90-йилларда қўли енгиллиги билан танилган Рустамжон Белялов она юрти Қримга қайтиб кетганида унга бениҳоя ихлос қиладиганлар "Болаларимизни энди ким даволайди?", деб ўйлашгани ёш бўлсам-да ҳануз эсимда. Ахси қишлоқ участка шифохонаси бош врачи Абдурашид Адҳамов (охиратлари обод бўлсин) айни шу паллада Яҳёхон Аҳмедовни бирга ишлашга кўндирди. Бунга қадар Олабуқадаги шифохоналарнинг бирида фаолият кўрсатган ёш шифокор жамоага қўшилгач, устозининг ишончини минг баравар қилиб оқлади, десак муболаға эмас. Масъулиятлилиги, билимдонлиги, хушмуомалиги билан тез фурсатда одамлар назарига тушди. Мана шу фазилатлари туфайли 1995 йилдан буён муассасанинг бош шифокори лавозимизда ишлаб келди.
- Мен 35 йил фаолиятим давомида Яҳёхон Аҳмедовдек юракдан ишлайдиган дўхтирни бошқа кўрмадим, - дейди 27-ҚОП бош ҳамшираси Муҳаббат Имомалиева. - Ҳудудга ишга келган кунларидан бери қишлоқ шароитида-да ҳамма мутахассисликни қила билдилар. ҚОП тасарруфидаги Ахси, Яккатом, Файзиобод, Қодиробод, Узумзор, Соҳилобод маҳаллалари аҳолисининг нафақат педиатри, балки отоларинологи, эндокринологи, психологи, терапевти, жарроҳи ҳам бўлдилар. Уларнинг бу даражада мутахассис эканликларига умумамалиёт шифокори йўналишида малака ошириб келганларигина сабаб эмас, албатта. Раҳбаримиз туғма шифокор эдилар.
- Устозимиз доим 3 та халта билан юрардилар, - дейишади патронаж ҳамширалар Муҳаббат Жамолиддинова, Марғуба Мирзаевалар. - Бирига беморларнинг касаллик тарихи, иккинчисига тиббиётга оид адабиётлар, учинчисига соҳамизга доир ҳужжатлар солинарди. Тартибга қаттиқ риоя қилардилар, биз ходимлардан энг асосий талаблари ҳам ҳар бир беморга масъулият билан қараш, соғлигини тиклашга чуқур ёндашиш эди.
- Чарчаш нима билмасдилар, - дейди шогирдлари номидан Абдуманноп Аҳмедов. - Кўпи билан 3 соатгина дам олар, қолган пайт ўқиб, изланардилар. Ишга келгунча ҳам 2-3та ётиб қолган касални муолажа қилар, шифохонада эса ҳар куни 70 тагача беморни кўрикдан ўтказардилар. Бундан ташқари, Хўжанд, Бураматут. Гулқишлоқ, Найманча, Қўшқайрағоч ва туман марказидаги беморларига бориб қарашдан оғринмасдилар. Хуллас, дўхтирга белгиланган иш вақти етмасди, дам олиш вақтларидан-да воз кечиб, одамлар дардига дармон бўлдилар.
Эътибор берган бўлсангиз, Яҳёхон Аҳмедов ҳақида ўтган замонда гапираяпмиз. Сабаби бугун ходимларини тушликка чиқмай, ўзини заррача аямай "куйдирадиган" инсон орамизда йўқ. Бешафқат касаллик уларни 57 ёшида олиб кетди. У вафот этган куни уни танийдиган, ундан даво топганларнинг бари аза тутди, куйиниб оғриб қолганлар ҳам бўлди. Фидойи дўхтир ҳатто малака оширишга кетган пайтларида ҳам телефон орқали беморлари ҳолидан хабар оларди, шогирдларига айтиб, муолажани охирига етказмагунча хотиржам тортмасди.
- Дадамнинг орзулари кўп эди, - дейди дўхтирнинг ўғли Ҳасанхон. - Менинг номимда Файзиобод маҳалласи ҳудудида диагностика-даволаш маркази ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қураётгандилар. Бу орқали 60 та ишчи ўрни яратиб, кам таъминланган оилаларни бепул даволамоқчи эдилар. Аммо шаҳардагидан қолишмайдиган қулайликларга эга муассаса қурилиши якунланай деб қолганида уларни бериб қўйдик...
Соҳилобод маҳалласи раиси Назокат Баратованинг айтишича, Я. Аҳмедов оилабошилик борасида ҳам беназир инсон эди. 6 қизи, бир нафар ўғлини оқиллик билан тарбиялади. Турмуш ўртоғи Муяссархон опа билан укаларига чинакам ота бўлолди. Унинг шунча масъулияти орасида томорқасини ҳам гуллатиб, узумзор-у лимонзорларини парваришлашга улгуриши кўрганнинг ҳавасини келтирарди.
Ҳа, у бутун умр оиласига, маҳалласига, меҳнат жамоасига ҳар жиҳатда ибрат кўрсатиб яшади. Бугун унинг фазилатларини айтиб адо қилиша олмаяпти. Фидойилиги, кучли билими, кўп йиллик тажрибаси, хушумуомалалиги билан ҳудуд аҳли ихлосига сазовор бўлганди. Таъбир жоиз бўлса, халқ дўхтири унвони соҳиби эди у.
Қувонарлиси, у шифохонада ўрнатган тартиб-интизом олдингидан ҳам қатъийлашган. Бош ҳамшира М. Имомалиева ҳар куни ходимларга устозлари учун ҳам икки баравар масъулият билан ишлашни тайинламоқда. Врачлар беморларни худди Яҳёхон дўхтирдек чин юракдан даволашмоқда, ўқиб - изланишяпти. Охирига етмай қолган шифохона қурилишини тадбиркор жияни Носирхон Зокиров давом эттирмоқда. Касалхонани энди дўхтирнинг номи билан аташмоқчи. Одамлардан "Халқ дўхтири" унвонини олган Яҳёхон Аҳмедов эса буларни хонасига катталаштириб қўйилган сувратдаги қиёфаси орқали кўриб, одатига кўра ним табассум қилиб тургандай гўё...
Назокат БАҲОДИРОВА.