(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)

 

ЙИЛЛАР, ИСЛОҲОТЛАР ВА НАТИЖАЛАР

* 2015 йил, июль. Қон тириклик неъмати. Шунинг учун вилоят қон қуйиш марказида "Маҳорат дарслари" қон ва унинг компо­нент­ларини тайёрлашнинг асосий хусусиятларига бағишланди. Маш­ғулотларни Республика гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти бўлим мудирлари олиб боришди. Қўшни Андижон вилоятининг соҳага алоқадор мутахассислари ҳам келишиб, касбий маҳоратларини бойитиб кетишди.

* 2015 йил, июль. Вилоят "Она ва бола скрининги" марказида ўтказилган навбатдаги "Маҳорат дарслари" мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган "Соғлом она - соғлом бола" дастури доирасидаги эзгу саъй - ҳаракатлар самарадорлигини оширишга бағишланди. Республика "Она ва бола скрининги " маркази директори Мадина Шарипова мутахассилари билан биргаликда машғулотлар, семинар-ўқувлар ташкиллади.

* 2015 йил, сентябрь. Вилоят кардиология марказида жароҳатсиз жарроҳлик амалиётлари ғоят муваффақиятли ўтказилди. Таниқли тиббиётчи - профессор Миржамол Зуфаров наманганлик соҳадошларига устозлик қилди.

* 2015 йил, октябрь. РШТЁИМ Наманган филиали нейрохирургия бўлими врачи Сайдулло Шарифбоев Италияга бориб, Бутунжаҳон нейрохирурглар жамияти XV кон­грессида қатнашиб қайтди.

* 2015 йил, октябрь. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Саидмурод Сайдалиев Поп туманида сайёр қабул ўтказди. 30 нафарга яқин беморларнинг узоғи яқин бўлди, мурожаатлари эшитилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.

* 2015 йил, ноябрь. РШТЁИМ Наманган филиали болалар хирургияси бўлими шифокори Бахтиёр Жабборов Ўзбекистон шошилинч тиббий ёрдам врачлари ассоциациясининг III съездида қатнашди. Ёш олимлар танлови республика ғолиблари сафидан ўрин олди.

* 2015 йил, декабрь. Чуст силга қарши кураш диспансерининг янги биноси тақдимоти ўтказилди. Бошқарма бошлиғи барча шароит ва қулайликларга эга масканнинг жамоасини қутлади.

* 2015 йил декабрь. Янгиқўр­ғон тумани тиббиёт бирлашмасининг туғруқ мажмуаси янги бинога кўчирилди. Чунки, инвестиция дастурига кўра ҳамма қулайликлар яратилган, энг замонавий жиҳозлар ўрнатилган. Қувончлиси, республикада ўтказилган "Оналар ва болаларни муҳофаза қилиш бўйича энг яхши даволаш-профилактика муассасаси" кўрик-таловининг Дипломи билан тақдирланди.

* 2016 йил, январь. Вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси Маънавият ва маърифат Кенгаши 2015 йилда фаол иш олиб борган маънавият тарғиботчиларини аниқлади. Тўрақўрғон, Мингбулоқ ва Косонсой туман тиббиёт бирлашмалари соҳа мутасаддилари фахрли ўринларга лойиқ топилди. Яъни Абдусаттор Тўйчибоев, Маъсудахон Маҳкамова ва Мансуржон Холматовларга "Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси" Дипломлари ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.

* 2016 йил, февраль. "Соғлом она ва бола йили"нинг вазифаларидан келиб чиқиб, вилоят диагностика марказида семинар ташкилланди.

* 2016 йил, март. Ойнинг дастлабки ҳафтасида "Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмасин!" шиори остида акция ўтказилди. Тошкентдан ташриф буюрган мутахассислар вилоят мутахассислари билан биргаликда тиббий кўрикларни амалга оширишди.

* 2016 йил, март. Республикамизда 1 мартдан 1 апрелга қадар патронаж ойлиги эълон қилинди. Вилоятимиздаги барча бирламчи тиббий-профилактика муассасалари врач ҳамда ҳамширалари аҳоли хонадонларида бўлишиб, уларни саломатлигини кузатишди. Аниқланган беморлар даволанишга тавсия этилдилар. Айниқса, бирор она ёки бола эътиборсиз қолмаслиги учун курашилди.

* 2016 йил, март. Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида мамлакатимизда тез тиббий ёрдам тизимида ўтказилган анъанавий кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Наманган вилоятидаги Норин тумани тиббиёт бирлашмаси "Тез тиббий ёрдам станцияси" номинация­си бўйича ғолиб чиққани учун бош соврин - "Дамас" автомашинаси билан мукофотланди.

* 2016 йил, март. Вилоятдаги 60 минг нафар ҳомиладорларга уй варақаси тарқатилди. Германия ҳукумати ҳамкорлиги доирасидаги KFV банки бу лойиҳани молия­лаштирди. Лойиҳа ижрочиси Питер Кампбел вилоят аҳоли репродуктив саломатлик маркази жамоаси билан биргаликда ишга киришди.

* 2016 йил, май. Вилоят стоматология поликлиникасида Жанубий Корея давлати "Дентиум" компа­ния­сининг Ўзбекистондаги диллери Рустам Маҳкамов АҚШ, Франция, Германия ва Хитойга бориб, ўрганиб келганларини наманганлик стоматологларга ўргатди.

* 2016 йил, июнь. РШТЁИМ Наманган филиали гинекология бўлими ҳамшираси Муаззам Йўлдошева Нукусда ўтказилган "Ҳамшира - 2016" танловида учинчи ўринни эгаллади. Бу билан у тиббиёт инс­титутининг олий ҳамширалик факультетига кириб ўқиш имкониятини қўлга киритди.

* 2016 йил, август. "Шифокор ва ҳаёт" газетаси фотомухбири Рустамали Мамадалиев мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган "Энг улуғ, энг азиз" кўрик танловида "Тасвирий санъат, фото асарлар ва дизайн ишлари" номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.

* 2016 йил, октябрь. Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган "Саломатлик -3" лойиҳаси доирасидаги саъй-ҳаракатлар ижобий самара берди. Ушбу мақсадда вилоятдаги 11 та туман тиббиёт бирлашмалари кўп тармоқли марказий поликлиникаларини жиҳозлаш ҳамда кадрларни қайта тайёрлаш учун 11 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ йўналтирилди.

* 2016 йил, октябрь. Вилоятимиз йўлларида Японияда ишлаб чиқарилган "НИССАН" русумли реанимобиллар пайдо бўлди. Дастлаб Янгиқўрғон, Учқўрғон, Поп, Чуст, Косонсой, Норин, Чортоқ ва Тўрақўрғон ТТБ ларига шундай тиббий автомашина тақсимланди.

* 2016 йил, декабрь. Намангандаги "Висол" тантаналар мажмуида "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури ижроси доирасида Фарғона водийси вилоятлари болалар жарроҳларининг минтақавий анжумани уюштирилди. Унда Республика Болалар жарроҳлари ассоциацияси раиси ўринбосари, профессор Абдурашид Ҳамроев қатнашди.

* 2017 йил, январь. Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси янги бинода иш бошлади.

* 2017 йил февраль. Наманган шаҳрида "АНАМЕД" диагностика марказининг тақдимоти ўтказилди.

* 2017 йил, февраль. 14 - 17 февраль кунлари Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази етакчи мутахассислари "Маҳорат дарслари" ташкиллашди. Оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари, маҳаллалар, мактаб ва коллежларда ҳамда хонадонлардаги мулоқотлар барчада зўр қизиқиш уйғотди.

* 2017 йил, март. "Ҳар бир ўқувчи ва талаба эътиборда" саломатлик акцияси ўтказилди. Ўқув муассасаларига шифокорлар боришиб, тиббий кўриклар ташкиллашди.

* 2017 йил, апрель. Вилоятнинг тиббиёт соҳаси, фармацевтик ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорлари вакилларидан иборат делегация МЛ ГРОУП компанияси раҳбари Жавшантал Шах таклифига кўра Ҳиндистонда бўлиб қайтди.

* 2017 йил, май. Норинкапада ҚВПдан фарқли бўлган - бир неча турдаги ихтисосликлар бўйича врач иш олиб борадиган вилоятда биринчи қишлоқ оилавий поликлиникаси ўз фаолиятини бошлади. Сўнгра Уйчи ва бошқа туманларда ҳам шундай поликлиникалар очилди.

* 2017 йил, май. Наманган давлат университети талабалари тиббий кўрикдан ўтказилди. 13 нафар врач ва ҳамширалар бир ҳафта шу ернинг ўзида фаолият юритишди.

* 2017 йил, май. Вилоятимиздаги тез тиббий ёрдам станцияларига "Дамас"-амбуланс санитар автомашиналаридан яна 15 таси тарқатилди.

* 2017 йил, июнь. Вилоятимизда ўтказилган 57-анъанавий гул байрамида соғлиқни сақлаш тизими ходимлари жуда фаол қатнашишди. Гулкорлик кўрик-танловининг олий ўрини уларга насиб этди. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров "Матиз" автомашинаси калитини вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминовга топширди.

* 2017 йил, июнь. "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" да тиббиёт муассасалари раҳбарларининг аҳоли вакиллари олдида ҳисобот бериши жорий қилинди. Дастлабки семинар тарзидаги анжуман Наманган шаҳридаги 5-оилавий поликлиникада ташкил этилди.

* 2017 йил, август. Наманган шаҳридаги 10-оилавий поликлиникада тақдимот маросими ўтказилди. Бу ерда вилоятда биринчи бўлиб замонавий ахборот - коммуникация технологиялари амалиётга жорий қилинди.

* 2017 йил, сентябрь. Ойнинг биринчи ҳафтасида Ҳиндистоннинг таниқли шифокорларидан бир гуруҳи вилоятимизга келди. Жаҳонга машҳур Аполло клиникаси малакали мутахассислари томонидан вилоят марказида ва Янгиқўрғон туманида беморлар қабул қилинди.

* 2017 йил, сентябрь. Вилоят ҳокимлигининг кичик мажлислар залида вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров олий тиббиёт таълим муассасаларини битириб келганлар билан учрашди. 55 нафар ёш талаба-мутахассислар билан меҳнат шарт­номалари имзоланди.

* 2017 йил, сентябрь. Мамлакатимизнинг етакчи тиббиёт марказларида фаолият олиб бораётган мутахассислардан бир гуруҳи Наманганга ишга юборилди. Уларни вилоят ҳокими қабул қилди. РШТЁИМ Наманган филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят эндокринология ва онкология диспансерлари ҳамда кардиология маркази каби қатор тиббиёт муассаларига янги раҳбарлар тайинланди.

* 2017 йил, сентябрь. Жаҳонда ном қозонган тиббиётчи И.М.Сеченов номидаги 1-Москва тиббиёт университети Фтизиатрия ва пульмонология илмий-текшириш инс­титути директори, профессор Димитрий Борисевич Гиллер бошчилигидаги мутахассислар гуруҳи Наманганга ташриф буюрди. Вилоят Сил касалликлари диспансерида беморларни кўрди, даво муолажалари белгилади, тажрибаларини ўрганди.

* 2017 йил, октябрь. Вилоятда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида автоматлаштирилган ахборот тизими (ААТ) фаолияти йўлга қўйилди. Бу борада бош мутахассис Аҳмаджон Ҳамиджонов қунт билан иш олиб бормоқда.

* 2017 йил, ноябрь. 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятимизнинг тиббиётчилари делегациялари Ҳиндистонга, Россия Федерациясининг Свердловск ва Челябинск вилоятларига сафар қилди.

* 2017 йил, ноябрь. Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган 10 та ХУНДАЙ реаномобиллари ТТБларга тарқатилди.

* 2017 йил, ноябрь. "Фарғона водийсида гастроэнтерология ҳафталиги - 2017" номли биринчи минтақавий илмий-амалий анжуман ўтказилди. "Жигар ва ошқозон ости бези хавфли ҳамда хавфсиз ўсмаларини аниқлаш ва жарроҳлик йўли билан даволаш" масаласига бағишланди.

* 2017 йил, декабрь. "ДОКТОР ФАМИЛИЙ" хусусий клиникаси фойдаланишга топширилди. Тўрт қаватли бинода беморлар даволаниши учун барча шароитлар яратиб қўйилди.

* 2017 йил, декабрь. Наманган шаҳридаги 4-оилавий поликлиника мукаммал таъмирлангач, аҳолига эшикларини очди.

* 2018 йил, январь. Шифокорларнинг янги авлоди сафга қўшилди. Андижон давлат тиббиёт институтининг 7-босқичини якунлаган 75 нафар йигит-қиз тантанали кутиб олинди. Вилоят театрида уларга "Оқ йўл" тиланди.

* 2018 йил, январь. "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири, "Жасорат" медали соҳиби Абдуллажон Ғозиев Хитойнинг Пекин ва Шеньжен шаҳарларида бўлиб, ҳамкасблари билан тажриба алмашиб қайт­ди.

* 2018 йил, январь. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги болалар ортопедия институти профессори Сергей Виссарионов соҳасига оид долзарб мавзуда "Маҳорат дарси" ўтди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида жарроҳлик амалиётини ҳам ўтказди.

* 2018 йил, февраль. Вилоятда биринчи бор эгилган умртқа поғонаси тўғриланди. Бунинг учун қарийб тўрт соатлик ортопедик жарроҳлик амалиёти зарур бўлди. Уни ВКТТМ бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Зафар Холов амалга оширди.

* 2018 йил, февраль. Уйчида перинатал скрининг хонаси очилди. Бундай хоналарни барча туман ва шаҳар марказий полклиникаларида ҳам ташкиллаш ҳаракати бошлаб юборилган.

* 2018 йил, февраль. Ҳиндистондаги етакчи клиника ФОРТЕС вакиллари Наманганда кардиожарроҳлик ортопедия - нейрожарроҳлик ва нефрология - урология йўналишлари бўйича уч кун тиббий кўрик билан машғул бўлишди.

* 2018 йил, март. Шошилинч тиббий хизмат фаолиятини такомиллаштириш сари яна бир муҳим қадам қўйилди. Вилоятдаги барча тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларига навигаторлар ўрнатиш лойиҳаси амалга оширилди.

* 2018 йил, март. Вилоятда онкоҳушёрлик масаласига эътибор кучайтирилди. РИО ва РИАТМ потоморфология бўлими мудири Дониёр Нишонов, кимётерапия бўлими раҳбари Ж. Иброҳимовлар Наманган ТТБда фаолият олиб боришди. Норин ТТБда онкомаммология бўлими мудири, профессор Лола Алихўжаева, етакчи мутахассис, фан номзоди Нозима Умаровалар ўз маҳоратларини ҳамкасбларига ўргатишди.

* 2018 йил, март. Республика ихтисослаштирилган дерматовенералогия ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази давлат унитар корхонаси шифокорлари, тиббиёт фанлари доктори Шаҳноза Мавлонова, лаборатория диагностикаси илмий бўлими раҳбари Холида Холидова, "Соғлом оила" кабинети дерматолог врачи Гулнора Иброҳимовалар уч кун вилоят тери-таносил касалликлари шифокорлари билан ҳамкорлик қилишди.

* 2018 йил, апрель. Айни пайт­гача "Наманган дори-дармон" АЖ нинг ҚОП ва ҚВПларда 45 та ижтимоий дорихоналари мавжуд эди. Президентимизнинг 2018 йил 14 февралдаги "Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3532-сонли Қарори ижроси доирасида 106 та янги ижтимоий дорихоналар очилди.

* 2018 йил, май. 18 май куни Россиянинг Челябинск вилояти губернатори Борис Дубровский бошчилигидаги делегация Наманганга келди. Улар сафида Челябинск вилояти соғлиқни сақлаш вазири Сергей Приколотин ҳам бор эди. Бошқарма бошлиғи Солижон Мўминов ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга мўлжалланган меморандумни имзолади.

* 2018 йил, июль. Вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, сенатор Солижон Мўминов раҳбарлигидаги бир қатор тиббиёт муассасалари бошлиқларидан иборат гуруҳ янги ташаббус бошлади. Улар Наманган шаҳрининг маҳаллаларида бўлишиб, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилалар яшайдиган хонадонларга киришди. Тиббий-ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди. Худди шундай ишчи гуруҳлар барча туманларда ҳам фаолият бошлади.

* 2018 йил, август. Янгиқўрғон тумани марказий шифохонасида вилоятда биринчи бор қатор юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Вилоят кардиология маркази, ВКТТМ, РШТЁИМ Наманган филиалининг юқори малакали хирургларининг беминнат кўмаги ва ҳамкорлиги қувончли самаралар берди.

* 2018 йил, август. Наманган шаҳрининг Уйчи кўчаси ёқасида 250 қатновга мўлжалланган уч қаватли 14-оилавий поликлиникасининг фойдаланишга топширилиши қутлуғ айём - юрт мустақиллигининг 27 йиллиги байрами арафасига тўғри келди.

* 2018 йил, август. Наманган шаҳар 1-сонли шифохонанинг бош врачи Тоҳиржон Бойдедаев Президентимиз Фармонига кўра II даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан тақдирланди. Солижон Мўминов илғор мутахассис-раҳбарни юксак мукофот билан қутлаб, унга гулдаста тақдим этди.

* 2018 йил, август. Вилоят тиббиётчилари Мингбулоқ туманига ташриф буюришди. 12 та гуруҳга уюшган ҳолда аҳоли хонадонларида тиббий-ижтимоий фаолият олиб боришди.

* 2018 йил, август. Поп туман марказий шифохона ҳудудидаги 80 ўринли туғруқхона ва 60 ўринли болалар бўлимлари Инвестиция дастурига мувофиқ гўзал қиёфага, қулай шароитларга эга бўлди.

* 2018 йил, август. Чортоқ туманидаги Короскон қишлоғи аҳолиси мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами арафасида қўшалоқ қувончга мушаррафланди. Яъни, икки қаватли 51-қишлоқ оилавий поликлиникасида беморларни қабул қилиш бошлаб юборилди.

* 2018 йил, сентябрь. Вилоятимизда "Соғлом аёл ойлиги" уюштирилди. Кўрик ва тарғиботлар шаҳар ва барча туманларда юқори савияда ташкилланди.

* 2018 йил, октябрь. Мингбулоқ туманидаги Қолгандарё қишлоғида 9-қишлоқ оилавий поликлиникаси учун янгиланган бино фойдаланишга топширилди. Таъмирлашдан сўнг 24 та хона турли йўналишлар бўйича хизмат кўрсатишга тайёрланди. Бошқарма бошлиғи, сенатор Солижон Мўминов жамоа зиммасига тиббий хизматни янада такомиллаштириб, "Электрон поликлиника" тизимини жорий этиш вазифаларини юклади.

* 2018 йил, октябрь. Косонсой туманидаги Қўқимбой қишлоғида реконструкциядан чиқарилган муҳташам бинога 6-қишлоқ оилавий поликлиника жамоаси кўчиб ўтди.

* 2018 йил, октябрь. Наманганда ўтказилган водий болалар хирургларининг анжуманида маҳорат сабоқлари ҳамда тажрибалар тарғиботига алоҳида эътибор қаратилди. Фарғона, Қўқон, Марғилон ва Андижондан келган болалар хирург­лари анестезиолог-реаниматологлари ғоят бой таассуротлар олишди.

* 2018 йил, октябрь. Тиббиёт ходимлари куни арафасида Косонсой туманида бир йўла 2 та, яъни 4- ва 5-қишлоқ оилавий поликлиникаларининг эшиклари беморларга очиб қўйилди.

* Наманган туманининг Шўрқўр­ғон қишлоғидаги оилавий поликлиниканинг тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур муассаса 100 қатновга мўлжалланган.

* 2018 йил, ноябрь. Чортоқ туманидаги Балиқликўл қишлоғида 55-оилавий поликлиниканинг тақдимоти бўлиб ўтди.

(Давоми бор).