Шифокор Ҳакимжон ака Абдуллаевни ёшлик пайтларимдан бери яхши биламан. У киши билан ҳамқишлоқмиз. Шу боис ҳам тўй - маросимларда, турли хил давраларда, тадбирларда тез-тез кўришиб турамиз. Бу инсоннинг очиқ чеҳралиги, самимий сўзлашлари, мулойим жилмайишлари, ёшлардек жўшқинликлари ўзларига ярашиб туради. Суҳбатларимиз узоқ давом этмасада, сўзимиз сўзимизга мос келганиданми ҳар гал у кишидан нимадир оламан. Яна суҳбатлашгим келаверади.

Қаҳрамонимиз 1946 йилда Учқўр­ғон тумани Қайқи қишлоғида Абдуллажон ота ва Сиддиқахон оналарнинг оиласида таваллуд топган. Инсон ўзининг беғубор болалик дамларини зўр ҳаяжон билан эслайди. Тенгдошлари қатори Ҳакимжоннинг ҳам болалик орзулари бисёр эди. У аввал 15-, кейин 8-умумий ўрта таълим мактабида ўқиди. Спортга иштиёқи бошқача эди. Волейбол бўйича мактаб, туман терма жамоасининг аъзоси бўлган. Шунинг учун ҳам спортчи бўлишни орзулади.

Мактабни тамомлаб ўзи ўқиган билим даргоҳида кимё фани бўйича лаборант бўлиб ишлади. Ишлаш билан бирга спортни тарк этмади. Ҳаёт тасодифларга тўла. Волейбол мусобақаларининг бирида қаттиқ жароҳат олди. Бир йил ётиб қолди. Шунда кўп китоб ўқиди. Китоб мутолаа қилар экан, унда шифокорлик касбига меҳр уй­ғонди. Бу касб эгаларининг ёрдами билан оёққа туриб кетди. Ҳеч иккиланмай 1966 йилда Андижон тиббиёт инс­титутининг тайёрлов курсига ўқишга кирди. Кейинги йили эса унга талабалик бахти насиб этди.

1973 йили олийгоҳни тамомлаб ўз юртига қайтиб келди. Меҳнат фаолиятини Каттамўғол қишлоғидаги сил касалликлари диспансерида бошлади. 1980 йилдан Учқўрғон шаҳар марказий касалхонасининг травматология бўлимига ишга ўтди. 1984 йили бўлим бошлиғи вазифасига тайинланди. Йигирма етти йил шу вазифада сидқидилдан хизмат қилди. Шу йиллар мобайнида кўплаб беморлар дардига малҳам бўлди. Шифокорлик касбининг сир-асрорларини тинмай ўрганди, изланди. Хомидхон Алихонов, Ёқубжон Қамбаралиев, Иброҳимжон Орзиматов, Абдубосит Деҳқонов, Тўлқин Ҳакимов сингари соҳа фидоийларини ўзига устоз деб билди. Шу билан бирга кўплаб ёшларга устозлик қилди. Тоҳиржон Тожибоев, Равшанбек Отахонов, Хомиджон Тожибоев, Баҳриддин Мўйдиновлар Ҳакимжон акадан кўп нарса ўрганишганини мамнуният билан эътироф этишади.

Шифокорнинг меҳнати уни нечта беморга ҳизмат кўрсатгани билан эмас, балки неча кишини соғайтириб оиласига, меҳнат қучоғига қайтарганлиги билан ўлчанади. Ҳакимжон ака бу жиҳатдан энг бахтли шифокор. Азамат Чўлпонов, Абдумалик Алиматов, Малика Эгамова, Дилмурод Мамажонов, Отабек Алиматов, Робихон Абдувоҳидова, Инобат Раҳмонова (рўйхатни яна давом эттириш мумкин) каби беморлар дарддан фориғ бўлганлари учун ҳалоскорларига миннатдорчилик билдиришган.

- Мен Ҳакимжон ака билан йигирма йилдан бери бирга ишлайман, - дейди ҳамшира Малоҳатхон Ўринова биз билан суҳбатда. - Бу инсонни ҳар бир ишга масъулият билан ёндошиши, ўзига нисбатан талабчанлиги алоҳида эътиборга лойиқ. Меҳрибонлиги, камтарлиги, ширин сўзлигига гап йўқ.

Олий тоифали травматолог Ҳ.Абдуллаев оилада ҳам меҳрибон ота. Турмуш ўртоғи Маҳбубахон ая узоқ йиллар 15-мактабда ёш авлодга таълим-тарбия берган. Ҳозирда нафақада. Оила соҳиблари 4 ўғил, 1 қизни тарбиялаб вояга етказишди. Катта ўғил Акмалжон, қизлари Мадинахон ота изидан бориб шифокорлик касбини танлашган. Аброржон ички ишлар ходими, Анваржон фермер, Акрамжон банк ходими. 13 нафар набира, 1 нафар чевара бобо-бувиларнинг севимли дилбандлари.

Қаҳрамонимиз бугун 74 ёшда бўлса ҳам "Чарчадим, дам олайин" демайди. Ҳалқимиз саломатлиги йўлида йиллаб тўплаган тажрибаларини ишга солади. Одамларнинг соғлиғини сақлашга ҳисса қўшаётганидан фахрланади. Биз ҳам касбига садоқати зўр шифокорни тиббиёт ходимлари куни билан табриклаб, у кишига эзгу ишларида янада ривож тилаб қоламиз.

Адашали БЕКМИРЗАЕВ,

Халқ депутатлари Учқўрғон

туман кенгаши депутати.