Яқинда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази поликлиникаси халқимиз тинчлик ва осойишталигини таъминлаш, фаровон турмуш, бахтли хаёт кечиришлари учун туну кун хизмат қилаётган вилоят, шаҳар ва туманлар прокурорлари, вилоят ички ишлар бошқармаси, шаҳар ва туманлар ИИБ раҳбарлари, вилоят давлат солиқ бошқармаси, шаҳар ва туманлар ДСИлари бошлиқлари билан гавжум бўлди.

Поликлиниканинг кириш йўлагидаёқ тана ҳарорати аниқланган, антропометрик ўлчовлардан ўтган давлат хизматчилари клиник-биохимик лаборатория таҳлилларини топширдилар. Шундан сўнг, УЗИ, ЭКГ, МРТ, Рентген аппаратларига тушишиб, таналаридаги ўзгаришлардан воқифландилар ва тажрибали шифокорлар қабулига киришди.

Кардиолог, терапевт, гастроэнтеролог, уролог, пульмонолог, стоматолог ва бошқа соҳа мутахассисларининг кўриги улар учун фойдали, албатта. Ахир иссиқ жон, баъзан тиғиз дамларда танага қулоқ солинмайди. Оғриқлар оёқда ўтказилади, саломатлик назорати учун фурсат топилмай қолади. Шу боисдан ҳам сектор раҳбарлари бундай эътибор ва ғамхўрликдан беҳад мамнун бўлишди.

- Саломатлигимизни мустаҳкамлашга йўналтирилган бугунги тадбир бизни жуда руҳлантириб юборди, - дейди Косонсой туман прокурори Фозилжон Тоиров. - Соғлигидан хотиржам бўлган инсоннинггина ишида унум ва барака бўлади. Бу ерда врачларнинг зарур маслаҳат ва тавсияларини олдик. Энди буларга тўла амал қилишни эътиборимизда тутамиз.

Манзура ЭРГАШЕВА.