Перинтал марказида Ўзбек тили байрами ўзига хос эсда қоларли тарзда нишонланди. Унда барча бўлим мудирлари, акушер-гинеколог, анестезиолог-реаниматолог, неонатологлар, доя ва ҳамширалар қатнашдилар.
Анжуманни марказ директори вазифасини вақтинча бажарувчи, тиббиёт фанлари номзоди Ирода Муҳиддинова очди ва олиб борди. Ҳамшира Муяссар Қориева тайёрланган слайддан фойдаланган ҳолда маъруза қилди ва ўзбек тилимизни улуғловчи шеърлардан ўқиб берди.
Тадбирда таъкидланганидек: Она тилимиз - миллий ўзлигимиздир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тили мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби ва мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди. Халқимизни, аввало, ёш авлодни миллий қадриятимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.