"ҚАРИЛИК ИСТАР ЭСАНГ..."
Навоий тани-жони соғ бўлсаям, қариликнинг ўзиёқ катта дард эканини чуқур англаб етган, ўзгаларгаям англатгиси келган. Не боис бунга алоҳида урғу берган? - деган саволга жавобни байтлари мазмун-моҳиятидан излаш тўғри бўлади. Бу борада шоир ёшлик ва қариликни бир-бирига қиёслаб, бир-бирига боғлиқлигини уқтириб, бир-биридан эҳтиёжмандлигидан огоҳлайди бизларни.
Қарилик истар эсанг, қариларни ҳурмат тут,
Қаридинг эрса йигитлардин истама суҳбат.
Буни ўзи мисолида кўрсатувчи сатрлари муаммога янада ойдинлик киритади:
То йигит эрдим, қариларга кўп эрди хизматим,
Қариғон чоғда йигитларга оғирдир суҳбатим.
Кексалик истаймизми, истамаймизми умрнинг заифлик айёми. Навқиронлик эса унинг акси. Йигитларнинг қарияларга илтифоти нуронийларни хурсанд қилади, чунки, улар шунга муҳтож. Салгина эъзоз ва эҳтиромдан кайфиятлари кўтарилади, руҳлари қувватланади, аммо кексаларнинг ёшларга малолли муносабати ноўрин. Шоир шунга шаъма қилмоқда.
Инсон улғаяди, камолот касб этади-ю, кейин эса шоир изоҳлаганидай тағин хатоларга мойил, феълу атвори болаларга ўхшаб қолиши эҳтимоли катталиги ҳам бор гап. Навоий қарилар (шуйук)га худди шуни эслатишни лозим топади:
Камолдин неки ўтти яна топар нуқсон,
Ки кўп яшаб кирар атфол чиркасига шуйук.
Ёши улуғликка сокинлик ярашишини ўзига ўзи таъкидлайди. Ахир ёшлигида тиниб-тинчимаган, ҳатто юлдузни ҳам бенарвон урушга чоғланган не-не кишилар қариганда оғир-вазмин бўлишни фазилат санашади. Шоирнинг:
Чунки эллик манзил ўтти умрдин, сокин бўлай,
Не учунким эмди йўқ суръат қилурға қувватим -
дея иқрорланиши замирида чуқур ҳаётий ҳақиқат ётади. Зеро, тандан куч-қувват кетиши беморликка хос. Демак, кексаликда сиҳат-саломатлик бўшашади, тетиклик тандан чекинади. Бўғинлар оғриққа мойилланади, жисмимиздаги ҳаловат камайиб кетади.
Не навъ киби судрай ўзни кўюнг аро,
Ки мур судрғудек бўлди заъфдин баданим.
Ёки:
Заъфлик жисмимдадур ҳар ён бўғинлардин гирих,
Нол ториға эрур гарчи тугун тугмак маҳол.
Кексалик ва хасталик - жоннинг жафоси. Унинг излари-инсон кўринишидаги ўзгаришларда зоҳирланади. Аммо, буларни қанчалик яширмоққа уринмайлик бефойда. Биргина соч-соқолига "қиров қўниши"га қарши тадбирлар ранг жиҳатдан, яъни сурати турланишига олиб боришига қарамай, сийрат ўзгаришини юзага келтиролмайди. Бошқача айтганда, қора бўёқ билан навқиронликка қайтиш хомхаёл. Соч-соқолни бўяш балки ўзгалар кўзини бўяшдиру, бироқ ўз кўзингниям бўяшдан не маъно бор. Оқ сочлар кишини улуғвор қилади, қарилик зийнатини билдиради.
Улким соқол бўяр ҳавоси тушти бошиға,
Бўлмоқ соқол қаро, не осиғ, чун оқарди бош.
Навоий тиш масаласида янада ҳушёр фикр юритади. Уни беҳад асраш керак, чунки тишлар милкни тарк этса, қадрсиздан қадрсиз эканидан уқтирги беради ўқувчига:
Ўринда тишлар дури манзум эрур,
Чун сочилур қиймати маълум эрур.
Зийракроқ мутолаа қилсак, ўттиз икки "садаф дўст" бир сафда бирлашиб турсагина ўз вазифасини бажаришга қодирлигидан дурдек баҳоси баланд эканинию, мабодо сочилиб кетса, қиймати йўқолишини чуқур англаймиз. Шоир тағин тишлар ҳақида қайғуриб ёзади:
Қолмай оғиз буржида дурри самин,
Тишларим "син", лек кашиш бирла син,
Оғиз бўлди дурж, вале донасиз,
Тишлар ўлуб "син", вале дандонасиз.
Навоийёна юксак бадиий маҳорат, тафсирий таъриф, моҳирона сўз ўйини мужассам экани эса инсон аъзоларининг омонлиги тўғрисидаги фалсафасида ҳам беқиёс мужассамлик мақомида қоғозга муҳрланган. Туғилмоқ бор экан, ўлим ҳам барибир тириклик олами эшигини қоқиб юраверади. Табибми, олимми, шоирми, файласуфми ўлимга чора қайда?! Биламизки, Жолинус қорин оғриғидан, Арасту қорасон хасталигидан, Буқрот фалаж иллатидан, Афлотун ўпкага сув йиғилишидан, Суқрот эса кўр бўлиб ёруғ олам билан хайрлашган. Ибн Синонинг ҳаётига қабзият нуқта қўйган. Навоий миясига қон қуйилиб, вафот қилган. Таажжуб ва ҳайратли жиҳати ҳаётининг сўнгги онида ҳам Навоий сўз айтишига ишончи комил эди. Сўз - бемор оғизнинг жон таслимидан олдин энг сўнгги садо бўлишини таъкидлайди-ю, хастҳоллик оқибатида тингловчини яқин келишига эҳтиёжманд этиб қўйишидан мужда беради:
Оғзима еткур қулоқ, тилим сенинг зикрингдадур,
Ул замонким жон берурда тебратур бемор оғиз.
Кексалик - заифлик аслида. Айни беморлик ҳам қарилик кабу тани заифликка дучорлайди. Ўлим элчисини чақиради. Акс ҳолда ҳаёт шаъми унча - мунча шамоллардан ўчавермайди. Ахир қуриган, илдизига қурт тушган, нимжон дарахт ёки қийшайган деворнинг йиқилиши тайин. Навоий заифлик, яъни заъфдан озор чекар экан, худди шундай ҳолат ёрига ҳам зарар бераётганидан умидланади, дард тортган дардмандларга дарддош бўлиши ҳақида ўйлайди:
Заъфдин бераҳм ёримга етиб эрмиш газанд,
Шояд этгай раҳм дардимга, чу бўлмиш дардманд.
Заъф андоқдурки, дам урсам эрур бийми ҳалок,
Не учунким, ул таҳаррукдур анга беҳад аниф.
Бағир хунобиддин заъф ўлди ғолиб хаста жоним,
Оғир эрди ғизо, авд этти заҳмат нотавонимга.
Инчунин, заифлик ҳаддан ошгач, инсон чорасиз ҳолатга тушади. Ҳатто томоғидан овқат ўтмай, бутун заҳмат жону нотавонига қайтади. "Маҳбуб-ул-қулуб"даги танбеҳлардан бири бежиз шайхухат, яъни қарилик зикрига бағишланмаган. Навоий ёзади:
Чун кетти йигитликку узолди қарилик,
Дам совуди, яъни қолмади қон ҳам иссиқ.
Оғзига ҳаёт шарбати бўлди ачиғ,
Ўлмоғ хушроқки, умр бу навъ қаттиқ.
Сиҳат-саломатлик умиди хаёлдан, кўнгилдан кўчгач рўй берадиган афтодаҳоллик ўксиниш билан тасвирланади:
Афсуски, умри навжавонлиғ кетти,
Танга қариликда нотавонлиғ етти,
Гар юз йил улки комронлиғ этти,
Чун топмади маргдин омонлиғ, нетти?
Шоирнинг ўксикона сатрлари сиз билан бизни ҳам қарилик келмасидан соғлигимиз ҳақида астойдил қайғуришимиз кераклигидан огоҳлантиради. "Қариларнинг ҳар мўйида бир касал, вужудида минг иллат кўриниб туради" дея йигитлик айёмида саломатликнинг қадрига етишга чақиради. Узоқ умр кўриш истагининг ўзи кифоя қилмаслиги, қад эгилиш, қўллар титраш, кўздан ёш оқизиш, эслаш ўрнига унутишга тобеланишдек тақдир айёмига эсон-омон етганлар эса кексалик гаштини суриши, акс ҳолда тирикликдан кўра омонатидан айрилмоқ кўзига осон кўриниши қисматидан гап очади. Йигитликни, яъни шабоб айёмини умр гулшанининг баҳорига менгзаб, кексаликда фақат унинг хумори тутишини эслатади. Ғанимат дунёда ғанимат умрнинг - соғлиқнинг қадрини биринчи ўринга қўйиб яшашнинг сабоғини беради.
Содиқ САЙҲУН.
(Давоми бор).