Ҳар йили 9 феврални улуғ бобомизнинг таваллуд куни сифатида нишонлашга ўрганганмиз. Бу йилгиси эса ҳар галгидан бошқача тантана қилинмоқда. Ўтган йилнинг 19 октябрида Президентимиз томонидан қабул қилинган "Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда.
Наманган шаҳрининг 1-шифохонасидаги тадбир ғоят мароқли кечди. Уни бош шифокор Тоҳиржон Бойдадаев қисқача кириш сўзи билан очди. Сўнгра шоир ва публицист, "Турон" фанлар академиясининг академиги Содиқ Сайҳунни даврага чорлади. Шуниси эътиборга лойиқки, у Навоийнинг умрибоқий асарларидан моҳирона фойдаланган ҳолда буюк бобомизнинг сермаъно ғазалларию, рубоийларини шарҳлаб берди. Энг муҳими, Навоий асарлари мағзини чақиб, уни тингловчиларга етказиш учун сатрлару байтлар қатида илгари сурилган ғояларни аниқ ва лўнда баён этар экан, врачу ҳамшираларда сўз мулкининг султони ижодига қизиқишни янада кучайтириб юборди. Комил инсонлик фалсафасини, элу юртга меҳру муҳаббату чексиз садоқат туйғуларини тингловчилар онгига сингдириш, қалбига жо қилиш учун интилди.
Жамоа номидан сўзга чиққан шифохона маънавий-маърифий ишлар мутасаддиси Мавлуда Турсунова адабий-таҳлилий маъруза барчага манзур тушганини алоҳида эътироф этди.
Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси Баҳодир Турдиев анжуман сўнггида "Февраль - маънавият ва маърифат ойлиги" эканини яна бир бор таъкидлади. Президентимизнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада оширишга бағишланган видеоселектор йиғилишида: "Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир" деб айтган сўзларига барчанинг диққат-эътиборини қаратди. Алишер Навоийга бағишланган адабий анжуманлар энди Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди тарғиботига уланиб кетиши зарурлигини алоҳида уқтирди. Навоийхонлик ва бобурхонликда тиббиёт ходимларининг янада фаол бўлишига ишонч билдирди.