- Сиз кўп йиллик бой тажриба соҳибисиз. Ёшлар эса буни ёнингизда юриб ўзлартиришлари жуда-жуда зарур. "Устоз-шогирд" анъанаси ҳақида сўз юритсангиз?

- Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказимизда бош врач Толибжон Мамадумаровнинг ташаббуси билан "Устозлар жамоли-шогирдлар камоли" деган анъана мавжуд. Унга мувофиқ ҳар биримиз, яъни кекса авлод вакиллари соҳаси бўйича ёшларга сабоқ берадилар. Тажриба алмашинади. Биз ҳам ҳар ҳафтанинг чоршанба кунида шаҳар, туман тиббиёт бирлашмаси терапевт ва гастроэнтеролог шифокорлари билан ўқув амалиётлари ўтказамиз. Янгиликларни биргаликда амалиётда тадбиқ қиламиз.

- Отаси бор одам энг бахтли ҳисобланади. Сиз эса шунга мушаррафсиз...

- Тўғри аслидаям, отамнинг дуоси билан шифокорлик касбини танлагандим. Кам бўлмадим. Касбим туфайли элда эътибор, эъзоз топдим, қадр­ландим. Азиз инсонларнинг "Раҳмат, дўхтир", "Э, отангизга раҳмат" деган олқишларини эшитганимда чарчоқларим ёзилади. Онам Марямхон хожи онани Худо раҳмат қилган бўлсин. Бугун тўқсонни қоралаб, юз билан юзлашаётган падари бузрукворим Маҳмуджон ҳожи Аҳмаджоновнинг қошларида таъзим қиламан. Ҳар саҳар отамнинг дуосини олиб ишга ошиқаман. Инсон баъзан иш билан, турли юмушлар билан бўлиб, меҳрибону-мушфиқларини унутиб қўяди. Шундай ота-онаси ҳаёт бахтли ва бой инсонларга: "Умидли нигоҳлари йўлларингизга термулган, ғаниматлар ичра ғаниматингизнинг ҳузурига тезроқ шошилинг, дуоларини олиб қолинг, сизни айрилиқдан кейинги армон ва пушаймон азоби қийнамасин" дегим келади. Бунинг кучини ўз ҳаётий сабоқларимда шогирдларимга, фарзандларимга, набираларимга уқтириб келаман. Дуо олган одам ҳамиша иззатда бўлар экан.

Манзура ЭРГАШЕВА суҳбатлашди.