ЁХУД СЎЗИМИЗУ ЎЗИМИЗГА БИР НАЗАР

 

            БОШЛАНМА

Тили йўқ эл соқов - гунгоғиз

Кераксиздай ҳаттоки қулоқ.

Дунё сукут - дунё ялмоғиз,

Қалбда қайнар туйғу - ғамбулоқ.

 

Яшаёлмас туғилган фикр,

Янграмасдан ўлимга маҳкум.

Сўз мотамда, олам безикр,

Ҳаёт сароб, вақт ҳам мавҳум.

 

Ўзбекистон мангу маконим,

Она тилим туғма ватандош.

Елкасида шараф ва шоним,

Навоиймиз қалбдаги қуёш.

 

Ўзбек - толедор миллат. Ахир ўзининг бобо ва момо сўзларига эга. Улар тил аталмиш тилло сандиғининг бебаҳо ва бетугал жавоҳирлари мисол маънавий-маърифий дунёсини асрлар оша ёритиб ва бойитиб келмоқда. Олам ва одамнинг эгизлик риштасини тилга қиёсласак ҳам заррача янглиш фикр эмас. Зотан, туғилган зоти шариф борки, бир-бири билан сўзлашмасдан яшолмайди. Тириклик учун ҳаво қандай зарур бўлса, сўзнинг қадр-қиммати ундан кейин иккинчи ўринда турмайдими. Ақли тўлишмаган гўдак чанқаса "умма"лайди, очиқса "мамма"лайди, "нанна"лайди. Яъни яшаш эҳтиёжи сўзлаш эҳтиёжини келтириб чиқариши табиий ҳол. Бошқача кўринишни инобатга олсак, тил жамиятни шакллантиради. Одамларни жамоалайди - бир-бирига яқинлаштиради, бир-бирини тушунишга, англашга имкон яратади. Илм-фаннинг сирли қасри учун ҳам тил гўёки унинг эшикларини очувчи калит ролини ўйнайди. Оғзаки ва ёзма нутқсиз илм қаерда?! Демак, унинг ўзи ҳамиша эътиборга ва ҳимояга муҳтож. Тозалигини асраш, туғма мукаммаллигини англатувчи товушлари, маъно-моҳияти, шакли бузилмасдан авлоддан авлодга ўтиши учун астойдил қайғуриш - барчанинг тилдошлик бурчи, миллатдошлик масъулиятидир.

Маълумотларга кўра дунёда 8000 та тил мавжуд эди. Ҳозирга келиб 6000 таси қолган. Унинг ҳам 90 фоизи йўқолиш арафасида ёки истеъмолдан тушиб қолишдек ўкинчли жараённи бошдан кечирмоқда. Шу боис ЮНЕСКО томонидан 24 февраль - Халқаро она тилини муҳофаза қилиш куни сифатида белгиланган. Тилнинг тириклиги - миллат барқарорлиги, тилнинг яшовчанлиги - миллатнинг бардавомлиги. Бу - шунчаки гап эмас. Асли азалдан тўла исботини топган, ҳаётий ҳақиқатга айланган ҳодисадир. Миллатини севган одам тилини севади. Чуқурроқ идрокланса, бу ўзини севиш билан баббаравардир.

 

"ДЕВОНУ ЛУҒАТИ-Т-ТУРК" - КЎҲНА СЎЗЛАРИМИЗ ОЙИНАСИ

Филология фанлари доктори, профессор Қосимжон Содиқовнинг саъй-ҳаракати билан мазкур асарнинг Солиҳ Муталлибов таржимасига тўлдиришлар, ўзгартишлар киритилган янги мукаммал нашри 2017 йилда халқимизнинг қўлига тегди. Олимимизнинг сўзбошисида таърифланганидек: "Девону луғати-т-турк" асари туркий тилшуносликнинг бизга маълум бўлган илк йирик, шунинг билан бирга тенги йўқ улуғ ёдгорлигидир. Ўз замонида асар арабларга, қолаверса, араб тили орқали Шарқу Ғарб халқларига қадимги туркларнинг тили, маданияти, тарихи тўғрисида тўлиқ маълумот берувчи қомусий китоб сифатида яратилган".

Ноёб китобнинг биттагина қўлёзмаси мавжуд. У ҳам Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Миллат кутубхонасида сақланади. Қимматли жиҳати, муаллиф - Маҳмуд Кошғарийнинг ўзи томонидан ёзилган нусхадан хаттот Муҳаммад бин Абу Бакр Дамашқийнинг кўчирмасидир. 639 саҳифали қўлёзма ҳозирги нашрда 469 саҳифани эгаллаган. Бунинг чакана иш эмаслигини ҳали ўқимасданоқ ҳажмининг катталигидан билишимиз мумкин. Мутолаа қилгач, ўз-ўзидан беихтиёр ҳайратга тушамиз. Улуғ тилшунос бобомизнинг туркий юртларга, туркий қавмларга беқиёс меҳр-муҳаббати-ю, олимона зукколиги, узоқ ва заҳматли изланишлари асносида юзага келган ягона ва бебаҳо луғатнинг қадр-қиммати ниҳоятда юксаклигини чуқур идрок этамиз.

"Мен турклар, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар, қирқизларнинг шаҳарларини, қишлоқ ва яйловларини кўп йиллар кезиб чиқдим, луғатларини тўпладим, турли хил сўз хусусиятларини ўрганиб, аниқлаб чиқдим, - дейди Маҳмуд Кошғарий ўз девонининг "Муқаддима"сида. - Мен бу ишларни тил билмаганлигим учун эмас, балки бу йиллардаги ҳар бир кичик фарқларни ҳам аниқлаш учун қилдим. Бўлмаса, мен тилда уларнинг энг етукларидан, энг катта мутахассисларидан, хушфаҳмларидан, эски қабилаларидан, жанг ишларида энг найзадорларидан эдим. Уларга шунча диққат қилдимки, туркманлар, ўғузлар чигиллар, яғмолар ва қирқиз қабилаларининг тиллари бутунлай дилимга жо бўлди. Уларни ҳар томонлама пухта бир асосда тартибга солдим".

Китоб ўқувчилар учун осон тушуниладиган ва фойдали бўлишига эришилган. Саккиз асосий бўлимдан иборат. Ҳар бир бўлимнинг ўзи ҳам китоб деб юритилган. Отлар ва феъллар боб тарзида икки қисмга ажратилган. Луғатшунос аввалроқ тилда мавжуд бўлгану, кейин истеъмолдан чиққан сўзларни бера бориш фикрида эди. Бироқ шундай сўзларнинг киритилмаганини кўрамиз. Сабабини ўзи қуйидагича изоҳлайди: "Бу тартиб араб тили билан икки улоқчи от сингари тенг пойга қилиб, ўзиб бораётган турк тилини тўлиқроқ ёритиш жиҳатдан ҳам яхши эди. Лекин мен ўқувчиларнинг фойдаланиш масаласига асосландим. Истеъмолдаги сўзларнигина бердим, истеъмолдан чиққанларини ташладим".

Туркий қабила ва уруғларнинг кўплигига қарамай, олим нақадар зукколик билан бирини сўзига иккинчи ёки учинчисиникини қиёслаб, таққослаб ўтишни ҳам унутмаган. Она уруғларнинг сўзларини батафсил ёзади. Туркларнинг йигирма қабиласининг турар жойларигача Шарқдан бошлаб тартиб билан баён этган. Сўзлар ҳақидаги фикр­ларини далиллаш учун ўша қабила ва уруғда қўлланилган мақоллардан жуда ўринли келтириб ўтади. Халқ оғзаки ижодига мансуб шеърий парчаларни ҳам тез-тез учратамиз. Сўзларнинг матн­даги вазифасини, маъноси ва олға сурилган фикрни ифодалашдаги ўрнини тилшунослик нуқтаи назаридан таҳлил этиб борган.

Энг муҳими, кўҳна туркий сўзлар билан танишиш асносида бугунги ўзбек тилининг луғавий хазинаси бундан минг йиллар ва ундан ҳам муқаддам шаклланганини уқиб оламиз. Фахрли томони шундаки, Маҳмуд Кошғарий луғатидаги сўзларнинг аксарияти ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшаган аждодларимизнинг тилларида янграгани, хатларида битилганидир. Унинг ўзи бунга бежиз урғу бермаган. "Тилларнинг энг тўғриси, яхшиси йағма, тухси қабилаларининг тилидир... Буларнинг орасида энг очиқ ва равон тил Хоқония ўлкасида яшовчиларнинг тилидир". Тарихдан аёнки X-XI асрлардаги Хоқоний ўлкаси Шарқий Туркистон ва ҳозирги Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳудудларини қамраб олган эди. Орадан ўн аср, ҳатто бундан ортиқ вақт кечганига қарамай, ўзбек тилимизда "Туркий тиллар луғати"да қайд қилинган сўзлар, иборалар фаол ишлатилмоқда. Баъзилари истеъмолдан чиқиб, архаик сўзлар қаторига кирган эса-да, аксарияти ҳали ҳануз фаол. Боиси, тилимизнинг асосини туркий сўзлар ташкиллайди. Арабий, форсий ва руссий сўзлар қисман иштирок этади, холос. Бу ҳолат табиий жараён туфайли юзага келган. Аввало, азалдан туркий ва форсий халқлар ёнма-ён ёки бирга-бирга яшаган. Кейинчалик Ислом дини ёйилгач, араблар келиб қўшилишди. XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX асрнинг 90-йиллари бошига қадар русларга тобеликнинг наинки элимизга, тилимизга ҳам тазйиқи беиз кечмаган.

Тағин илк туркий сўзлар девонига қайтайлик-да, юқоридаги фикрларимизни тасдиқловчи мисолларни қайд қилайдик. Ахир луғатшунос бобомизнинг илмий меросидан истиқлол туфайли баҳрамандликка эришганмиз-ку! Мустақиллигимиздан илгари ҳам чоп этилганига қарамай, "улуғ" рус тилининг олдида эмин-эркин шарҳлашга шахдимиз етмасди. Она тилимиз камситилиб турган бир шароитда бобо сўзларимиз ва момо сўзларимизнинг қадрини баланд кўтаришга мутлақо йўл берилмагани ғоят ачинарли эди миллатимиз учун.

Луғат мутолааси чоғида ундаги сўзларнинг ҳозиргача қўлланиб келаётганини ҳамда анчагинаси истеъмолдан чиққанини англаб етамиз. Ахир орадан минг йилга яқин вақт кечди. Ҳатто Маҳмуд Кошғарийнинг ўзига қадар ҳам бу тил минг йилларча балки ундан-да кўп яшаган эди. Китобга тартиб бераётган донишманд бобомиз худди шундай ҳолат ўша замондаёқ рўй берганлигини эслатади, бу фикрининг тасдиғи сифатида бир неча намуналар беради:

 

ариқ - "анҳор" қўлланилади;

ақур - "отхона" қўлланилади;

қар - "қор" қўлланилади;

қара - "қора" қўлланилади;

азиқ - "озиқ-овқат"қўлланилади;

ақуз - ноаниқ;

қиз - "қиз" қўлланилади;

зиқ - ноаниқ...

 

Чунки, у вақтларда ҳам туркий, форсий ва арабий қабила ва уруғлар аралаш яшашган. Бу ҳолат тилга таъсир кўрсатмасдан, тилда акс этмасдан қолмасди. Туркийлар тупроғида туркийлар тили устуворлик қилиши шак-шубҳасиз эди. Бунга тилшунос олим беҳад шукроналар келтиради. Оламнинг яратувчиси номини даставвал туркий тилга олиш билан китобини бошлайди: "Тўлиқ фазлу санъат эгаси бўлмиш Тангри таъолога ҳамду санолар бўлсин. У тўғрилик, янглишликни очиқ ва равшан баён қилган Қуръонни Жаброил орқали Муҳаммад алайҳис-саломга юборди. Замоннинг энг соғлари касал ва энг бурролари соқов бўлган бир вақтда Муҳаммад алайҳис-саломга юқори минбар берди...

Ишончли бир бухоролик олимдан ва нишоғпурлик бошқа бир ишончли олимдан шундай эшитган эдим, улар бу сўзни пайғамбар алайҳис-саломга нисбат бериб, санади билан айтган эдилар... "Турк тилини ўрганинг, чунки уларнинг ҳукмронлиги узоқ давом этади".

... Агар тўғри бўлса, турк тилини ўрганиш вожиб (зарур)дир, ҳадис тўғри бўлмаган тақдирда ҳам уни ўрганиш зарурлигини ақл тақазо қилади".

Демак, бу борада Маҳмуд Кошғарий биринчи муаллими ажун (ҳозир очун тарзида қўлланади) - дунё муаллими мақомини эгаллаган буюк тилшуносдир. Унинг асари оддий луғат - сўзликкина эмас, балки фонетика, лексикология, диалектология, морфология ва грамматикага боғлиқ жиҳатлари билан янада аҳамиятлидир. Ҳарфлар ва уларнинг ёзилиши, феъллар ва отларнинг ясалиши ҳақида кенг қамровли маълумотлар мужассамланган. Таҳлил, таъриф, изоҳ ва таснифларга жуда бой. Мукаммал илмий кашфиёт даражасидаги девон.

Ҳозирги ўзбек тилимизнинг неча-неча асрлар бағрида томир тикканини англатади китобдаги кўҳна сўзу иборалар. Мана луғатда келтирилган туркий сўзларнинг бир гуруҳи:

ағил, аш, ақ, ата, эба, ана, эча, дада, апоқи, сен, сиз, ини, ўртак, юрак, ўгай, балиқ, қумған, устун, ағу, чучук, сиғир, сут, қадиғ, тўшак, тўқсон, саксон, лочин, турна, исириқ, ахшам, улоқ, ат, қалқан, қапғақ, бешик, байрам... Яна ҳар қанча давом эттиришимиз мумкин. Уларнинг ҳеч бири бизга нотаниш эмас. Фақат ҳарф-товушларда ўзгаришлар бор. Бугунга келиб сўзлардаги а - о га, ғ - қ га алмашган, холос.

Туркийлар ҳаётидаги кескин ўзгаришлар тилда ҳам аксини топган. Юрт мустақиллиги, миллатлар эрки қўлдан кетган вақтларда ҳукмронлик бошқа тил вакилларига ўтганлиги оқибатида туркий тилдаги бир қатор сўзлар истеъмолдан тушиб қолди. Яъни архаиклашди. Уларнинг ўрнида эса арабча, форс­ча сўзлар қўлланди. "Девону луғати-т-турк"нинг бағрида муҳрланиб турган сўзлар ана шундан далолатлайди. Уларни "таниш" учун эса ёнидаги синоними гўёки бизларга воситачилик қилади:

алачу - капа; кенд (қанд) - шаҳар -вилоят); чиқан - жиян; татиғ - ширинлик, кўлик - соя; қадин - қайнона, қайнота; чикин - ипак; биччуч - қайчи; йазуғ - гуноҳ; кепазлик - пахтазор; эсрук - маст; ўтру - рўпара; эску - элак; авичға - кекса чол; тилдағ - туҳмат; тақуқ - товуқ; чағир -  шарбат; эрук - мева... Бу каби сўзларни ҳам китобда кўпдан - кўп учратамиз.

Яна камсонли ҳозир кўпинча бадиий адабиётдагина қўлланадиган сўзлар мавжуд: сандувоч - булбул; армаған - совға, ел - шамол.

Ҳаётга теранроқ назар ташласак, газета - журналларни варақласак, одамларнинг яқин ўтмишдаги сўзлашувларини эсласак, XX асрнинг 90-йилларигача салкам юз йил туркий туман - русий районга айланганини, фақат мус­тақилликка эришилгачгина бу сўз ҳам "озодлик"ка чиққанини пайқаймиз. Худди шундай ҳол тамға сўзининг "бошига" ҳам тушган. Биз печать деб ёзиб ва айтиб келган эдик. Яна тамға тирилди. Бу гал маъноси ва "обрўси" кучайди.

Маҳмуд Кошғарийнинг луғатидаги айрим сўзлар бизни беихтиёр фахрлантириб юборади. Негаки, улар рус тилига ўзлашиб, хизмат кўлами кенгайганига юз эллик йил бўлаётир. Балки бундан ҳам кўпроқдир. Қизиғи, биз уларни танимай турганимиз, ҳатто айнан ёзиб, айнан талаффуз этишдан кўра, адабий ёки форсий сўзлар орқали ифодалаётганимизни қувонарли ҳолат деёлмайсиз. Чунончи, кўҳна туркий кирпеч - ғишт, утуг - дазмол, аталмоқда. Бизнингча туркий авийа руслардаги айва (беҳи)нинг ўзидир.

Шунингдек, русча деб билган фартук - туркийча парту, русча товар - туркийча тавар бўлиб, жонли - жонсиз мол дегани. Биз учун бу сўзлар ҳам "бегона"га ўхшаб келгани аччиқ ҳақиқат эмасми?!

Лекин кўнгилга таскинбахш жиҳати ҳам бор. Туркий тиллар оиласи "фарзандлари" славян тиллари оиласида ўгайланмагани олқишга сазовор. Ҳатто унинг бағрига сингиб кетса ҳамки ёзувдаги шаклиниям, маъносиниям йўқотиб қўймагани мўъжизанинг ўзидек туюлса не ажаб!

Инсон - тирик жонзот. Унинг танаси турли ички ва ташқи таъсирлардан ижобий ёки салбий томонга ўзгариб туриши аниқ. Асли меъёрий ҳолати соғ­лигидан, ана шу мувозанатнинг бузилиши эса касаллигидан далолатдир. Миллатнинг ўзи каби тили ҳам бирга яшар экан, соғлиги ва хасталигини ифодаловчи ҳамда ҳолатини яхшилашга ишлатиладиган нарсаларнинг номлари ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлган. "Туркий сўзлар девони"да ўша давр аждодларимизнинг тилида жаранг берган тиббий атамалар, иборалар қатор-қатор:

эсан, сағ, ич (касаллик), ағриқ, қант (яра), барс (шиш), тутуғ (тутқаноқ), исиғлиқ, безгак, сариқ, чумили (бош айланиши), чечак, қамчиғу (қичиқ тошма), черпич (заиф кўз), учғуқ (шамоллаш), ўтуч (ичкетар), тумагу (тумов), кевган (дудуқ), энуч (кўзга тушган парда, нохина), ум (меъда бузуқлиги), пўкан (кўричак), таду (мижоз), ипрук (қатиқ билан сутнинг аралаштирилгани, ичи қотганга берилади), ўтрук (бу ҳам сурги доир, сутли ўтдан тайёрланган), чалқан (яранинг ёйилиши), эгир (юрак дориси), кекуш (шиш дориси), уритған (уйқу дориси) хасни (семиртирадиган дори), йақирқан (шифобахш ўсимлик, пўсти лаб ёрилганда суртилади), йем (ҳушбўй доривор ўтлар), пелиг (яранинг чуқурлигини текшириб кўриш учун ичак ёки резинка асбоб), арқачуқ (оғизнинг ичига дори қўядиган асбоб), урумдай (заҳарга қарши тош), қанағу (ништар), эмлади (даволади), ўнгиди (тузалди).

Маҳмуд Кошғарий ўз асарида ўсимлик, ҳайвон ва маъданларга оид 849 та туркий тиллардаги доривор терминларни изоҳлаганини олимлар таъкидлаб ўтишади.

Албатта, юқоридаги касалликлар, уларнинг дорилари, тиббий асбоблар ҳозирда бошқача, яъни арабча, форсча, русча, инглизча айтилар. Бироқ бундай ҳолат туркий - ўзбек тилимизнинг асло қолоқлигидан, қашшоқлигидан юзага келган эмас. Тиббиёт умумдунё­вий соҳа, унинг атамалари тобора синоним сўзлар сафини тўлдириб бораверади. Таркиби бир хилу, номланиши турлича дори-дармонлар кўпаяётган бир шароитда шундай жараённинг тобора фаоллашиши тилларнинг умумий ҳамда ўзига хос ички қонуниятлари доирасида давом этаверади. Янгилик, кашфиёт қайси мамлакатда яратилса, ўша халқнинг тилида жаҳонга ёйилади. Тилимизни ривожлантирилиши учун, албатта, юрту элимиз тараққиётга эришиши шарт.

Янги Ўзбекистонимизда янги учинчи ренесанс - уйғониш даври бошланган бир пайтда яшаётган эканмиз, буни бирор дақиқа унутмасдан ўзбек тилимизнинг мавқеини бетўхтов кўтаришга барчамиз бирдай интилишимиз, қайғуришимиз зарур. Ана ўшанда кўзлаган эзгу мақсадларимиз тўла ижобатини топади. Зеро, буюк маърифатчи Абдулла Авлоний айтганидай: "Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдир". Шу нуқтаи назардан холисона баҳоласак, ўзбек тили ривожига, унинг давлат тили мақомини тобора баланд тутишга бўлган Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан берилаётган беҳад юксак эътибор хал­қимизнинг кўксини тоғ, кўнглини чоғ қилаётганини беинкор ҳаётий ҳақиқат дейишга тўла ҳақлимиз?

2020 йилнинг 23 сентябрида янги Ўзбекистоннинг янги тарихида янги саҳифа очилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75 - сессияси минбаридан Президентимиз тарихда илк бор ўз она тилимизда оламшумул аҳамиятга эга бўлган нутқ сўзлади. Ҳайратона ҳодиса халқимизнинг қалбида битмас-туганмас фахр, ғурур ва ифтихор туйғуларини жўш урдирди. Ҳали бу ҳақда кўпдан-кўп ёзиш иштиёқи биз қаламкашларни тинч қўймайди. Элимизга ва тилимизга меҳру муҳаббатимиз изҳори эҳтиёжи билан яшаб ва ишлаймиз. Қайноқ илҳомларимизнинг завқ-шавқли инъомлари бўлган ижодимиз маҳсулларидан сира-сира барака аримайди. Сўзимизнинг, тилимизнинг умрбоқийлиги, юқори мавқе-мартабаси Янги Ўзбекистоннинг янги тараққиётига ҳамкору ҳамоҳанглигидан барқарору бардавомдир.

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

«Турон» фанлар академияси академиги.

(Давоми бор).