Наманган асли азалдан нозиктаъб шоирлар, олиму фузалолар, авлиёлар юрти. Биргина кўҳна Ахсикатнинг ўзидан қанчадан-қанча улуғ зотлар етишиб чиққишган. Ахсикатийлар Шарқ олами маънавий-маърифий ҳаётида беҳад шону шуҳрат мавқеига кўтарилишган. Асириддин Ахсикатий илк бор "Малик уш-шуаро" - "Шоирлар шоҳи" шарафига муносиб кўрилган. Абу Рашод Ахсикатий "Зулманоқиб" - "Яхши хислатлар соҳиби" сифатида ном қозонган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машрабдек улуғлар ҳам умрларининг кўпини узоқ ўлкаларда ўтказган бўлсалар-да, таваллуд тупроғи соғинчи кўнгилларини асло тарк этмаган. Назми жавоҳирларининг бебаҳо бисотидан халқимиз ҳали ҳануз баҳра олади. Яна шундай аҳли қаламларимиз борки, уларнинг ёзганлари энди-энди оммага етказилмоқда. Нодирабегим номидаги вилоят кутубхонасидаги навбатдаги янги китоб тақдимоти ана шундай саъй - ҳаракатнинг яна бир қувончли самарасидан кўпчиликни бохабар қилди.
Мана, қўлимизда ўша яратиқ. Тошкентдаги "Musiqa" нашриётида "Соқийнома" номи билан тартибланган. Икки ҳамшаҳар шоиримиз - Абдулазиз Мажзуб Намонгоний ва Сулаймонхўжа Нодим Намангонийларнинг шу жанрдаги асари жамланган. Улар ҳаётда биринма - кетин яшаб ўтишганига қарамай, руҳан яқинликлари сезилиб турарди. Битикларида анъанавий йўлдаги ўхшашлик ва аксинча ўзига хослик комил калом даражасига етганликларидан шаходат беради.
Мумтоз адабиёт илмининг нуктадонларидан бири Ёқубжон Исҳоқовнинг "Сўз санъати сўзлиги" изоҳ-шарҳида баён этилганидай: "Соқийнома - маснавий шаклидаги мустақил бандлардан таркиб топган лирик жанр. Бандлардаги байтлар ва бандлар сони чекланмаган. Ҳар бир банд, албатта, соқийга мурожаат тарзида бошланади:
Нисоринг бўлай соқий дилрабо,
Сўн эмди шаробий кудурат задо.
(Мажзуб)
Кел, эй соқиё тут майи ғамзадо,
Паёпай манга то ба рўзи жазо.
(Нодим)
Аслини олганда адабиёт тарихида соқийномада бошқа лирик жанрларга қараганда туркий шоирлар камдан-кам қалам тебратишган. Фақат Навоийда бу усулдан яхши фойдаланилган. Чунончи, "Хамса" сида кўп учрайди:
Соқиё, тут қадаҳни шоҳона!
Қатраси лаъл вале якдона...
Демак, намангонийлар Алишер Навоий изидан боришган, анчайин мукаммал соқийномалар яратишган дейишга ҳақлимиз.
Бошланмаси мурожаатдан иборат эсада, моҳиятан Аллоҳга ишқнинг изҳорию, оламнинг бевафолигидан ва олам аҳлидан шикоят, айни шунинг учун бефойда ғаму андуҳдан кўра, вақтни ғанимат тутиш ғояси устуворлик касб этади. Мажзуб соқийномасида пирнинг хизматига фидоийликдан ўзгани истамаслик руҳияти барча сатрларга сингиб кетган.
Алардин мурувват кўриб ёки кўрмай,
Ўшал кўйида сарфу авқот этай.
Насрий шарҳда изоҳланганидай: "Харабот аҳлларидан мурувват кўрсамда, кўрмасамда, вақтларимни алар йўлида сарф этай... Аллоҳнинг дўстлари билан бирга бўлиб, алар суҳбатидан баҳраманд бўлишликка сарф этиш бу саодатдир". Чунки, валийларга яқинликнинг хосияти катта ҳисобланган ўз даврида. Уларга ўхшамоқликка интилиш - комил инсон мақомига кўтарилиш билан баб - баравар ҳолат. Бунинг учун ўтмишдаги улуғ зотларнинг маноқиблари, яъни ҳаётларидан ҳикояловчи тарихий ёднома китобларни ўқимоққа юзлангмоқ шартини қўяди Мажзуб:
Биров деса мен ҳам алардин бўлай,
Ўқусун кўп онларнинг афсонаси.
Асарда ҳозирги авлод учун ҳам катта тарбиявий таъсир кучига эга байтлар анчагина. Улар халқона ҳикматларга ҳамоҳанг:
Қўшилма ёмонга, ёмонлар ёмон,
Бир иш қилки, бўл яхши ҳамхонаси.
Вафо тухмин ундур йиғи сувидин,
Чу деҳқон кўкартур, сувдин харбуза.
Вафо зумрасини улуғи сабоқ,
Бу маънида берди тиломуз ўза.
(Вафодорлик уруғини қалб заминингга экиб, йиғи суви билан кўкартириб, ундириб ўстиргин, бамисоли деҳқонга ўхшаб. Деҳқон ҳам қовун-тарвуз экса, кўкартиши учун сув қўйганидек.
Маънавият оламидан баҳра олиб, вафодорлар жамоасига етиш учун энг улуғ лозим нарса, ўзини шогирд этиб сабоқ олишдир).
Мурувват элининг йўлин тозала,
Футуват русумини андозала.
(Мурувватли, саховатли олийжаноб кишиларни йўлини тутиб ушлаб, футувватли - жасуру мардлар расм-русумларини ўзингга андоза қилиб ол).
Кўнгил мурғини қўйма усфур сифат,
Қилиб тарбият ани шаҳбозла.
(Кўнгил қушини бепарволик билан тарбиясиз қолдириб, чумчуқсифат қилиб қўймагин. Уни яхшилаб тарбиялаб, шаҳбоздек, яъни лочиндек баланд парвоз этгин).
"Соқийнома" тасаввуфий йўлда битилган илтижономадир. Беихтиёр кўнглимизни ажиб ҳисларга тўлдиради. Фалсафий ва ахлоқий масалалар ошиқона руҳда ғоят жозибали ифодаланган. Дунёнинг ўткинчи ҳою-ҳавасларига берилишдан тийилишни афзал билган, нафс қутқусидан фориғланишга, қалбни тозалаб, илоҳий ишққа тўлдириш истаги билан куйиб-ёнишга чоғланган шоир сиймоси тасаввуримизда жонланади.
Нодим Намангоний "Соқийнома"сида Мажзубникига уйғунлик руҳини сезиш қийин эмас. У ҳам ишқ майини тутувчи пиру муршидига қалбан қаттиқ боғланган мурид сифатида намоёнлайди ўзини.
Тараҳҳум қил, эй дайри пийри манго,
Бериб журъаи бодаи ғамзадо.
(Эй, меҳрибон гўзал хулқ соҳиби бўлган пийрим, менинг ҳолимга ҳам раҳму шафқат қилиб, бутун ғамларни кетказиб юборадиган ишқу муҳаббат майидан берсангиз, яъни ажойиб бир суҳбат қилиб берсангизу, бу фоний ўткинчи дунёнинг ғамларидан озод бўлиб қутулсам).
Шоирнинг одам ва олам фалсафаси табиатга узвий боғлаб, жуда чиройли битилганидан кўнгилда беихтиёр завқ шавқ қўзғайди.
Кетур соқиё бода вақти баҳор,
Эрур дашту саҳро ҳама лолазор.
Кўтарди наво қумрию андалиб,
Бўлуб сарву сарсабзу гул ошкор.
Юруб ҳар тараф пайки мушкин насим,
Кўтарди кўнгил кўзгусидин ғубор.
Бўлуб сабзаи лолагун бўстон,
Фараҳбахш роҳат фазо обшор.
Бу байтлар кўнгилда ҳаётга муҳаббатни беҳад оширади, гўё кўкламга мадҳия-ю, қасида каби. Аммо, шоирга суҳбатпарастлиги яна тинчлик бермайди. Инчунин, у кўзга кўринаётган гўзалликка, димоққа урилаётган ҳуш ифорга қарамай, жаҳон ғуссасининг хумори йиқитиб қўйганидан зорланади. Соқийга қайта - қайта мурожаатланади:
Кетур соқиё бодаи жоми жам,
Чекиб савту расми ироқи ажам.
Ўтар ел каби умрнинг фурсати,
Бу фурсат ғаниматдур эй муҳтарам.
Зеро, тириклик неъмати - Аллоҳ томонидан ато этилган умр шамолдай ўтадию, кетади. Фурсат эса ғаниматдир. Уни беҳуда ишларга сарфламоқ афсус, надоматга олиб боради. Шубҳасиз, бу байтлар гуноҳлардан фориғланишга, тавба -тазарруга, савоб амалларга юзланишга жазм айлаган инсондаги руҳий кайфиятининг назмий навосидир.
Агар чуқурроқ тафаккур этишга уринсак, ҳар икки соқийнома ҳам таркидунёчилик тарғиботи даъвати эмас. Соқий, яъни пир илтижодаги муриди учун нажот қалъасидаги халоскор. Уларнинг суҳбатидан жонга озиғу, руҳга ҳаловат, қалбга эса ҳарорат сўралади. Шундай ҳароратки, энг олий ишқ - Аллоҳга муҳаббатни аланглатиш истаги исёни асносидаги интиқлик, дийдор соғинчи унда мужассам.
Таниқли шоир, Жамолиддин Муслим "Соқийнома"га сўз боши сифатида ёзган "Тарихга одилона назар" мақоласида таъкидлаганидай: "Мустақиллик боис бобокалонларимиз меросини ўрганишга кенг йўл очилди. Кўплаб қўлёзмаларни тадқиқ қилиш, улардаги асл моҳиятни, маънавий-ирфоний қарашларни нурлантириш, илмий жиҳатдан ўрганиш ишларига эътибор кучайди. Мазкур китоб ҳам ана шундай изланишлар сифатида дунёга келди".
Икки намангонийдан икки соқийномани бир жилдга жойлаб, китоб ҳолида адабиёт ихлосмандларига туҳфалашда насрий баёнчи Муҳаммадхон Эшон Лолареш набираси Ҳабибуллоҳ Акмалхон Махдум ўғлининг хизматлари таҳсинга муносиб. Агар эътибор берилса, насрий баёнда айнан сўзма - сўз англатган маънонигина шарҳланмаган. Ул зот исломий ва тасаввуфий билимдонлиги билан ўзининг теран идроки илғаган фикрларни ҳам матнга моҳирона сингдириб юборган. Айни шу ҳолат ҳозирги ёш китобхонларнинг тушуниши учун жуда фойдали бўлган, деб ўйлаймиз. Ўзгача айтганда, лирик чекинишлар ўринли ва жоизлигини тўла оқлаган. Улуғ пиру комиллар, буюк шоирлар ва донишманд инсонлар - Жалолиддин Румий, Фаридиддин Аттор, Умар Ҳайём, Аҳмад Яссавий, Сўфи Аллоҳёр, Баҳоуддин Нақшбанд, Алишер Навоий ва Алихонтўра Соғуний ва Чустийларнинг битикларига ҳам ўқувчи диққатини тортгани учун соқийноманинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ англашимизни осонлаштирган. Шунингдек, соқийномаларда қўлланган қадимий сўзларнинг мухтасар луғатлари тузилиб, иловаланиши китобхонлар учун мутолаа чоғида жуда асқотади, албатта.
"Covid-19" пандемияси шароитида кўпсонли китобхонларни тақдимот маросимига чорлаш имконияти чегараланганини инобатга олиб, мўъжаз залда оралиқ масофани сақлаб ўтирган саноқли шоирлар, олимлар, тарих ва адабиёт мухлислари даврага тезда қизғинлиқ бағишлашди. Қўлларидаги янги китобнинг Наманган маънавий ҳаётидаги ўрни ва қиммати тўғрисида Дилбар Бону, Муҳаммад Мирзо, Исоқ Нишон, Носиржон Юсупов, Раҳмонберди Раҳимов, Юсуфжон Алихановлар тўлқинланиб фикр-мулоҳазалар билдиришди, самимий эътирофларини изҳорлашди.
Адабиёт тарғиботи - инсон тарбиясида муҳим восита. Ҳар янги китоб-маънавий бойлик. Айниқса, у илк бор мухлислар эътиборига ҳавола этилаётган бўлса, янада қадр-қимматли. Шоир Жамолиддин Муслимнинг саъй-ҳаракати шу жиҳатдан беҳад маъқулу манзур. Эзгу фаолияти бардавом бўлишига яна умидланиб қолаверамиз.
Содиқ САЙҲУН,
«Турон» фанлар академияси академиги.