Адабий асарлар бизнинг ақлимизни ўстиради, кўнглимизни эзгу туйғуларга тўлдиради, ҳаётда яхши фазилатлар соҳиби бўлишга ундайди. Улардан қандай яшаш кераклиги сабоғини уқамиз. Айниқса, Алишер Навоий бобомизнинг шеъру достонлари барчамиз учун ноёб маънавий мерос. Панду насиҳатларнинг қомуси. Кимки, ҳаётда ҳар жиҳатдан баркамол бўлишни истаса, уларни такрор-такрор ўқиши лозим. Чунки ахлоқ-одоб ва тарбия ҳақида ҳеч ким бобомиздек маромига етказиб, мукаммал ва таъсирчан ёза олмаган-да.
Неча асрлардан буён тиллардан тилларга кўчиб, диллардан дилларга ўтиб умрибоқийлик мақомида барқарорлик касб этаётганини наинки катталар, биз ёшлар ҳам яхши биламиз. Мактабларимизда адабиёт ўқитувчиларимиз бу ҳақда мароқ билан фикр юритишади. Онгимизга сингдириш учун ғазалларини шарҳлаб беришади, байтлари қатидаги маъно-моҳиятни чуқурроқ англашимиз учун ҳаракат қилишади. "Топмадим" ва "Келмади" радифли ғазалларини билмайдиган, улардаги байтларни ёддан айтиб юрмайдиган бола йўқ, десак ҳам янглишмайман. "Ғурбатда ғариб шодумон бўлмас эрмиш" сатри билан бошланувчи рубоийи ҳам барчага маълуму машҳур.
Шунингдек, беш достонли "Ҳамса"ни қизиқиб ўқиймиз. Улардаги Фарҳоду Ширин, Лайлию Мажнун, Искандар образлари ҳақида ҳар қанча гапирсак оз. Бу қаҳрамонлардан ўзимиз учун ибратли ҳислатларни олишга интиламиз. Элу юртга муҳаббатимизни зиёда қилиш билан инсонийлик бурчимизни адо этишимиз мумкинлигини чуқур англаб етамиз.
Мактабимизда ҳар йили 9 феврални Алишер Навоий бобомизнинг таваллуд кунлари сифатида тантанали нишонлашга одатланганмиз. Узтозларимиз раҳнамолигида ғазалхонлик мушоиралари ўтказамиз. Аслида бундай тадбирлар барча ўқув даргоҳларида анъанага айлангани халқимизнинг буюк шоирига бўлган чексиз садоқати эмасми?!
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори халқимизни янада қувонтириб юборди. Жумладан, мактабларнинг ўқитувчи ва ўқувчиларини ҳам. Энди қутлуғ сана олдидан навоийхонликни янада авж олдиришимиз керак. Бу айём ҳар бир оилада ҳам нишонланадиган ўзига хос фахру ифтихор бағишловчи тўю тантана бўлишига ишончимиз комил.
Гулчеҳра НИЗОМИДДИНОВА,
Тўрақўрғон туманидаги 16-мактаб ўқувчиси,
"Ёш адабиётчи" тўгараги аъзоси