида илк марта, отаси билан бирга Самарқандга борган эди. Албатта, болалик қизиқишларию, тасаввурларини шу қисқа фурсатли саёҳат ўзгартириб юборган. Самарқандни Андижон ва Ахси билан таққослагани, солиштиргани, нигоҳлари ҳайратга тўлгани шак - шубҳасиз. "Бобурнома"да Самарқанд таърифлари шу болаликдаги мурғак қарашларига омухталаниб кетган:
"Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳр камроқдур. Бешинчи иқлимдандур... Шаҳри Самарқанддур, вилоятини Мовароуннаҳр дерлар. Ҳеч ёғий қаҳр ва ғалаба била мунча даст топмағон учун балдаи маҳфуза (ҳимоя қилинган)дерлар... Темурбек пойтахт қилиб эди" Темурбекдин бурун улуғ подшоҳ Самарқандни пойтахт қилғон эмастур".
Бобур ўз амакиси ва ўз тоғасининг хуружларидан қутилгач, икки - уч йил давомида Андижон ва Ахси, вилоятларида тартиб ўрнатишга уринди. Ҳарбий куч - қудрати гоҳ кучайди, гоҳ сусайди. Сабаби, кимлардандир меҳр-оқибат кўрди, кимлардандир хиёнат. Кимлардандир меҳр-мурувватини аямади, кимлардандир жабру ситам тортди. Энг ёмони, яхшиликларини аямаган баъзи яқинларидан, дўст санаганларидан яхшиликлар қайтмади, ғаразли ҳаракатларга рўбарў келди. Ягона мисолнинг ўзиёқ фикрларимиз далилига кифоя қилади деб ўйлаймиз. "Бобурнома"да битилганидай: "Андижон ҳукумати ва эшик ихтиёри Ҳасан Яъқубқа муҳаррар бўлди. Манга Султон Маҳмуд мирзодин (Самарқанд ҳукмдори - С. С.) Абдул Қуддусбек отлиқ элчи келди... Бу келган элчининг Ҳасан Яъқубқа уруқлуғи бор экандур. Ҳасан Яқубни ваъдалар билан мирзоға боқтурғоли келган экандур. Нарм жавоб айтиб, балки ул сари бўлғондек қилиб элчига рухсат берди. Беш-олти ойдин сўнг Ҳасан Яъқубнинг мижози мунҳариф (ўзгариш, носоғлиқ) бўлиб, менинг ёвуғимдағи киши - қаро била ямон маош қила киришти. Ишни мунга еткурдиким, манга рухсат бериб, Жаҳонгир Мирзони подшоҳ қилғай. Ҳасан Яъқубнинг ихтилоти сойир умаро ва сипоҳи била дағи яхши эмас эди. Анинг бу фикридин бори эл воқиф бўлуб эдилар. Хожа қози ва Қосим қавчин ва Али Дўст тоғойи ва Узун Ҳасан ва яна баъзи давлатхоҳлар менинг улуғ онам Эсан Давлатбегимнинг қошида йиғилиб сўзни бу ерга қўйдиларким, Ҳасан Яъқубни маъзул қилиб (амалдан озод қилиб), фитнасига таскин берилгай".
Мазкур машварат ўтказилганда Ҳасан Яъқуб Андижон аркида, Эсон Давлатбегим Тошқўрғонда чиқанда эди. Бобур аркка етиб борганида Ҳасан Яъқуб қуш овига кетган экан. Танг ҳолатнинг хабарини эшитибоқ ўша ондан Самарқанд сари йўл олиб қолади. Унинг яқин одамлари ва беклари туттирилади. Андижон ҳукуматини бошқариш Қосим қавчинга топширилади.
Бобурга душманликни раво кўрган Ҳасан Яъқуб Конибодомгача боради-ю, бирдан хаёли бузилади, Ахсига келишга азм айлайди. Ҳозирги Қўқон атрофига қайтгани хабари эшитилгач, Бобур томонидан уни тутиб келтириш учун беклар ва йигитлар юборилади. Лекин қисмат хиёнаткорни ўз амалига гирифтор қилди. Қоронғи кечада одамларининг танимасдан отган ўқига дучор бўлди. Бобур бу ҳолни қуйидаги байтида ғоят таъсирли ифодалайди:
Чу бад карди, мабош эмин зи офат,
Ки вожиб шуд табиатро мукофот.
Мазмуни: ёмонлиғ қилгандан кейин офатардан эмин бўлолмайсан, уни табиатнинг берадиган жазоси аниқдир.
Ёш шаҳзода теварагида Ҳасан Яъқубдақа сохта "дўст"лар, бетайин беклар оз эмасди. Садоқатли ота қадрдонларнинг, яхши амаллари туфайли ортидан эргашаётган инсонларнинг борлиги унга ҳар қандай шароитда умид бергани, куч-қувват бағишлагани воқеалар силсиласида аниқ кўриниб туради. Ишонч билан бир вақтда ҳушёрлик хислати ҳаётини мамотидан айро тутишини чуқур англаб қолган Бобур эҳтиёткорликни ўзи турмуш тарзига киритади. "Ушбу йил (1495 йил) шубҳалик таомдан пархиз қила бошладим. Пичоқ ва қошиқ ва дастурхонгача эҳтиёт қилур эдим" дея кейинчалик эслайди у.
Содиқ САЙҲУН.
(Давоми бор).