Ўзбек тили байрами диспансерда ғоят мароқли кечди. Чунки жамоада бу кунга пухта тайёргарлик кўрилган эди. Хона тўрига "Тил байрами муборак бўлсин!" деган расмли панно қўйилгани, унинг ёнида эса Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Она тилимиз - миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир" деган сўзлари кўзга ташланиб турарди.
Тадбирни диспансер бош врачи, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосов кириш сўзи билан очди. Анжуман меҳмони, таниқли шоир ва воиз Зиёвиддин Мансур она тилимизга давлатимиз раҳбари томонидан берилаётган беқиёс эътибор ҳақида тўлқинланиб гапирди. Шифокорларнинг ўзбек тилининг бойликларидан моҳирона фойдаланиб, ширин сўзлари билан беморларига шифо, куч-қувват бахш этаётганини тилга олди. Сўнгра шоир ўзининг маънавиятимиз ва тилимизга бағишланган шеърларидан ўқиб берди.
Тил байрами гўёки адабиёт байрамидек юксак кўтаринкилик ва тантанавор тусда йиғилганларда бой таассурот қолдирди.