ЁХУД ШАҲЗОДА БОБУРНИНГ УЧ КЕНТ АРО САРГАРДОНЛИК СИТАМЛАРИ

Картинки по запросу "Bobur"

Бобур ҳали амакисининг тажовузидан қутилмай туриб, Тошкент ҳокими бўлган тоғаси Султон Маҳмудхон ота вилоятининг пойтахт шаҳри Ахсини қамал қилади. "Жаҳонгир мирзо анда (Ахсида - С. С.) эди, - дея хотирлайди у, - беклардин Али Дарвишбек, Мурзоқули кўкалтош, Муҳамад Боқирбек, Шайх Абдулло эшикоға Ахсида эдилар. Вайс Лоғарий, Мир Ғиёс тағойи ҳам анда эди. Беклардин таваҳҳум қилиб Косонғаким, Вайс Лоғарийнинг вилояти эди, бордилар. Носир мирзога Вайс Лоғарий бек атка эди. Бу жиҳатдин Носир мирзо Косонда бўлур эди. Хон Ахси навоҳисиға етганда бу беклар хонга кириб Косонни бердилар. Мир Ғиёс хон мулозаматида туриб, Вайс Лоғарий Носир Мирзони Султон Аҳмад мирзоға олиб борди. Муҳаммад Мазид тархонга топшурдилар".

Кўринадики, Умаршайх мирзо ҳалокатидан кейиноқ унинг вилоятларига кўз олайтирувчилар темурий мирзолар, мўғулий хонлар бўлишган. Бобурнинг душманлари асло бегоналар эмасди. Икки қавмнинг бири ота тарафдан, бири она тарафдан қариндошлари экани шундоққина аён. Унинг икки укаси атрофидаги амиру беклар ҳам бемуросалик йўлини тутишди. Ака - укаларни иноқлаштириш ўрнига ўрталарида адоват туғдиришга уриндилар, айирмачиликни авж олдирдилар, бирини-бирига гиж-гижладилар. Мулк ва бойлик илинжида кўнгилларига қутқу солишдилар. Ахсида Жаҳонгир Мирзо, Косонда Носир Мирзо ва Андижонда Бобур Мирзо туришиб, бириколмадилар. Ахсинику тоғаси забт этолмади. Бироқ Косон осонгина топшириб юборилди. Бундан Султон Маҳмудхон яна мағрурланди-ю, пойтахт шаҳар Ахси мустаҳкам қўрғонланганидан, яъни уч тарафини дарё қуршаганидан, фақатгина олд томонидан сув тўлдирилган чуқур хандаклар устига қурилган ягона кўприкдан ўтиш, ягона дарвозадан кириш мушкулоти мавжудлигидан ғараз ниятини амалга оширилмади. "Хон Ахси ёвуғига келиб неча қатла уруш солди, ҳеч иш қила олмади. Ахсидағи беклар ва йигитлар яхши жонлар торттилар. Бу аснода Султон Маҳмудхонға ориза (хасталик) бўлди, уруш солиб ҳам ўсониб эди, ўз вилоятиға мурожаат қилди".

Худди шу пайтда Андижонга Кошғар ҳукмдори Абобакр дуғлат Қошғарий ҳам хавф туғдирди. У ҳеч кимга бош эгмай, бир неча йилдан бери Кошғар ва Хўтанга ҳокимлик қиларди. "... ул дағи вилоят дағдағаси била Ўзганд ёвуғига келиб, қўрғон солиб, вилоятға бузуғлуқ қила киришти. Хожа қози ва жамиъ беклар таъйин бўлдиким, бориб Қошғарийни дафъ қилғайлар, ёвуқ етган маҳалда Кошғарий кўрдики, бу фавжнинг ҳарифи эмастур, Хожа қозини ораға солиб, юз макр ва ҳийла била халос бўлди". Демак, учинчи хавф шайхулисломнинг саъй - ҳаракатлари туфайли бартараф этилади. Чунки, Умаршайх Мирзога яқин беклару йигитлар сон жиҳатидан кўп бўлишмаса-да, Бобурни фидойиларча қўллаб-қувватлашди, ёш ҳукмдорнинг амру фармонига ҳамиша шай ҳолатда садоқатли ҳимоячисига айланишди.

Албатта, ўша пайтда Умаршайх Мирзонинг оиласи аъзолари (Бобурдан ташқари) пойтахт Ахсида мотамда эдилар. Ўн бир ёшу тўрт ойлик Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг кўнг­лини эса, армонлар чулғаган эди. Ахир у отасининг майити устида кўз ёш тўколмади, сўнгги йўлга кузатолмади. Андижондаги тало-тўплар бунга имкон бермади. Падари бузкурворидан эрта айрилган етим шаҳзоданинг бошидан жудолик алами ҳали аримасидан теграсида кутилмаган мушкулотлар вужудга келди. Меҳр кутганларидан қаҳр топа бошлади, тожу тахтга, бойликка ўчлик балоси домидаги темурийлару чингизийлар унинг ҳаётидан тинчлигу ҳаловатни усти-устига йўқотишаверди. Адолат ўрнатилишига қаршиликлари, адоватни авж олдиришлари кучайгандан кучайди.

"Ахсидин мирзонинг онаси Султонбегим ва Жаҳонгир мирзо ва аҳли ҳарам ва беклар Андижонға келдилар. Азо расмини бажо келтуруб, ош ва таом фуқаро ва масоқинға тортилди. Бу муҳиммоттин фориғ бўлғондин сўнг, черик ва вилоётнинг тартиб ва насқи ва забт ва рабтиға иштиғол кўрсатилди".

Тақдирнинг мўъжизасини қарангки ночорликдан амакиси билан тузилган сулҳ узоққа чўзилмади. Сулҳдан ке­йин амакиси Султон Аҳмад Мирзо - Самарқандга қайтаётиб Ўратепанинг Оқсув мавзесига етганида тўсатдан туғилган оғир касаллик ҳуружи туфайли ҳаёт билан видолашди. Энди ноиблик ҳам ўз-ўзидан тугади. Буларнинг барчаси 1494 йилдаги воқеалардир.

Бобур кўнгли кенг, гинадан бегона, ростгўй шахс бўлгани учун амакисининг ҳукмдорлик фаолиятини халқ манфаати нуқтаи назаридан ҳаққоний баҳолайди: "Самарқанд аҳликим, йигирма-йигирма беш йил Султон Аҳмад мирзонинг замонидан рафоҳият (фаровонлик) ва фароғатлик била ўтказиб эдилар, аксар муомала ҳазрати Хожа (Хожа Убайдулло Аҳрор- С.С)жиҳатидин адл ва шаръ тарийқи била эди".

Гарчи Бобур кичик бўлса-да, анча мулоҳазали ўспирин эди эди. Бошига эрта тушган шўришлар уни жуда тез - саноқли ойдаёқ улғайтириб қўйгандай туюларди. Ҳар бир ҳаракатида кеча, бугун ва эртани ўйлаб иш тутаётгани сезилиб борарди. "Бу фурсатда Султон Маҳмудхон Шоҳруҳияга келиб эди... Нечукким мазкур бўлди, хотирға еттиким, ора мунча ёвуқ бўлғонда хон чун ота оғадурлар, бориб мулозамат қилсам ўтган кудуратлар рафъ бўлса, ироқда - ёвуқта эшитур, кўрарга яхши бўлғай деб келиб, Шоҳруҳиядин ташқари Ҳайдарбек солгон боғда хонға мулозамат қилдим. Хон боғнинг ўртасида солғон улуғ чордона уйда ўлтуруб эдилар. Уйдин киргач, уч юкундум. Хон ҳам таъзим қилиб қўптилар. Кўрушуб, ёниб юкунгандин сўнг ёнларига тилаб, қалин шафқат ва меҳрибонликлар кўрсаттилар".

Бобур хон тоғаси билан бир-икки кун бирга бўлади. Лекин нималар ҳақида маслаҳатлашилгани ноаён. Балки айтарли фикр ололмагани учун ёзиб қолдирмаган ҳам. Шунга қарамай, Кандирлик довонидан бу ёққа ўтиб, Ахсига киради. Чунки, отаси ўзи томонидан пойтахт қилинган Ахсида дафн этилган-ку. Аввало, фарзандлик бурчини адо қилишни, қолаверса бу вилоятдаги ҳақиқий аҳволни ҳам кўришни ниятлагани аниқ. "Ахсига келиб отамнинг мозорини тавоф қилдим. Банди Солор йўли билан намози шом била намози хуфтан орасида Андижонга келдим".

Бобур болалигиданоқ қариндошлик ришталарини ардоқлашни афзал билган. Ахир унинг кўз ўнгида Умаршайх Мирзо Ахсида туриб, қайнотаси, яъни Бобурнинг она томонидан бобоси - мўғил хони Юнусхон билан жуда қадрдон бўлиб кетишган эмасмиди. Борди-келдилари шу даражада эдики, қайнота ойлаб, фасллаб Ахси вилоятида қўним топиб, яшарди. Ҳатто ўзига берилган бир қишлоқда кент - шаҳарча барпо қилгани тўғрисидаги тарихий маълумотларга эгамиз. Бундан ташқари Юнусхоннинг катта хотини Эсан Давлат Бегимнинг Андижон биқинида Қўштегирмон номли боғи бўлган. Буни Умаршайх Мирзо Юнусхоннинг таклифига биноан қайнонасига барпо қилдириб берган. Бобур отасининг ўлими ҳақидаги мудҳиш хабарни бувиси билан бирга худди шу жойда туриб эшитганини қайд­лаб ўтган. Сабаби, тахт вориси кутилмаган хавф-хатардан ҳоли ҳолатда, энг яқини паноҳида, раҳномолигида тарбияланаётган эди. Умаршайх Мирзо эса пойтахт Ахсида бош ўғил фарзандидан, тахти ворисидан кўнгли тўқ бўлиб, мамлакатни бошқараётган эди.

(Давоми бор).