ЁХУД ШАҲЗОДА БОБУРНИНГ УЧ КЕНТ АРО САРГАРДОНЛИК СИТАМЛАРИ

Бормоққа не маскан муяссар,

Турмоққа не давлат муқаррар.

                                                   БОБУР

 

Умаршайх Мирзо пойтахт кент - Ахсида туриб қадимги Фарғона давлатини бошқаришга қаттиқ тиришар экан, ўқтин-ўқтин муаммоли вазиятлар туғилиб, ҳаловатини бузаверарди. Ўша даврдаги мулкгирлик васвасаси темурий ҳукмдорларни ҳам, мўғулий хонларни ҳам ўз тахтида сокин ўтиришга йўл қўймасди. 1494 йилга келиб, Умаршайх Мирзонинг аҳволи анчагина танглашган эди. Ахсига атрофдан кўз тиккан наинки бегона, ҳатто қариндош ғанимлари, яъни султону мирзолар уни жиддий таҳликали ҳолатга туширганди. Аниқроғи, Тошкент ҳокими Султон Маҳмудхон билан Самарқанд ҳукмдори Султон Аҳмад Мирзо иттифоқ тузиб, Ахсига қўшин тортиб келишаётган эди. Тўғри, Умаршайх Мирзо "шижоъ ва мардона киши эди. Икки мартаба ўзи жамиъ йигитлардин ўзуб қилич тегурди: бир мартаба Ахси эшигида, яна бир мартаба Шоҳрухия эшигида. Ўқни ўрта чоғлиқ отар эди, бисёр зарб мушти бор эди, анинг муштидин йигит йиқилмоғон йўқтур..." Бироқ ҳозир аввалги шижоати ва ботирлигига ишониб, якка ўзи қўшини билан яқинлашаётган хатарли хавфни дафъ қилишга кўзи етмасди. Дағдағаси ва шашти пасайиб қолганди. Аччиқ қисматни қарангки, у кутилаётган жангда эмас, кутилмаган тасодиф фалокатда ўлим топди. "Умаршайх Мирзога бу воқеа даст берганда мен Андижонда чаҳор боғда эдим, - дея ёзади Заҳириддин Муҳаммад Бобур. - Сешанба куни рамазон ойининг бешида бу хабар Андижонга келди".

Ана шу лаҳзаларда ўзини Фарғона давлати ҳукм­дори ҳисобловчи Умаршайх Мирзонинг тўнғич ўғли нега Ахсида эмас, Андижонда эди? - деган савол хаёлдан ўтади. Ахир отаси ёнида юриши керакмасмиди. Бу ҳолатни ҳам икки хил изоҳлаш, талқин қилиш мумкин. Турлича қарашларнинг юзага келишига таажжубланишнинг асло хожати йўқ. Масалан, андижонлик олимлар, қолаверса Тошкентдаги бобуршунослар юқоридаги ҳаётий ҳақиқатга ўзларича шарҳ беришади, ҳатто "Бобурнома"даги Ахсига тааллуқли бошқа битиклардан атайлаб кўз юмишади. Ахсига "ҳукмдорнинг ёзги чорбоғи" сифатида қарашади. "...сешанба куни рамазон ойининг бешида тарих саккиз юз тўқсон тўққузда Фарғона вилоятида ўн икки ёшда подшоҳ бўлдум". Аслида ҳам Бобур отаси ҳақидаги мудҳиш хабар етказилган кунданоқ бунга ҳақли эди-да. Боиси, у ота тахтининг биринчи даражали вориси бўлган. Шунинг учун пойтахт Ахсидан йироқда -Андижонда бувиси, яъни Қутлуғнигорхонимнинг онаси Эсан Давлатбегимнинг Қўштегирмон чорбоғида бирга яшаётган эди. Англашимизча,тахт ворисини ёмон кўзлардан асраган ҳолда ҳукмдорликка тайёрлаш мақсадида ишончли қўлларга топширилган бўлиши керак. Бу ерда шаҳзодага аввало , чуқур илм берилган, айни вақтда отда юришдан, камонбозлик ва қиличбозликдан сабоқлантирилаётган эди. Ахсидаги фожиадан воқифлангач, "Изтироб била отланиб, қошимдаги навкар ва савдар (хизматкор) била қўрғон азимати қилдим. Мирзо дарвозасиға етган маҳалда Ширим тағойи" жиловимни олиб, Намозгоҳ (шаҳар четидаги жой - С.С.) сори тебради. Хаёлиға бу кечибтурким, Султон Аҳмад Мирзо (Самарқанддаги амакиси - С.С.) улуғ подшоҳдир, қалин черик била келса, беклар мени ва вилоятни топширғуларидур. Мени Ўзганд ва Олатоғ доманаси сори олиб борғай. Олачахон ё Султон Маҳмудхонға борғаймен" деб ёзади. Чунки, у тоғаларидан шафқат кутади. Уларнинг бири Мўғулистонда, бири Тошкентда хукмдор хон эдилар. Лекин иккиланиш ва хадиксирашга ўша фурсатдаёқ ўрин қолдирмайди. Хожа Мавлонойи қози (шайхулислом), Умаршайх Мирзонинг яқинларидан Хожа Муҳаммад Дарвизийлар Намозгоҳга яқинлашган маҳалда ортма-орт боришиб, Бобур ва ёнидагиларнинг кўнглидаги хавотирларни орадан кўтариб юборишади. Шу ондаёқ орқага қайтилади. Бобур Аркка келиб тушади. "Хожа Мавлонойи қози ва беклар менинг қошимда келиб, сўз ва кенгашни бир ерга қўюб, қўрғоннинг бурж (тиргак) ва борусининг забт ва рабтига (интизомига) машғул бўлдилар".

У подшоҳлик мақомини зиммасига олганида атиги ўн бир ёшга тўлиб, ўн икки ёшга қадам қўйган эди. Аччиқ қисмат қаршисида донг қотиб, тушкунликка тушиб ётмади, аксинча болалигидан эрта видолашди, ўзини буюк курашга чоғлади. Отасининг умароси, яъни атрофидаги амалдорлари, яқинлари ва хайрихоҳлари мададига, маслаҳатига, йўл-йўриғига таянди. Барибир оғир вазият эди. Беоқибат беклару қариндош-уруғлардан панд еди, жабр тортди. 1494 йилда гарча ўзини тахт соҳиби сифатида эътироф этсада, Сайҳун суйининг икки томонидаги вилоятлар ва кентларни ўз давлати тасарруфига бирлаштириш у ёқда турсин, ҳатто энг катта вилоятлар ҳисобланмиш Андижон ва Ахсини қўл остида ушлаб туришга қодирлик ҳам амри маҳолга айланди. Тахтда хотиржам ўтириш ўрнига отда - эгар устида гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга жилов қўйишга, қиличини қинидан суғуришга, ғанимлар билан жангу жадалларда юзма-юз курашишга мажбур бўлди. Ҳаловат нелигини билмади, мамлакат халқи турмушини яхшилаш, юртни обод қилиш ҳақида ўйлашга имкон қолдирилмади. Булар ҳақида "Воқойиъ" бизни батафсил воқифлайди:

"Султон Аҳмад Мирзо (Бобурнинг амакиси, Моварауннаҳ ҳукмдори - С.С.) Ўратепа ва Хўжанд ва Марғилонни олиб келиб, Андижоннинг тўрт йиғочида Қубоға тушти...

Хожа қозини ва Узун Ҳасан Хожа Ҳусайнни элчиликка бу мазмун била йиборилдиким, бу вилоятга мулозимлардин бир кишини худ қўюлғусидур. Мен ҳам мулозим ва ҳам фарзанд, агар бу хизматни манга уҳда (мажбурият) қилсалар яхшироқ ва осонроқ файсал топқусидир". Кўринадики, Бобур ўзининг кучи ва имконияти доирасида тўғри фикрга келган. Агар амакиси зиммасига шу вазифани юкласа, уни бажону дил хизматкор ва фарзанд сифатида адо этиш истагини етказади. Энг муҳими қирғинбарот уруш бўлишини хоҳламайди. Келишиш билан ҳал этишни энг мақбул билиб, тўғри қарор чиқаради. Лекин, Султон Аҳмад Мирзо "камсухун ва одми киши" эди, бекларининг раъйига қарши боролмади. Жиянининг Андижонни мустақил ҳукмдор бўлиб эмас, ўзининг ноиби сифатида бошқаришга розилигига қарамай, жанговар юришини тўхтатмади. Тақдирнинг Бобурга кутилмаган туҳфаси туфайли Султон Аҳмад Мирзо Андижонга етиб келолмади. Қубо (ҳозирги Қува) сойидан ўтиш чоғида минглаб чериги (лашкари) кўприкка тиқилиб, сувга қулайверади, қўрқинчли фожиа рўй беради. Бунинг устига от ўлати тарқалиб, навкарлар талвасага тушадилар. Оқибатда ёш Бобурнинг таклифи қабул қилинади. Тоғасининг вакили Дарвиш Муҳаммад Тарҳон Бобур тарафдан Ҳасан Яъқуб Андижондин "бир йиғоч" (8 километр) масофадаги Намозгоҳда кўришишиб, ўзаро сулҳ тузишади.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми бор).