- Саксон ёшдан ошган онамнинг ўнг оёқлари ишламай қолган эди, -дея таъкидлади ҳамқишлоқларимдан бири. - Даволатиш учун шифохонага олиб бордим. Врачлар қандайдир витаминлар етишмаслигини айтишиб, дори-дармонлар тавсия қилишди. Бироқ фойдаси унча сезилмади. Яна кимдир қаричиликка йўйди. Охири қўшним:
- Кўчмановга бордингизми? - деб умид уйғотиб қолди.
Ўша дўхтир ёдимга келмаган экан. Икромжон ака Кўчмановни танир эдим. Унга бор гапни айтдим.
У кишининг ўзлари уйга келиб, онам билан суҳбатлашди.
- Ўн - ўн беш кунда юриб кетасиз. Мен айтган режимга риоя этишингиз ва уч-тўрт кун укол олишингиз керак, - деди қатъий ишонч билан..
Онам суюниб кетдилар.
- Оёқ тиззасида суюқлик бўлади. Йиқилганингизда ана шу суюқлик чиқиб кетган. Оёқни қимирлатмай ётсангиз, жароҳат битади. Тана ичидаги жойда суюқлик қайта йиғилади. Оёғингиз аввалгидек ишлайверади, - деб яна тушунтириб, таскин ҳам бердилар. Сўнгра онамнинг жароҳатланган оёқ тиззасига тиббий спирт суртиб, қалин дока билан боғлаб қўйдилар. Боғланган жойни спиртда намлаб туришимизни тайинладилар. Биз айтганларини қилдик. Онамнинг оёғи ҳаракатга келиб кетди.
Жомашўйдаги 2 - вилоят сил касалликлари шифохонаси суяк бўлими мудири Икромжон Кўчманов ҳақида шифохона бош врачи Муҳаррам Аҳмедова ва ўринбосари Собиржон Шоматовлардан яна анча маълумотлар олдик. Бу орада у кишининг ўзлари ҳам кириб келди. Врачнинг вақти нақадар тиғизлигини ҳис қилган ҳолда қисқагина суҳбатлашдик.
- Баъзан битта операция учун уч ярим - тўрт соатлаб вақт кетади. Қанчалар оғир бўлмасин шифокор руҳан бемор дардини ўзига олган ҳолда иш юритиши жоиз. Ана шунда мақсадга эришилади. Шу боис бўлса керак шифокорга Аллоҳ куч беради. Соғайиб, табассум билан уйига қайтаётган беморлар самимийлик билан "Раҳмат, дўҳтир!" дейишганда барча чарчоқларим чиқиб кетади, - дедилар мамнун жилмайиб.
Даволанувчилар билан суҳбатлашганимизда бел ва белдан пастки қисми ишламай қолган норинлик 17 ёшли қиз соғайганини айтишди.
- Фалаж бўлган ёки бошқа дард билан мурожаат қилган беморларга ташхис қўйишда қандай усулдан фойдаланилади? - қизиқдик беихтиёр.
- Ташхис магниторезонанс томограф орқали аниқланади. Бу борада замонавий мультиспрал компьютер томограф аппаратининг ҳам самараси яхши бўляпти. Тўғри ташхис - ярим даво. Менимча, бемор дарддан тезроқ халос бўлиши учун ўзида ҳам анчайин ҳаракат бўлиши керак. Унинг руҳиятини самимий сўзлар билан кўтариш, соғайиб кетишига ишонтира олиш масъулияти эса ҳамиша бизда.
Суяк касаллиги билан даволанаётган уйчилик Сурайё Раҳматуллаева ва унинг ҳамхоналари муолажалар ўз вақтида амалга оширилаётганидан хурсанд бўлишиб, Икромжон акадан чексиз миннатдор эканликларини таъкидлашди. Наманган шаҳрилик Ойдина Мамажонова, учқўрғонлик Мафтуна Нурмаматова, Наманган туманилик Шоҳруҳ Мамасолиев кабилар ҳам кўнгиллари олқишларга лиммо-лим эканини яширишмади.
Икромжон Кўчмановнинг ҳаёт йўли оддий, лекин анча ибратли. У 1949 йил Мингбулоқ туманининг Терак қишлоғида туғилган. 1973 йилда Андижон давлат тиббиёт институтини даволаш иши мутахассислиги бўйича тамомлаб, шифо даргоҳида қарийб ярим асрдирки ўз касбига фидойилик кўрсатиб келяпти. Бу орада минг-минглаб хасталар танасига соғлик, дилига қувонч бахш этди.
Кўплаб ёшларга устозлик қилаётган шифокор, қарилик нафақасида бўлса-да, ҳамон беморлар дардига малҳам қўйяпти. Турмушдоши Раънохон опа билан икки ўғил ва уч қизни тарбиялаб, ҳаётга йўллашди. Фарзандларидан Баҳромжон ота касбини танлади. У ҳозир ёнма-ён ишлаяпти.
Биз одамларнинг дардини осон аритишнинг чинакам устасига айланган моҳир шифокорнинг ўзига ҳам соғлик ва узоқ умр тилаймиз.
Маҳмуджон АБДУСАЛОМОВ,
Мингбулоқ тумани.