ёхуд Эр Ҳубби зиёратгоҳи

 Наманганнинг қутлуғ қадамжолари

Бундан ўттиз йил муқаддам, яъни юртимиз ҳали истиқлолга эришмаган чоғларда ҳамқишлоқларимиздан Усмон қори Раҳимов, Абдулазиз Ортиқов, Ҳабибулло Ғаффоров ва Абдулходи Каримовлар Самарқандга саёҳатга боришибди. Амир Темур мақбараси майдонида ўзлари каби зиёратчи меҳмонлар билан кутилмаган мулоқот бошланибди.

- Сизлар қаердан келдиларинг? - дея қизиқиб сўрашибди.

- Наманган вилоятидан, - жавоб беришибди.

- Унда Тўрақўрғондаги "Йигит пирим"ни яхши билсаларинг керак?

- Нега сўраяпсизлар, Косонсой ёқасидаги кўҳна қадамжоку!

- Биз Бухорода яшасак ҳам, йилига бир марта ўша томонга, албатта, йўл соламиз, ҳар галги зиёратимизда кўнг­лимизга ажиб мунавварлик югурарди...

Бу эътироф ҳар бир бекободликнинг қалбида фахру ғурур уйғотиб туриши тайин. Аммо, республикага маълум бўлгани ҳолда ҳозирга қадар машҳурлашмагани, янаям аниқроғи ободонлаштирилмай ётганининг ўкинчли эканиям беинкор ҳақиқат. Ҳечдан кўра, кечнинг мавриди 2020 йилда келгани эса бугун қўлимизга қалам тутқазди. Одамларни ўзи сари талпинтирувчи мозорнинг ўтмиши ва кечаси ҳақидаги маълумотларни ахтардик, бошқа жойлардаги номдошларига таққосладик, таҳлил қилишга интилдик. Муқаддаслик мақомидаги қабргоҳнинг улуғ аждодларимизга дахл­дорлиги шуни тақозо этди. Энг муҳими, изланишларимиз бесамар кечмади. Маълум маънода "Йигит пирим"нинг кимлигини англаш ва англатиш имкониятига эга бўлдик.

Тушунарли ва асослироқ бўлиши учун гапни узоқдан бошлаганимиз маъқул. Элу юртга офат ёғилганида, хусусан, меъёридан ортиқ жала қуйганида, сойу дарёларнинг ўзанига сув сиғмай селу тошқин юз берганида хал­қимиз Аллоҳга нажот истаб, айтган илтижоларини айнан валий зотлар орқали етказа олишга қаттиқ ишонганлар. Бундай қалтис вазиятда Йигит пирим - Эр Ҳубби мозорларига келиб, улуғлар руҳига сиғинган ҳолда иш тутганлар. Бало - қазоларнинг бошларидан аритишга умид боғлаганлар. Инчунин, катта сув ёқаларида, сой ва дарёлар яқинида ана шундай мозорлар мавжудлиги бежиз эмас. Жумладан, Фарғона водийсида уч жойда, янаям аниқроғи Фарғона вилояти Риштон туманининг Чўнғара (Каттағор) қишлоғида Сўх дарёси бўйида Эр Ҳубби зиёратгоҳи қадим-қадимдан нажотбахш гўша сифатида маълуму машҳур. Иккинчиси - Тошлоқ туманининг Қўрғонча маҳалласида, учинчиси Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги Бекобод қишлоғида жойлашган.

Юқоридаги икки Йигит пирим ҳақида "Ўзбекистон зиёратгоҳлари ва қадамжолари" туркумидаги китобнинг 1-жилдида бир талай қимматли маълумотлар, фикр-мулоҳазалар баён этилган. Худди шу китобнинг 2-жилди Андижон ва Наманган вилоятидаги зиёратгоҳларга бағишланган бўлса-да, Тўрақўрғондаги Йигит пирим мозори ҳақида бирор оғиз гап йўқ. Негаки, ҳали ўрганилмаган. Тўғри, кўп жилдли китоб муаллифлари мазкур иш билан шуғулланишаётган чоғда, бундан 5-6 йил муқаддам биз ҳам қутлуғ қадамжонинг борлигидан бохабар эдигу, унинг тарихи ҳали ўрганилмагани учун муаллифларга бу борада маълумот бера олмаганмиз. Қолаверса, қаровсиз ва ночор ҳолатдалиги туфайли китоб муаллифларига кўрсатишдан ийманганмиз. Муаллифлардан бири, тарих фанлари доктори Икромиддин Останақуловга қўлимизда бўлган битикларимизнигина тақдим этган эдик, холос. Энди эса, ўзимиз ҳам уларнинг ёзганларидан фойдаланган ҳолда Йигит пирим тарғиботи билан шуғулланиш имкониятига эга бўлиб турибмиз. Бу борада бизга буюк сўз санъаткори Алишер Навоийнинг "Насойим ул - муҳаббат" асари, профессор Акмал Саидовнинг "Ҳазрат Занги ота", Ҳожи Саъдуллоҳ Ҳожи Камолиддин ўғлининг "Ҳазрати Занги ота ва Анбарбибининг тарихи", Умрбой Ембергенов ва Жабборберган Шомуродовларнинг "Сулаймон Боқирғоний" (Ҳаким ота) китобларидан манба сифатида фойдаландик. Айни маҳалда кўпни кўрган кекса авлод вакилларининг ҳаётий хотиралари тасаввуримизни анчайин бойитди.

Академик М.Е.Массон (1897-1986) 1939 йили Катта Фарғона канали қазилиши жараёнида илмий-тадқиқот билан шуғуллангани учун халқимиз орасида юрган Эр Ҳубби мозорига тааллуқли ривоятларни эшитган. Мана улардан бири: "Қуютом харобаси... Афсонага кўра, бу ерда қачонлардир паҳлаволарнинг паҳлавони яшаб ўтган. У ўзининг улкан гавдаси туфайли ўз ўрнида ўтирган ҳолатда бошқа ариқдан ҳам сув олишга қодир бўлган. Ҳатто баҳор чоғида Сўх дарёси тўлиб-тошган пайтида ҳам осонлик билан кечиб ўта олган... Унга яқин жойда Эр Ҳубби мозори жойлашган. Унга қадимги Сўҳ ҳомийси бўлган сув илоҳининг вазифаси кўчирилган. Айтишларича, Эр Ҳубби дарё­дан ўтиш вақтида чўккан инсонларга ёрдам берган. Шайхлар уни Марказий Осиёда машҳур бўлган авлиё Ҳаким отанинг ўғли эканлигини айтадилар".

Энди авлиё Ҳаким отанинг кимлигини ойдинлаштириб олайлик. Алишер Навоийнинг "Насойим ул - муҳаббат"ида ёзилишича: "Ҳаким ота - оти Сулаймондир ва хожа Аҳмад Яссавийнинг муридидур. Ҳамоноки, бир кун, Хожа тобхе (овқат пишириш) буюрғондирларки, матбахий (ошпаз) ўтун етмайдур деб келгандир. Алар асҳобга дегандурларки, ёзидин ўтун териб келтуринг ва ул замон ёғин ёғадур экандур. Асҳобким, ўтун терибтурлар, матбах (ошхона)ға келгунча ёғин жиҳатидин ўтунлар ҳўл бўлғондур. Ҳаким ота терган ўтунларини тўниға чирмаб, қуруқ келтурғондур. Ҳожа ҳазратлари дегандурларки, эй фарзанд, ҳакимона иш қилдинг ва алар­ға бу лақаб андин қолғондур ва Ҳаким отага ҳикмат тили гўё бўлубтур".

Сулаймон Боқирғоний - Ҳаким ота Анбар она билан уч ўғилли бўлишган. Кенжасининг исми Ҳубби Хожа эди. Рус олими М.Е. Массон шу Йигит пиримни тушунмоқда. Аммо, Эр Ҳубби билан боғлиқ афсоналар араблардан олдин, Турон заминига Ислом дини ёйилмасидан анча аввал ҳам бўлганлигини биз назарда тутсак, мазкур афсонада ҳақиқат асослари тўла эмасдай туюлади. Шунга қарамай, икки Ҳуббида бир-бирига уйғунлик борлигини ҳам унутмаслигимиз керакка ўхшайди.

Атоқли археолог олимимиз, академик Яҳё Ғуломов Хоразм воҳасининг суғорилиши тарихига бағишланган илмий-тадқиқотида қизиқарли ривоят асосида сув культи - Ҳубби ҳақида ҳикоя қилиб ўтган. Эмишки, "Фаридун ва ҳатто Жамшид подшоҳлик қилмасидан кўп вақтлар илгари Амударёда бир йигит яшаган ва бу йигит дарёнинг ҳокими бўлган, исми Ҳубби аталган. У балиқ билан овқатланган. Бир қўлида балиқни ушлаб, қуёшга узатар экан, балиқ шу ондаёқ қовурилар экан. У етти юз йил давомида Амударёда яшаган ва бу вақт ичида ҳеч қандай ёвуз жин дарёга яқинлаша олмаган...".

Балки Ҳаким ота фарзандига шу исмни танлашига унинг дарё суви мўл-кўллигини таъминловчи ва ёвуз кучлар хуружидан ҳимоя қилувчи эзгулик ҳомийси сифатидаги тимсоли сабаб бўлгандир. Тадқиқотчи Ў. Усмоновнинг таъкиди бу мулоҳазамизни тасдиқламайди. Унинг "Ҳубби Хожа ҳақида" сарлавҳали мақоласида мазкур атамага қу­йидагича изоҳ берилади: "Ҳуб" - араб тилидан олинган бўлиб, севиш, муҳаббат ва ишқ каби маъноларда қўлланилади. Ҳубби Хожа деганда ҳам севикли ва Ҳақ ошиғи бўлган кишининг номи анг­лашилади". Биз ҳам шу фикрга қўшиламиз. Демак, Ҳаким ота исм танлашда арабий маъносига таянгани ҳақиқатга анча яқин. Авлиёлик мақомига Яратганга буюк муҳаббатсиз етиш амри маҳол. Ҳаким отанинг ўғли исми-жисмига мос Йигит пирим руҳи сиймосида инсонларнинг мададкори сифатида дилдан-дилга, тилдан - тилга ўтиб келаётган бўлса ажаб эмас.

Яна Навоий бобомиздан сабоқланиб айта оламизки, Эр Ҳубби "йигитларнинг сарвари", пиру комили. "Ўзбекистон зиёратгоҳлари ва қадамжолари" китоби муаллифлари хулоса ясашганидек: "Йигит пирим - Эр Ҳубби номи билан боғлиқ муқаддас мозорлар Фарғона водийси аҳолисининг ҳаёти ва диний қарашларида муҳим аҳамият касб этиб келган... Одатда уларнинг кўпи ҳудудларнинг иқтисодий ривожланган марказларида жойлашган, суғориш иншоотлари, сув ҳавзалари ҳамда савдо йўлларини кесиб ўтувчи чорраҳалар, тоғ довонлари билан боғлиқ бўлган".

Бу фикрлар бизнинг Бекобод ҳудудидаги Йигит пирим мозорига ҳам тўла тааллуқлидир, албатта. Айтилганидай қутлуғ қадамжо Косонсойнинг шундоққина чап ёқасидаги баландликда жойлашган. Мана шу Қўрғон маҳалласидан ғарб томонга қаралса, пастда Косонсой ойнадай кўриниб туради. Сел тошқини пайтлари сувнинг овози бутун маҳаллани тутади. Азалий удумларнинг умри боқийлиги шундаки, ёмғир-жалали баҳор пайтлари сойнинг суви бир неча баробар кўпаяди. Ўзанига тўлиб, ҳатто тошиб кетадиган ҳолатда оқади. Бундай чоғда халқда ўз-ўзидан ваҳима туғилади. Лекин фақат қараб ўтиришмайди. Сойнинг икки ёқаси бўйлаб жойлашган Қуйимозор, Янгиобод, Ёртепа кўча, Еттикон, Исвахон, Тошкент, Ҳамид Олимжон, Бекобод, Тошҳовуз, Катта Қурама, Шовон каби қатор-қатор маҳаллаларнинг аҳолиси сел балосидан сақланиш учун Йигит пиримга бағишланган маросимларни ўтказиб туришдан кўнгиллари таскин топади. Йигит пиримдан мадад тилашади.

Чунончи, 1990 йилдаги сел-тошқин чоғидаги ҳолат ҳамон халқнинг хотирасида. Тўрақўрғоннинг юқори қисмида ва Косонсой тумани ҳудудида кучли жала рўй бергани боис сой тўлиб-тошиб, аҳолини даҳшатга солган. Далалар, боғ-роғлар ва уй-жойларгача зарар етказа бошлаган. Ҳа деганда сувнинг шашти сусаявермагач, туман, қишлоқ ва жамоа хўжаликлари раҳбарлари кексалар билан маслаҳатлашишиб, сўнги чорани адо этишган. Диний илмдор муллаларни Йигит пиримга чорлашган. Улар бу ерга келишиб, Аллоҳга илтижолар қилишган, Йигит пирим руҳларидан нажот сўрашган. Маълум вақт ўтиб, дуо­гўйларининг тилаклари ижобати кўрина бошлаган. Сойнинг икки қирғоғини ялаб, ўпириб, шовқин-сурони яқин атрофни тутиб пишқираётган сув аста-секин "ювош тортган". Бало-офат тезда даф бўлганидан қувонган халқ Йигит пиримнинг борликларига қайта-қайта шукроналар айтишган.

Бизнингча, бу ягона ҳодиса эмас эди. Неча-неча асрлардан буён гоҳ-гоҳ такрорланиб турганига ишончимиз комил. Ахир Тўрақўрғон тумани кўҳна маво. Унинг бағрида не-не улуғлар туғилди, камолга етди, яна мангу уйқуга кетди. Йигит пирим мозорига келсак, гарчи аниқ маълумотлар қўлимизда бўлмаса-да, энг камида 5-6 асрлик тарихга эгалигини тахмин қилишимиз мумкин. Боиси, кўҳна қабрнинг шундоққина шарқ томонида неча-неча асрларга шоҳид йўғонлик диаметри 4 метрли кекса тут ҳамон тирик, ҳамон баҳорни сийрагу кўм-кўк япроқлари билан "олқишлаяпти", кузакда қуёшранг баргларини қабр атрофларига сочқилаб, қишки "сукут"га кетяпти. Йигит пиримнинг салобатли қўриқчиси тимсолида кўз ўнгимизда мудом намоён.

Биз ҳозирча мазкур мозорда ким ётганини тасдиқловчи манбаларга эга эмаслигимизга қарамай, юқорида баён қилганларимизга боғлиқ ва нобоғлиқ баъзи мулоҳазаларимизни баҳоли қудрат билдиришга бурчлимиз. Аввало, Ҳаким ота Сулаймон Боқирғоний асли ватани Хоразм тупроғида. Туркистоннинг шайхул машойиҳи Аҳмад Яссавийнинг энг суюкли мурид - шогирди, тўртинчи халифаси. Шундан келиб чиқиб фикр юритсак. Пиру муршиди мақбараси ҳозирги Сайрамдалигини биламиз ва беихтиёр ўйга толамиз: Биздаги "Йигит пирим" мозори ҳам Сайрам қишлоғи ҳудудидаги маҳаллада. Бу - сайрамдошлик тасодифий ҳол бўлмаса керак. Гарчи исмлари номаълуму, бироқ зотлари улуғ авлиёларга туташ азиз инсон эканликлари шак-шубҳасиз. Ёки рамзий, эътиқодий қабру тикламадир. Бундай дейишимизга сабаб, Тошлоқ туманидагиси ҳам шундай мозор ҳисобланади. Қўрғонча маҳалласида умр гузаронлик қилган Мулла Исҳоқжон Охунжон бобо ўғиллари ёдномаларида битилишича у кишининг бобокалони уч-тўрт юз йиллар муқаддам Бухородан тижорат ва зиёрат учун Марғилонга келади. Шаҳарни, унинг меҳмондўст одамларини ёқтириб қолади. Шаҳар четидаги - ҳозирги Тошлоқ туманига қарашли Қўрғонча маҳалласидан ер олади. Масжид қуришни ниятлайди. Иш бошланган кунларнинг бирида тушига Йигит пирим кириб: "Биз шу ерда ҳозирмиз" дейди. У бу ишорадан ғоят таъсирланади. Эртасидан текисланган жойда мақбара кўтартиришга киришади. Масжид, ҳонақо ва айвондан иборат ибодат ва зиёрат гўшасини барпо эттиради.

Ўхшашликни қарангки, Тошлоқдаги Йигит пирим Қўрғонча қишлоғида, Тўрақўрғондагиси Қўрғон маҳалласида экан. Бу жиҳати ҳам ўрганишга арзирли ҳолатдай туюлади.

Халқимизнинг "Аллоҳ ёр, пирлар мададкор бўлсин" деган тилак - дуоси замирида чуқур маъно мужассам. Одамларнинг зиёратгоҳларга келишлари, мушкулларини аритишни илтижолаб сўрашлари валий зотларнинг руҳлари Яратганга яқинлигидан, мададкорлигига ишончу умиддан зоҳирланади. Зеро, авлиёларнинг руҳлари ўзларидан неча-неча йилу аср кейин яшаётганларни қўллашга қодир. Нажоткорлик ва халоскорлик уларга хос ҳолат ҳисобланади. Инсонлар шу сабабдан мозорларга сиғинишдан ўзларини енгил сезадилар. Кўнгилларини нур чулғайди. Умидсизлик гирдобидан чиқишиб, қалбларига эртанги кун соғинчи билан қувончу шодликка илҳақ яшаш ҳиссиёти инади.

Ҳозирда Бекободдаги Йигит пирим қадамжосига яна файз қайтяпти. Тадбиркор ва олийҳиммат инсонлар - Мақсуджон Назаров, Исмоилжон Ҳакимовларнинг эътибори билан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Раҳимжон Арслонов, Абдулазиз Арслоновлар ҳам беминнат хизматлари билан ҳисса қўшишяпти. Яқин орада зиёратга келувчилар учун барча қулайликлар яратиб қўйилади. Натижада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тарихий обидалар, зиё­ратгоҳлар ва қадамжоларда аҳолига ҳамда сайёҳларга хизмат кўрсатишни янада яхшилаш чоралари талабларини бажаришда яна бир хайрли қадам ташланади.

Мусаввир Алижон Турдиалиев тасаввуридаги Йигит пирим сиймоси.

 

- Кекса авлоднинг фақат панду насиҳатигина эмас, савобли амаллари ҳам ёшлар учун тарбия мактабидир, - дейди Усмон қори Раҳимов. - Истиқлол бизга шу каби зиёратгоҳларга эътиборли бўлиш имкониятини берди. Уларнинг тарихини ўрганиш, боболаримиз ким эканлигини навқирон авлодга англатиш, бизларнинг ҳамишалик бурчимиздир. Шўролар даврида харобага айланган Йигит пирим каби қутлуғ гўшалар энди ўзининг файзу таровати билан узоқ-яқиндан ташриф буюрадиган кишиларнинг кўнглини яйратиши керак.

Дарҳақиқат, маданий мерос объект­ларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни такомиллаштириш давлат миқёсидаги доимий долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Чунончи, Тўрақўрғон тумани ҳудудида шундай жойлар 15 тадир. Кейинги йилларда Шаҳанддаги Хўжа Аҳмад Валий, Ахсидаги Абдулмоний Калоний, Бураматутдаги Мозоркўҳна зиёратгоҳларини қадриятларимизга мос обод ва кўркам қиёфага киритиш мақсадида фаол бунёдкорлик ишлари бажарилди. Олийҳиммат кишиларнинг ҳомийликлари, кўнгиллари эзгу ниятга тўла одамларнинг беминнат ҳашарлари бу борадаги ишлар натижадорлигини таъминлаяпти. Ҳар уч зиёратгоҳ қадимий Ахсикентнинг яқин теварагида жойлашгани учун келгусида туризм йўналишлари тармоғи сифатида катта аҳамият касб этади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифлари чоғида берган кўрсатмаларига қатъий ва изчил амал қилаётган халқимизнинг барча саъй - ҳаракатлари Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омили бўлиб қолаверади.

Абдураҳмон РАҲИМОВ,

меҳнат фаҳрийси, "Олтин мерос" жамғармаси

Тўрақўрғон туман бўлимининг жамоатчилик асосида иш юритувчиси.

 

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Турон" фанлар

академияси академиги.