(Давоми. Аввали ўтган сонларда).

 

"ВА ЛЕКИН ТИББУ ҲИКМАТ ҲАМ ЭРУР ХЎБ"

Ўз-ўзидан савол туғилади: Нима учун Навоий ўз асарларида инсон ва унинг саломатлигига дахлдор масалалар хусусида кўп ва хўб байтлар ёзган экан? Ҳеч иккиланмай айтишимиз мумкинки, бу аслан ҳаёт-мамот масаласи, умри узунлик масаласи, куч-қувват масаласи, ақли расолик масаласи, тўғри яшаш масаласи. Одамнинг тириклик ҳаловати, эртанги кунига умидли нигоҳланиши, жамоатга наф етказиш имконияти. Нени ниятласа ета олиши учун ақлан ва жисмонан қодирлиги соғу саломат юришидан барқарору бардавомдир. Инсон азалий ва абадий ёруғ дунё меҳмони бўлгани учун бир марта бериладиган тириклик неъматидан баҳрамандлиги, аввало, ўзига, қолаверса табиий муҳитга, атрофидаги одамларнинг муносабатига боғлиқ. Табиб ва шифокорлар эса тиббий тажриба ва билим билан зоти шариф инсонларни касаллик аталмиш турли-туман кўзга кўринар ва кўринмас "ёв"лардан ҳимояланишга, уларга қарши курашишга кўмаклашуви билан чинакам нажоткорлар ҳисобланишади. Навоий гарчи шоир бўлса-да, ўз замонида тиб илмини ва амалиётини гўёки улардан кам билмайдиган мақомдаги шахс сифатида намоёнланади. Сўз мулкининг султони наздида табобат ҳикматнинг ўзи:

 

Ва лекин тиббу ҳикмат ҳам эрур хўб,

Ки ҳикматдур киши жисмида матлуб.

 

Агар ҳикматқа бўлса илтифотинг

Ки бўлсун Нуҳ умрича ҳаётинг, -

деб ёзиши бежиз эмас.

Ана энди шоиримиз ҳикматга илтифотли табибларга ҳам, дардига даво изловчи шифоталабларга ҳам билганларини юқтиргиси келади. Бу табобатга оид алоҳида рисола ёзган деган маънони англатмайди. Аммо, достон ва ашъорларида инсон саломатлиги ҳақида қайғуриб битган нафдор байтлари кам эмас. Яна уларнинг айримларига диққат-эътиборингизни қаратишимизни ўринли деб ўйлаймиз.

Ўша даврларда доришунослик у қадар ривожланмаганини ҳисобга олсак, Навоийдек шоирларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан фойдали сатрлари айнан табобатга дахлдорлиги туфайли қимматли аҳамият касб этгани беинкор ҳақиқатдир. Шоир ўзидан олдин яшаб ўтган донишманд табибларнинг асарларини ўқиш ва уқиш асносида ҳамда ҳаётда кўрган, билган, ўзи ва ўзгаларда синовдан ўтган табиатдаги мавжуд шифобахш мева, сабзавот ва ўсимликларнинг хусусиятларини назмга солган. Айни дамда асарларида илгари сурилган ғояларини кучайтириш, таъсирчанлиги ва ҳаётийлигини ошириш воситасига айлантириб юборган:

Хаста кўнглум гар лабинг уннобини истар, не тонг,

Нега айрилғой жиҳатсиз хаста ўз уннобидин.

(Яъни бемор кўнгил агар лабинг уннобини истаса ажабланма, нима сабабдан хаста ўз уннобидин айрилсин). Унноб - жилонжийда. Бу байтда ёрнинг лабига ғоят монанд ўхшатиш қўлланган. Ранггиям, шаклиям, қолаверса, тотиям. Юксак бадииятга йўғрилган ҳолда маъно-моҳият мужассамланган.

Хушбўй нарса беҳушни ҳам ҳушёр торттиради. Гулоб бу борада айни муддао. Худди шу ҳолатни шоир қаҳрамонлари хатти-ҳаракатига уйғунлаштириб ифодалайди:

Ки ул янглиғ гулоб урғоч юзига,

Очиб бедил кўзин, келди ўзига.

Ёки:

Мушк иси солди шоҳ мағзига ҳуш, -

дея мушк ҳам шундай хосиятга эгалигини ягона сатрда шоҳнинг аҳволини изоҳлашга нисбатан қўллайди Навоий.

Шоир байтларида хирфа (семизўт), ўсма, заъфарон, зок (аччиқтош) ва хино кабиларгача учрайди. Ахир уларда ҳам даволовчи хусусиятлар мавжуд. Чунончи, хино иккинчи даражали қуруқ-совуқдир, тарқатувчи, очувчи, қуритувчи ва қотирувчи хислатлари маълум, ёғи асабни ҳам юмшатиб юборади. Буни яхши билган Навоий ғазалларида хинодан жуда ўринли ўхшатишлар кашф этади:

Наф этар бўлса хино янглиғ кафи пойинга қон,

Чок этиб кўксум, они бағримда пинҳон истарам.

Биз ижодкор асарлари мутолаасини қанчалик синчиклаб давом эттирсак, ўзимиз излаган табиат неъматларига тиббий таърифу тавсифларни, бадиий санъат орқали уларнинг хусусиятларига уйғунона маъноларни шунчалик кўп топаверамиз. Нозик иборалар замирига нозик ишораларни жо қилиб юборилганини уқамиз.

Инчунин, гулқанд ҳакимларнинг ишонган даводориси бўлишига қарамай "бемор" ошиқни тузатишга келганда "кучи" ожизлигини шоир яшириб ўтирмайди. Бедаво дардини ундан устун қўяди:

Юзу лаъли ҳажридин бемор ўлубман, эй Ҳаким,

Умр зое қилма, қилмас чунки гулқандинг илож.

Навоий учун сув беъбаҳо неъмат. У бор экан, тирик жондан ўлимни йироқлайди. Сувга сафол идишдан аълороқ жой бўлармикин. Одам олтин қадаҳга эмас, фақат ва фақат зилол сувга ташналик эҳтиёжманди деган фикр шоир байтларини безаган:

Сувки берур элга ўлумдин амон,

Тийра қилур ўтга етишган замон.

 

Ташнаки ул сув ила истар фараҳ,

Қайда кирар кўнгулга олтун қадаҳ.

 

Навоий наздида йигитлик - соғломлик, қарилик - дардмандлик. Минг уринилса ҳам ундан қутулиш мушкул.

Ёш улғайса тақи муқарнасдур дард,

Балки моилу сипеҳри атласдур дард.

Қари кишига балки кам эмасдур дард,

Юз сиҳат бўлса, қарилик басдур дард.

 

Қарилик дарди хасратлари эса шоир учун алоҳида мавзу касб этгани яна қатор-қатор назмий жавоҳирларига жоланган.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми бор).