БУЮК ШОИР ТАВАЛЛУДИНИНГ 580 ЙИЛЛИГИ ОЛДИДАН

(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда).

Чунончи "Маҳбуб ул қулуб"нинг 15-фаслида "Табиблар тўғрисида"ги танбеҳларида олға сурган фикрлари Розий билан бежиз ҳамоҳангу ҳаммаъно бўлиб қоғозга тўкилмаган. Навоий бобомиз дейдиларки: "Табиб ўз фанининг моҳир билимдони бўлиши, беморларга раҳм -шафқат билан муомала қилиши, асли тиб илмига табиати келишмоғи, донишмандлар сўзига риоя этиб, уларга эргашмоғи, мулойим сўз ва бемор кўнглини кўтарувчи, андишали, хушфеъл бўлмоғи керак". Шуларни ўқиб, ҳозирги шифокорларимиз беихтиёр кўз ўнгимиздан ўтади. Бобомиз қўйган талаблар бугун ҳам долзарблигини йўқотган эмас. Улар орадан беш асрдан кўпроқ вақт ўтганига қарамай, худди кечагидек оҳори тўкилмаган, бундан кейин ҳам ўзгармайдиган талаблар эканлигига иқрорлигимизни ошираверади. Чунки, ҳамма тиббиётчиларга хосу мос энг муҳим хислату одатлар қисқа сатрларга жобажо этилган.

Навоий фақат баёнчилик усулидан фойдаланибгина қолмай, ҳаётий ва таъсирчан мисоллар билан ўз қарашларини далиллайди: "Ўткир ва шарафли табиб Исога ўхшайди. Исонинг иши чиққан жонни дуо билан танга киритиш бўлса, бунинг иши эса тандан чиқмоқчи бўлган жонни даво билан чиқармасликдир. Бундай табибнинг юзи хасталар кўзида севимлидир, сўзи эса, беморлар жонига ёқимлидир. Унинг ҳар бир нафаси хас­таларга даво, ҳар қадами шифодир. Унинг юзи нажот келтирувчи Хизрни, берадиган шарбати эса тириклик сувини эслатади". Тиббиёт заҳматкашлари меҳнатини бундан-да ортиқ юксак баҳолаб бўлмаса керак. Муносиб ва муболағасиз таъриф нақадар ҳаётий ҳақиқатга йўғрилгандир. Ахир врачу ҳамширалардан миннатдор кишилар камми. Улар бемор сифатида тиббиёт ходимларининг хушмуомаласидан таъсирланганликларини мамнуният билан изҳорлашади. Умидбахш ширин сўзлари тушкунликни қувиб, соға­йишга ишонч уйғотганидан ўзларини беҳад енгил сезишганинин таъкидлашди. Бундан шифокорлар шу касбни эгаллаганликларидан ғоят фахр туйишади, эл соғлиғи йўлида янада фаолроқ хизмат қилишга чоғланишаверади. Алал - оқибат яхши врачу ҳамширалардан нафақат беморлар, балки жамият катта наф кўраверади.

Афсуски, "Ҳар тўкисда бир нуқсон", "Шоли бекурмак бўлмас" каби мақолларнинг оғиздан оғизга кўчиб юриши ҳали ҳануз инсонлар ўртасида фазилатлар билан бирга иллатлар ҳам яшаб келаётганини анг­латади. Бу, ўтмишда Навоийни ҳам ташвишлантирган, бугун бизни ҳам бефарқ қолдирмайди. Билимдон, юқори малакали шифокорларнинг кибру ҳавога берилиши, қўполлиги, порахўрлиги, таъмагирлиги жуда - жуда нохуш ва кечирилмас ҳолдир. Навоийнинг "Табиб агар, касбида моҳир бўлсаю, аммо ўзи бадфеъл, бепарво ва қўпол сўз бўлса, беморларни ҳар қанча муолажа қилганда ҳам, барибир унинг мижозида ўзгариш пайдо қила олмайди" деган огоҳномаларини ҳеч бир шифокор эсидан чиқаришига ҳаққи йўқ. Ахир унинг ҳузурида меҳр-мурувват, ширин муомала ва кўнглини кўтарувчи далда кутаётган бемор туради. Билим ва малака жиҳатидан нечоғлик юқориламасин, муомала маданияти паст, инсоний муносабати қусурли қолаверса, ҳеч қачон кутилган натижага эришолмайди. Беморларнинг ихлосини йўқотади, олқиш ўрнига қарғиш олади. Обрў мартабасига путур етади.

Энди ўз устида ишламайдиган, билими етарли бўлмаган, китоб ўқимайдиган, тиббиёт янгиликларини доимо ўрганиб боришга одатланмаган шифокорларга келсак, бунисидан бемор фойда топиш ўрнига зарар кўради. Дардига дард қўшилади. Навоий таъбирича "Табобат фанидан саводсиз табиб худди жаллоднинг шогирди кабидир. У тиғ билан ўлдирса, бузаҳар билан азоблайди. Шубҳасиз, жаллод бундай табибдан яхшироқдир: зеро, у гуноҳкорларни ўлдиради, бу эса бегуноҳларни ҳалок қилади. Ҳеч гуноҳкор жаллод қўлида хор бўлмасин, ҳеч бир бегуноҳ касалманд бундай табибга зор бўлмасин".

Шоирнинг якунланма фикри қуйидаги байтида янада аниқ ва лўнда ифодаланган.

Табиби Ҳозиқ хушрўй ранжиға шифодур,

Омию, тунду бадхўй эл жониға балодур.

Кўринадики, шоир гарчи Абу Али ибн Синодек тиббиётчи бўлмаса-да, табобатчиларга қўйиладиган талабларни теран идрок этган, муолажа жараёнларини, шифобахш неъматларнинг хусусиятларини, китоблардан ўқиб ёки табиблардан сўраб, уларнинг ишини кузатиб, соғайган беморлар билан гаплашиб яхшигина ўрганган. Агар шундай бўлмаганида, унинг ижодида юқорида шарҳ­лаганимиз "Маҳбуб ул қулуб"нинг 15-фаслида "Табиблар тўғрисида" битилган ҳикматона панду насиҳатлари ғоят ишончли ва таъсирчан чиқармиди. Бошқа асарларида ҳам кузатадиган сиҳат - саломатликка оид қимматли фикрлари ҳаётга ҳамоҳанглик касб этармиди. Фикримиз далили учун "Бадоеъ ул - бидоия" асаридаги мавзуга доир айрим мисоллар билан танишайлик:

Нечаким табъи норидур ва лекин меъда норға

Берур таскин, мунинг нафъин топибман воқиан ман ҳам.

Мазмуни:

Гарчи анор доналари қип-қизил чўғга ўхшаса-да, у меъданинг оғриғига таскин беради. Менинг ўзим унинг фойдасини сезганман.

Навоий баъзи касалликларнинг белгиларигача тавсифлайди. Худди ташхис қўядиган ҳакимдек:

Юзу жисмимдур сориғ борча қуруғон шох уза,

Шоху баргеким қуруб сорғорса, ким кўрмиш даво?

Сариқ касаллиги аломатларининг бундай муносиб ўхшатишларини қайси шоир ижодида кўришимиз мумкин. Ғазал байтлари қатор ҳаётий образли ифодалардан тузилган. Сабаби, шоирнинг ўзи бу хасталикни бошидан кечирган.

Навоий инсон сиҳатига зарар етказувчи одатларни қоралайди. Чунончи, ичкиликбозлик кишининг соғлом танасини иллатлашини назарда тутиб "муттасил ичиш саломатликни кемиради" дея огоҳлайди. У шаробни оғуга тенглайди. "Одамийликни, саломатликни йўқотиш учун қадаҳ-қадаҳ заҳар ичиш қандай фойда?! - деган сўроққа тутади:

Бодаким йиқмоқ сари ўқ майлидур,

Жисм уйига билки бало сайлидир.

Шаробку ўз-ўзидан зиёнкор ичимлик, лекин қорин тўқлаш учун ҳар куни ейиладиган овқатда ҳам меъёр муҳимлигини унутмасликни, кўп емакниям бехосият эканигача уқтиради шоир:

Кўп демак бирла бўлмагил нодон,

Кўп емак бирла бўлмагил ҳайвон.

Иззат тиласанг, кам де,

Сиҳҳат тиласанг, кам е.

Ҳатто шоир - табибдек таомнинг ёқиш-ёқмаслигигача эътибор қаратади. Бу ҳақда "Сабаъи сайёр" достонида аччиқ ҳақиқатни айтади:

Кимсаким топмагай таом ила баҳр,

Нўш қилғай таом ўрнига заҳр.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми бор).