Ўзбек тили ўзлигимиз англатар,
Фикримизни минг оҳангда янгратар.
* * *
Ўзбек тили - ўзбекнинг фахри,
Бағри лим-лим маънолар наҳри.
* * *
Давлат тили - давлатнинг юзи,
Она каби баланд нуфузи.
* * *
Она тилим - онадек буюк,
Миллат рамзи, ҳар сўзи суюк.
* * *
Миллатни тил бирлаштирар,
Олам билан сирлаштирар.
* * *
Тил сандиғи аслида луғат,
Ичи тўла жавоҳир - лиқ хат.
* * *
Сукутсуяр ҳарфлар-
Сўзда маъно, таърифлар.
* * *
Ҳар товуш тил жарангги,
Сўз таратар оҳангги.
* * *
Қадрласанг тилингни -
Улуғлайсан элингни.
* * *
Она тилим, она сўзим -
Дунёга боқар кўзим.
* * *
Ўз тилимиз қанча билсак кам,
Ўзга тиллар ёрдамчи ҳар дам.
* * *
Яхши сўз - уюштирар,
Ёмон сўз - уриштирар.
* * *
Тонсанг она тилингдан-
Айриласан элингдан.
* * *
Тили софнинг - дили соф,
Буни билмас ноинсоф.
* * *
Эҳтиёт бўл тилингга,
Ёвланмасин дилингга.
* * *
Сўзни сўзла бузмасдан,
Илдизидан узмасдан.
* * *
Унутмагин ўз тилинг,
Бобомерос сўз - тилинг.
* * *
Она тилинг - ўз тилинг,
Болаликдан дўст тилинг.
* * *
Дунёда янграган ўзбекча нутқ -
Юксак минбардаги оламий ютуқ.
* * *
Ўзбек тили - аъло тил,
Сўзлари сермаъно тил.
* * *
Она тилим - бой тилим,
Ёруғ юзли ой тилим.
* * *
Ўзбекчани ким тушунса бесавол,
На бугуни, эртаси ҳам безавол.
* * *
Кўп тил билган соқовланмас сафарда,
Бурролиги қўл келади зафарда.
* * *
Ақлим қайрар она тилим,
Меникидир барча билим.
* * *
Алладай абадий наводир тилим,
Халқимга ҳаётбахш ҳаводир тилим.
* * *
Аллоҳдан бизларга инъом тилимиз -
Навоий бобомга илҳом тилимиз .
* * *
Ким ўрганар тилингни
Дўст тутади элингни.
* * *
Ўзбек тили - миллат овози,
Авжи баланд наво парвози.
* * *
Яхши сўз - дил боғловчи,
Ёмон сўз - дил доғловчи.
* * *
Ўзбегим тилида кўпдир шеваси,
Улар сўз боғининг ҳар-хил меваси.
* * *
Адабий тил - абадий тил.
* * *
Тахтли тил - бахтли тил.
* * *
Тил - миллатнинг юраги.
* * *
Тилин йўқотмаган - элин йўқотмас.
Содиқ САЙҲУН.